Ўзбекистон | 16:30 / 11.09.2024
3195
2 дақиқада ўқилади

“Ҳақиқатга тўғри келмайди” — Ўзбекистонда қорамолларда юқумли касаллик тарқалгани рад этилди

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги сўнгги олти ойда ҳудудларда чорва молларида бирор бир юқумли касаллик аниқланмаганини маълум қилди.

Фото: Kun.uz

Тармоқларда қорамолларда юқумли касаллик тарқалгани, гўшт сотиб олмасликка чорловчи аудиохабарлар юзасидан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги расмий муносабат билдирди.

Таъкидланишича, ҳолат вазирлик ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳамкорлигида ўрганилган. Унга кўра, сўнгги олти ой давомида ҳудудлардаги чорва молларида бирор бир касаллик аниқланмаган.

“Қорамоллар соғлом парвариш қилинаётгани аниқланди”, — дейилади вазирлик хабарида.

Қайд этиш жоиз, Kun.uz’га келган аудиохабарда ҳам қорамолларда чечак касали тарқалгани, иложи борича кўчадан гўштли таомлар емаслик тавсия қилинганди.

Вазирликка кўра, асоссиз аудиохабарни тарқатган шахс ҳам топилган. У Фарғона вилоятида яшовчи аёл бўлиб, унга ёлғон хабар бериш, ваҳима уйғотувчи асосланмаган маълумот тарқатиш учун қонунчиликда жазо борлиги тушунтирилган ҳамда мутасадди идоралар томонидан огоҳлантирилган.

Билдирилишича, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги йўналишлар жиддий назоратга олинган. Шунингдек, чорвачиликда янги ва замонавий ёндашувлар, қорамолларни сифатли етиштириш, уларни эҳтимолий касалликлардан сақлаш бўйича доимий кузатув ўрнатилгани таъкидланади хабарда.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид