Ўзбекистон | 23:58 / 11.09.2024
14861
3 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги ресторанлардан бирида оммавий заҳарланиш юз берди

Тошкентдаги “Muhteshem Doner” ресторанида оммавий заҳарланиш юз бергани айтилмоқда. 23 нафар жабрланувчилар шифохонага ётқизилган.

Фото: Pixabay

Kun.uz’га мурожаат қилган жабрланувчилардан бири бу ҳодиса 5 сентябр куни содир бўлганини айтди. Улар овқатдан заҳарланиш белгилари билан 6 сентябр куни Тошкентдаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази клиникасига ётқизилган. 

“Ишхонамиз шу атрофда бўлгани учун 5 сентябр куни тушлик қилгани “Muhteshem Doner” ресторанига 6 нафар ҳамкасбим билан бирга чиқдик. Ўша куни кечга бориб бирин-кетин ҳаммамизнинг аҳволимиз ёмонлаша бошлади. Ҳолсизланиш, кўнгил айниши билан бошланиб, қоринда кучли оғриқ пайдо бўлди. Кетма-кет қайт қила бошладим ва 41 даража иситма ҳолатида шифохонага келдим. 6 кишидан 5 нафаримиз ҳозир касалхонадамиз. Бир нафар ҳамроҳимиз биз истеъмол қилган соусдан емаган эди. Унда бу ҳолат кузатилмади”, деди Kun.uz мухбири билан суҳбатда бўлган беморлардан бири.

Вазият юзасидан Республика Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги  қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков шундай изоҳ берди: 

“Жорий йилнинг 5-6-7 сентябр кунлари овқатдан заҳарланиш белгилари билан жами 23 нафар шахслар, шулардан 22 нафари Эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази клиникасига ҳамда 1 нафари Тошкент шаҳар 4-сон юқумли касалликлар шифохонасига мурожаат қилган. 

Дастлабки маълумотларга кўра уларнинг барчаси 2024 йилнинг 5 сентябр куни МЧЖ “MUHTESHEM DONER” кафесида бир неча турдаги таомларни истеъмол қилганликлари маълум бўлди. Олиб борилган даволаш муолажалари натижасида беморларнинг аҳволи яхшиланган ва 11 сентябр 18:00 ҳолатига уларнинг 11 нафарига уйларига рухсат берилган. Қолган беморлар даволаш муолажаларини олишмоқда ва касаллик динамикасида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда ҳамда бир-икки кун ичида қолган беморларга ҳам уйларига рухсат бериш режалаштирилмоқда. Жабрланганлар орасида кафе ходимлари ҳам бор.

Бугунги кунга келиб “MUHTESHEM DONER” кафеси фаолияти вақтинча тўхтатилган, истеъмол қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари қолдиқларидан намуналар олиниб, лаборатория текширувлари давом эттирилмоқда

Бирламчи эпидемиологик суриштирув натижаларига кўра заҳарланишга кафеда тайёрланган соус (беморларнинг барчаси истеъмол қилган маҳсулот) сабаб бўлган бўлиши мумкин деган хулосага келинмоқда”, деди у.

Айни пайтда ресторан фаолияти тўхтатилган. Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддиновнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳолат юзасидан суриштирув ишлари бошланган.

Мавзуга оид