Бойсундаги ҳодиса биринчиси эмас: газ конларида юз берган йирик фалокатлар ҳақида
Бойсун туманидаги М25 газ конида техноген фалокат юз берди. Бу ҳодиса Ўзбекистон тарихида газ конлари билан юз берган биринчи ҳодиса эмас. Ўтган асрнинг ўрталарида юз берган техноген фалокатни бартараф этиш учун советлар атом бомбаси қўллаган.
2024 йил 1 сентябр куни Сурхондарё вилояти Бойсун туманида жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида технологик жараён бузилиши сабабли олтингугурт (водород сулфид) гази чиқиши кузатилди.
Оқибатда атрофга заҳарли газлар тарқалди. Шундан сўнг кон яқинида яшовчи аҳоли эвакуация қилинди. Масъуллар ҳамон техноген фалокат оқибатлари билан курашмоқда.
Бойсунда содир бўлган ҳодиса Ўзбекистон тарихида биринчиси эмас. Аввал ҳам бир неча марта турли газ конларида технологик фалокатлар содир бўлган. Ана шундай ҳодисалардан бири Бухоро вилоятидаги Ўртабулоқ газ конида, иккинчиси Қашқадарё вилоятидаги Помуқ газ конида содир бўлган.
Ҳар икки ҳолатда ҳам конлар бурғилаб очилгандан сўнг газ ёниб кетган ва узоқ вақтни оловни ўчиришнинг иложи бўлмаган. Шундан сўнг советлар ҳар икки конни ҳам атом бомбаси портлатиб жиловлаган.
Ўртабулоқ конидаги ҳодиса
1950-йиллар бошида совет геологлари Ўзбекистон ҳудудида кенг кўламда қазилма бойликлар жойлашган конларни қидиришни бошлаб юборишади.
1956 йилда Бухоро вилояти Ромитан тумани ҳудудидан жуда катта газ конлари топилади. У ерда аниқланган газ захираси 500 млрд куб метр эди. Шундан сўнг ўша атрофда Газли посёлкаси қурилади ва конни ўзлаштириш ишлари бошлаб юборилади.
Ҳудуддаги энг йирик газ конларидан бири бўлган Ўртабулоқ ҳам ўша пайтда, 1960-йиллар бошида топилган эди. Бу кон Бухородан 90 километр жануброқда, Туркманистон билан чегара яқинида жойлашганди.
1961 йилда Ўртабулоқда бурғилаш ишлари бошлаб юборилади. 1963 йилда чуқурлик 2 400 метрга етганда таркибида олтингугурт миқдори жуда юқори бўлган газ захирасига дуч келинади.
Ўшанда кондаги бурғилаш ускуналари етиб борган жойда босим 300 атмосфера атрофида бўлади (бошқа манбаларда босим 350 атмосферага етгани айтилади).
Бундай пайтларда юқори атмосфера босимига чидамли, махсус пўлатдан тайёрланган бурғилаш ускунаси ишлатилиши керак эди. Бироқ ишчилар хатоликка йўл қўяди, яъни махсус бурғилаш ускунасидан фойдаланмайди.
1961 йил 1 декабр куни оддий бурғилаш ускунаси юқори атмосфера босимига бардош беролмай, эриб кетади. Қудуқда ёнғин юз беради. Кучли олов тўлқини бурғилаш ускунасининг ер сатҳида турган қисми ва уни ушлаб турган металл конструкцияни узиб юборади.
Кондаги босим кучлилиги сабабли оловнинг баландлиги 120 метрга етади. Ҳодиса юз берган жойга энг аввал ўт ўчирувчилар, булдозерлар, экскаваторлар ва бошқа махсус техникалар келтирилади.
Бироқ 200-250 метр масофада ҳаво ҳарорати жуда баланд бўлади ва қудуқ яқинига на махсус техникалар, на ўт ўчириш машиналари яқинлаша олмайди.
Оловга сув ёки кўпик сепишнинг, шунингдек, махсус техникалар ёрдамида ер жинсини суриб боришнинг иложи йўқлиги аёнлашгач бошқача йўл тутишга қарор қилишади.
Аввалига артиллерия қуроллари ёрдамида газни музлатадиган моддалар солинган ўқ билан қудуқни мўлжалга олиб ўқ отишади. Кон яқинида бошқа қудуқ қазиб, ундан сув ҳайдаб кўришади. Бироқ олов барибир ўчмайди. Шундан сўнг ёниб турган кон ўз ҳолига ташлаб қўйилади.
Ўшанда ҳар куни сутка давомида 10-12 миллион куб метр (бу тахминан Тошкент шаҳрининг қиш фаслида истеъмол қиладиган 1,5-2 кунлик газ сарфига тенг), геолог-қидирув бошқармаси бошлиғи А.Пучковга кўра 18-20 миллион куб метр газ ёниб кетаверади.
Турли манбаларда таъкидланишича, Ўртабулоқ конида бир суткада ёниб кетаётган газ Ленинград шаҳри аҳолисининг бир сутка мобайнида сарфлайдиган газ миқдорига тенг эди.
120 метр баландликдаги кучли олов машъаласи жуда узоқдан кўриниб турарди. Ўша пайтда Жанубий-Шарқий Осиё мамлакатлари, Ҳиндистон ва Покистондан СССРга ҳамда бошқа Европа давлатларига учадиган самолётлар айнан Ўртабулоқдаги ҳодиса туфайли бошқа жой орқали уча бошлашади. Чунки исталган вақтда конда кучли портлаш содир бўлиши мумкин эди.
Қудуқ атрофида тозаланмаган газнинг ёнишидан ҳаво жуда ифлосланади. Тунда ҳашаротлар ҳамда қушлар ўзини оловдан чиқаётган ёруғликка уради ва иссиқда куйиб, оёқ остига қулаб тушаверади. Шу сабабли атроф куйинди ҳидига тўлиб кетади.
Кўп ўтмай кон атрофидаги иссиқликдан ҳимояланиш учун булдозерлар ёрдамида қум тепаликлари барпо этилади. Шу тариқа қудуқ минг кундан ошиқроқ вақт мобайнида тўхтовсиз ёнади ва 10-12 миллиард куб метрдан ошиқроқ газ исроф бўлади.
1966 йилда атом бомбасини портлатиб, шу йўл билан қудуқнинг тепа қисмини ер жинслари остида қолдириш ва оловни ўчириш режа қилинади.
1966 йил баҳорида қудуқдаги оловни атом бомба портлатиб ўчириш бўйича таклиф ҳукумат томонидан тасдиқланади. Бироқ бу иш жуда таҳликали эди. Чунки ядро бомбаси портлатиладиган жой яқинида яна бир қанча конлар бор эди.
Шунингдек атрофда Туркманобод, Когон, Қоракўл, Қоровулбозор каби шаҳарлар жойлашганди. Қолаверса Бухоро шаҳри ҳам Ўртабулоқдан узоқ эмас, бор-йўғи 90 км масофада эди.
Ўртабулоқда ядро бомбасини портлатиш ишларига умумий раҳбарлик нефт ва газ конлари бўйича тажрибали мутахассис Комил Мангушевга топширилади.
Кейинчалик Комил Мангушев ўз хотираларида авария содир бўлган жойга биринчи марта борганини шундай тасвирлаганди:
“Вертолёт ерга қўнганда тебраниш кучайди. Двигател шовқини ҳодиса жойидаги шовқин туфайли билинмай қолгани менда ғалати ҳисларни уйғотди. Қудуқда ёнаётган газнинг шовқини юзлаб реактив двигателларнинг овозидан ҳам баландроқ эди. Вертолёт қўнган жойдан қудуққача 600 метр эди. Ёнаётган газнинг тутуни тарқаб, атроф хирароқ туман кўринишида эди. Машъалнинг юқори қисми туман орасида чайқалиб турарди. Тепадан қараганда кулдонга ўхшаган нарса қишда булдозерлар қудуқнинг атрофига жамлаб қўйган қум тепалари экан. Атрофда ёниши мумкин бўлган ҳамма нарса аллақачон куйиб битган. Атрофдаги қум аралаш тупроқ қизиб кетган, у ерда ҳаёт тугаган эди. Қудуқдан кўкка ўрлаётган олов шуъласи тунда турли ҳашаротларни ўзига жалб қиларди. Улар ўзини ёруғликка урар ва жизғанак бўлиб куйиб тушарди. Шу сабабли оёқ ости турли қушларнинг суякларига тўлиб кетганди”.
Ишлар тиғиз бўлганига қарамай, геологик тайёргарлик ишлари пухта олиб борилади. Комиссия аъзолари ёзнинг жазирамасида, ҳаво ҳарорати +45...+48 даража бўлган пайтда қудуқ олдига бир неча марта келиб кетишади.
Портлатиш ишларига Э.Славский бошчилигида махсус тузилган комиссия жавобгар эди. Бомбани портлатиш санасини шахсан СССР раҳбари Леонид Брежневнинг ўзи КПСС марказий қўмитаси сиёсий бюроси йиғилишида тасдиқлаб беради.
Ўртабулоқда ядро бомбасини портлатишга тайёргарлик кўриш ишлари тўрт ой давом этади. Энг аввал кон яқинида 1500 метр чуқурликдаги қудуқ бурғиланади.
Қудуқ тайёр бўлгач унга ядро бомбаси туширилади. Бундай чуқурликда ҳарорат жуда юқори бўлиб, портлаш нуқтасига туширилган ядро бомбаси қўшимча равишда совитиб турилади.
1966 йил 30 сентябр куни эрталаб бомба портлатилади. Натижада ўз ўрнидан силжиган ер жинслари газ қудуғини сиқиб, унинг устини ёпиб қўяди. Портлашдан 22-23 сония ўтгач олов ўчади.
Ўртабулоқда портлатилган ядро бомбасининг қуввати 30 килотоннага тенг бўлиб, у Хиросимага ташланган бомбадан икки баробар кучли эди. У ер юзасидан анча чуқурда портлатилгани учун ер юзасидаги салбий асоратлари камроқ бўлади.
Портлашдан сўнг
Кон жиловлангандан сўнг Ўртабулоқ кони атрофида ер жинслари кўчиб, ҳудуд тартибсиз кўринишга келиб қолади. Бу ерга кўплаб махсус техникалар олиб келинади ва ер текислаб чиқилади. Сўнг конни ўзлаштириш ишлари бошлаб юборилади.
Ўртабулоқдаги ёнғин муваффақиятли ўчирилгани учун кўп ўтмай Комил Мангушев ва унинг жамоасига СССР давлат мукофоти берилади.
Бухоро яқинидаги конда ёниб турган қудуқ атом бомбаси ёрдамида ўчирилгач, советлар кейинчалик бу тажрибадан бир нечта газ конларида фойдаланишади.
Жумладан, ядро бомбалари яна уч марта газ қудуқларини жиловлашда ишлатилган:
- 1968 йил 21 май куни Қашқадарё вилоятида жойлашган “Помуқ” конида;
- 1972 йил 11 апрел куни Туркманистоннинг Мари вилоятида жойлашган “Кратер” конида;
- 1972 йил 9 июл куни Украинанинг Харков вилоятида жойлашган “Факел” конида (шу конда мақсадга эришилмаган ва конни кейинроқ бошқача услубда жиловлашган).
1974 йилда газ конларидаги оловни ўчириш учун амалий ечимларни қўллаш натижалари ҳақида китоб нашр этилади. Унинг муаллифлари ўша пайтда СССР геология вазири ўринбосари бўлган В.Игревский ва Ўртабулоқдаги конни жиловлашда масъул бўлган Комил Мангушев эди.
Қашқадарё вилоятида жойлашган “Помуқ” конини ўзлаштиришда Ўртабулоқдаги каби ёнғин юзага келади. 1968 йил 21 май куни уни ҳам атом бомбаси ёрдамида портлатиб жиловлашади.
Жиловланмаган газ кони
Ёниб кетган ёки техник фалокат юз берган газ конларининг айримларини жиловлашнинг имкони бўлмаган. Ана шундай конлардан бири Туркманистонда жойлашган.
Бундан 50 йил аввал совет разведка гуруҳи Туркманистонда табиий газ қидириб, топилган конларда қудуқлар қазишга киришганда, занжир реакцияси юзага келган.
Оқибатда Дарвоза газ кратери — улкан оловли туйнук пайдо бўлган. Кратер “Жаҳаннам дарвозаси” ва “Қорақум ёғдуси” номлари билан ҳам аталади.
Бу ерда ўранинг туби ва деворларидаги юзлаб тешиклардан доимий равишда аланга отилиб туради. Унинг яқинида туриб, кратердан чиқаётган кучли иссиқликни ҳис қилиш мумкин. Ловуллаётган олов айниқса, тунда, юлдузли осмон остида даҳшатли манзара ҳосил қилади.
Бир неча йиллардан буён бу туйнук Туркманистондаги энг диққатга сазовор жойлардан бири бўлиб келмоқда. Бу давлатга сафар қилган деярли барча меҳмонлар Қорақум чўлидаги қумтепаликлар билан ўралган ушбу кратерда тўхтаб ўтади.
Кратернинг кенглиги тахминан 70, чуқурлиги эса 30 метр. Унинг туби тошлоқ майдончани эслатади. Ташриф буюрувчилар ёнаётган воронкага жуда яқин келмаслиги учун 2018 йилда туйнук четига ҳимоя тўсиғи ўрнатилди.
Олти ойда жиловланган фожиа
2023 йил июн ойида Қозоғистонда Бойсундагига ўхшаш ҳодиса содир бўлади. Мамлакат ғарбида “Бузачи Нефт” компанияси томонидан бурғиланаётган конда техноген авария юз беради ва ҳавога газ чиқа бошлайди.
Газ чиқиши 2023 йил 9 июн куни бошланади ва ўша куни портлаш юз бериб, ёнғин содир бўлади. Шундан сўнг компания бурғилаш ишларини тўхтатишга мажбур бўлади.
Бойсундаги кондан фарқли равишда Қозоғистондаги конда газ таркибида олтингугурт кам эди. Шундай бўлса ҳам қозоқлар бир неча ой ёнғинни ўчира олмайди. Орадан олти ой ўтгач, 2023 йил 25 декабр куни олов ўчирилади.
Ўшанда олти ойда кондан 127 минг тонна газ чиқади ва унинг бир қисми ёниб, қолгани ҳавога кетади. Ҳисоб-китобларга кўра, бу миқдор бензинда ҳаракатланувчи 717 минг автомобилнинг бир йиллик ёқилғи сарфига тенг бўлади.
Манғистов вилояти экология бошқармаси маълумотларига кўра, газ конидаги авария сабабли ҳавода метан миқдори 480 баробар ошиб кетган. Шу сабабли Қозоғистон экология вазирлиги табиатга етказилган зарар учун конни бурғилаётган компанияга 780 минг доллар жарима солади.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
23:00 / 04.11.2024
“Афсус, виждон иссиқхонада ўсмайди" - Шерзодхон Қудратхўжанинг пости эътирозларга сабаб бўлди
20:17 / 29.10.2024
“Одамлар қийналишяпти” – бойсунликлар ҳукуматдан амалий ёрдам кутмоқда
18:34 / 18.10.2024
М25 конини ёпиш учун портлатиш режалаштирилмаган — ҳокимлик
17:43 / 06.10.2024