Ўзбекистон | 12:59 / 17.09.2024
9707
12 дақиқада ўқилади

Мирзиёев Германия билан ҳамкорликни ривожлантиришнинг асосий 6 йўналишини баён этди

Президент Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида бошланган Марказий Осиё давлатлари ва Германия етакчиларининг иккинчи учрашувида иштирок этмоқда. Ўзбекистон президенти матбуот хизмати унинг “Марказий Осиё – Германия” иккинчи саммитидаги нутқи матнини эълон қилди.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Сизларни қутлашдан чин дилдан мамнунман.

Самимий қабул ва учрашувимизни юксак даражада ташкил этгани учун Қозоғистон президенти, ҳурматли Қосим-Жўмарт Кемелевич Тўқаевга билдирилган миннатдорлик сўзларига қўшиламан.

Германия Федерал канцлери ҳурматли Олаф Шольц Жаноби Олийларига минтақамиз мамлакатлари билан кўп қиррали шерикликни кенгайтириш тарафдори эканлиги учун ташаккур изҳор қиламан.

Бизнинг Берлиндаги илк учрашувимиз ва бугунги саммит аниқ, амалий натижаларга эришишга қаратилган очиқ ва конструктив мулоқотимизни давом эттиришга бўлган умумий интилишимизни яна бир бор тасдиқламоқда.

Биз илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш механизмлари ишлаб чиқиладиган бундай форматдаги учрашувларни мунтазам ўтказиб боришдан манфаатдормиз.

Ҳурматли Федерал канцлер жаноби олийлари!

Биз Германиянинг мамлакатларимизда олиб борилаётган демократик ўзгаришлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни, Марказий Осиёдаги ҳамкорлик ва интеграцияни қатъий ҳамда ўзгармас қўллаб-қувватлашини юксак қадрлаймиз.

Шуни алоҳида таъкидлайманки, бизнинг муносабатларимиз чуқур тарихий илдизларга эга. XVIII асрдаёқ Европадаги Маърифатпарварлик даврининг буюк бастакори Гендель ўз ижодининг шоҳ асарларидан бири бўлган “Амир Темур” операсини яратган. Буюк шоир ва файласуф Гёте ўзининг бир қатор машҳур асарларини цивилизация марказлари бўлган қадимий шаҳарларимизга бағишлаган.

Яна бир тарихий мисолни келтираман. XX аср бошида Марказий Осиёнинг бир гуруҳ истеъдодли, тараққийпарвар ёшлари Германиянинг етакчи университетларида таҳсил олишган ва кейинчалик маърифатпарварлик ғояларини илгари суриш, минтақамиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётига катта ҳисса қўшганлар.

Таъкидламоқчиманки, биз бугун Германияни барқарор ривожланиш бўйича миллий мақсадларга эришишда муҳим ҳамкорларимиздан бири сифатида кўрамиз.

Сўнгги йилларда Марказий Осиёда рўй бераётган чуқур, фундаментал ўзгаришлар ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.

Биз очиқ ва самарали мулоқотни йўлга қўйдик, чегара, сув, энергетика, савдо, транзит билан боғлиқ кўплаб муаммоларни мустақил ҳал қилаяпмиз.

Яқинда бу ерда, Остона шаҳрида минтақа давлатлари раҳбарларининг олтинчи учрашувини ўтказдик.

Минтақанинг халқаро субъект сифатидаги ўрни мустаҳкамланмоқда, жаҳоннинг етакчи мамлакатлари билан “Марказий Осиё плюс” форматидаги ҳамкорлиги кенгаймоқда.

Минтақа ичидаги савдо айланмаси, инвестициялар, юк ташувлари, фуқароларимизнинг сайёҳлик ташрифлари кўрсаткичлари бир неча баробар ўсди.

Биз “яшил” энергетика ва транспорт коммуникацияларини ривожлантириш соҳаларидаги йирик минтақавий лойиҳаларни амалга оширишни муҳокама қилаяпмиз.

Тажриба ва технологияларни алмашяпмиз, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида замонавий корхоналар ташкил этаяпмиз, кооперация лойиҳаларини рағбатлантириш бўйича молиявий воситаларни жорий қилаяпмиз.

Энг муҳими, минтақамизнинг эртанги куни, унинг хавфсизлиги ва барқарор тараққиёти фақат бизнинг сиёсий иродамиз ва саъй-ҳаракатларимизга боғлиқ эканини аниқ тасаввур қилмоқдамиз.

Биз европалик шерикларимиз, энг аввало, Европа Иттифоқининг мамлакатларимиз билан ҳамкорлик бўйича стратегия ва кўп томонлама дастурларининг асосий ташаббускори бўлган Германиянинг қизиқишларини самимий олқишлаймиз.

Келгуси йили “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” форматидаги навбатдаги саммитни Ўзбекистонда, учрашувимиз кун тартибидаги асосий мавзуни минтақа келажагига инвестициялар деб белгилаган ҳолда, ўтказишга тайёргарлик кўраяпмиз.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Можаролар ва урушлар, умуман, глобал миқёсдаги беқарорлик ва вазият қайси томонга ўзгариши ноаниқ бўлиб қолаётгани, санкциялар сиёсати, протекционизмнинг кучайиши ва бошқа кўплаб омиллар мамлакатларимизга ҳаддан ташқари салбий таъсир кўрсатмоқда, миллий ислоҳотларимизни амалга оширишда жиддий синовга айланмоқда.

Кечагина ҳурматли Олаф Шолц жаноби олийлари билан Самарқанддаги музокараларимиз чоғида мен бугунги учрашувимиздан кутаётган юксак натижалар ҳақида фикр алмашдим.

Шу муносабат билан Марказий Осиёда Германия билан ҳамкорликни ривожлантиришнинг асосий йўналишлари бўйича қарашларимизни баён этишни истар эдим.

Биринчи. Марказий Осиё ва Германия ўртасида ўрнатилган минтақа барқарорлиги, барқарор ривожланиши ва фаровонлигини таъминлаш бўйича умумий манфаатларимизга жавоб берадиган стратегик минтақавий ҳамкорликни юксак қадрлаймиз.

Устувор соҳаларда дастурий тадбирларни қамраб олган узоқ муддатли Ҳамкорликни ривожлантириш концепциясини қабул қилишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Ушбу ҳужжатни ишлаб чиқиш учун “Марказий Осиё – Германия” таҳлилий марказлари Форумини таъсис этиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф қиламиз.

Унинг биринчи йиғилишини келгуси йили минтақадаги қадимий шаҳарлардан бири, немис-меннонитларининг катта жамоаси яшаган Хивада ўтказишга тайёрмиз.

Саммитларимиз кун тартибларини тайёрлашда мамлакатларимиз ташқи сиёсат идоралари раҳбарларининг йиллик учрашувлари муҳим роль ўйнайди, деб ҳисоблаймиз.

Иккинчи. Германиянинг етакчи компаниялари билан инвестицион ва технологик шериклик.

Таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистонда немис компаниялари иштирокида амалга оширилган ва истиқболли лойиҳалар умумий портфели 20 миллиард евродан ошмоқда. Улар энергетика, кимё, тоғ-кон саноати, машинасозлик, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўналишларини қамраб олади.

Шерикларимиз орасида – Германиянинг етакчи, жумладан, “Сименс”, “Линде”, “БАСФ”, “МАН”, “Клаас”, “Хенкель”, “Кнауф” ва бошқа кўплаб компаниялари сўнгги бир неча йилда Ўзбекистон иқтисодиётига 6 миллиард евро сармоя киритди.

Бугун бизда немис бизнеси вакиллари билан истиқболли режаларни муҳокама қилиш имконияти бор.

Ишбилармонлар ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида қуйидагиларни таклиф этаман: Марказий Осиё мамлакатлари ва Германия сармоявий ва технологик ҳамкорлигини кенгайтиришнинг йўл харитасини ишлаб чиқиш; чегара ҳудудларида яратилаётган алоҳида иқтисодий ва саноат зоналаридаги ҳамда минтақавий аҳамиятга эга йирик инфратузилма лойиҳаларни амалга оширишга етакчи немис компаниялари ва банкларини жалб этиш; доимий бизнес-мулоқот майдончаси – “Марказий Осиё ва Германия” инвестор ва тадбиркорлари кенгашини ишга тушириш. Унинг биринчи учрашувини келгуси йили Тошкент инвестиция форуми доирасида Ўзбекистонда ўтказишга тайёрмиз; инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги кўп томонлама ҳукуматлараро битимни қабул қилиш имкониятини кўриб чиқиш.

Учинчи. Германиянинг илғор билим ва технологияларини жорий этиш асосида муҳим хом-ашё ресурслари соҳасида шериклик.

Аввал ҳам қайд этганимиздек, минтақамиз фойдали қазилмаларга бой. Германия минерал ресурслар агентлиги ва немис компаниялари бу соҳада бизнинг муҳим шерикларимиз бўлиши мумкин.

Бу ўринда гап геология разведкаси, жадал ўзлаштириш, қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, Германия ва Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларига етказиб бериш лойиҳалари ҳақида бормоқда.

Ўзбекистон қўшни мамлакатлардаги бундай лойиҳаларни биргаликда амалга оширишда иштирок этишга тайёр.

Минтақамизда муҳим хомашё ва нодир ер ости металлари аниқланган конларининг рақамли картасини яратиш бўйича дастурни ишлаб чиқишда Германия техник кўмагини жалб этиш истиқболлидир. Бундай ҳамкорликнинг ишончли ҳуқуқий базасини шакллантириш муҳим деб ҳисоблаймиз.

Тўртинчи. “Яшил” энергетика.

Сўнгги йилларда мамлакатларимизда қуёш, шамол, гидроэнергетика фаол ривожланмоқда, иссиқлик станциялари ва тармоқлари модернизация қилинмоқда, “яшил” водород лойиҳалари илгари сурилмоқда.

Энергетика вазирликлари, корпорациялар, операторлар, илмий ташкилотлар, лойиҳа институтлари ва тармоқ экспертларини жалб этган ҳолда Марказий Осиё мамлакатларининг Германия билан Энергетик мулоқотини йўлга қўйиш имкониятларини кўриб чиқишни таклиф этамиз.

Биз Германия техник кўмагини жалб этган ҳолда кам углеродли иқтисодиёт соҳасида мутахассисларимиз салоҳиятини ошириш комплекс дастурини тайёрлашдан манфаатдормиз.

Бешинчи. Иқлим ўзгаришларига биргаликда жавоб қайтариш.

Экспертлар прогнозига кўра, Марказий Осиё минтақаси глобал исиш оқибатларига ниҳоятда боғлиқ бўлиб қолмоқда. Ўртача ҳароратнинг ошиши жаҳондаги ўртача кўрсаткичдан икки баробар кўпроқ бўлмоқда.

“Яшил Марказий Осиё” дастурлари иккинчи доираси ишга туширилгани ва иқлим ўзгаришларига минтақанинг мослашувига кўмак учун немис томонига миннатдорлик билдираман.

Биз Атроф муҳим ва иқлим ўзгаришларини ўрганиш бўйича Марказий Осиё университети базасида қўшма таълим дастурлари ва илмий алмашувларни амалга оширишдан, сувдан оқилона фойдаланишда немис технологияларини жорий этиш, ирригация тизимларини модернизация қилиш, биохилма-хилликни сақлаш, мутахассис-экологларни тайёрлашда ҳамкорлик дастурларини қабул қилишдан манфаатдормиз.

Германия Канцлерининг Марказий Осиё табиат ҳамкорлигини яратиш бўйича ташаббусини амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёрмиз ва қўллаб-қувватлаймиз.

Олтинчи. Транспорт коммуникацияларининг, жумладан, ер усти ва ҳаво ташувларининг заиф ривожланганлиги шериклигимизни чуқурлаштиришда энг катта тўсиқ бўлмоқда.

Марказий Осиёни Европа билан боғловчи муқобил транспорт йўлакларини ривожлантиришга Европа институтларини жалб этишда Германия кўмагига таянамиз.

Келгуси йили ушбу йўналишлар транзит салоҳиятини ошириш йўлларини излаш бўйича вазирлар қўшма конференциясини ўтказишни таклиф этамиз.

Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

Ўтган йили Берлин янги музейида минтақамиз маданий-тарихий меросига бағишлаб ўтказилган кўргазма бундай тадбирларни доимий ташкил этиш зарурлигини яна бир бор тасдиқлади.

Кўргазмага бир неча ой давомида миллиондан ортиқ Германия пойтахти аҳолиси ва меҳмонлари ташриф буюрди. 

Биз мамлакатларимизда Маданий тадбирлар қўшма режаси қабул қилиниши тарафдоримиз, Германиянинг йирик шаҳарларида санъат ва кино кунлари ўтказиш имкониятларини кўриб чиқишни ва музей фондлари ҳамкорлигини ўрнатишни таклиф этамиз.    

Илмий-маърифий алмашувлар соҳасида етакчи олийгоҳлар шериклиги учун платформани ишга тушириш, Гёте институти ва Германиянинг бошқа ташкилотлари немис тили ўқитувчиларини тайёрлаш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш муҳим, деб ҳисоблаймиз.  

Шу ёзда Гёттинген шаҳрида ўтган Бутунжаҳон олимпиадасида ўзбекистонлик мактаб ўқувчиларининг ғалаба қозонгани ҳам ёшларимизнинг немис тилини ўрганишга бўлган юксак қизиқишига ёрқин мисолдир. 

Сайёҳлик ва меҳнат миграцияси соҳасида кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш фуқароларимиз учун виза тартибларини енгиллаштиришга хизмат қилади.

Ҳурматли ҳамкасблар!

Терроризм ва экстремизм, кибержиноятчиликка қарши кураш, ёшларнинг радикаллашувининг олдини олиш бўйича яқин ҳамкорликни давом эттириш муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Марказий Осиёдаги хавфсизлик соҳасидаги вазият Афғонистонда рўй бераётган жараёнлар билан узвий боғлиқдир.

Ўз муаммолари билан деярли якка ўзи қолган ушбу мамлакатда гуманитар инқирознинг чуқурлашиб кетишига йўл қўймаслик муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Шу муносабат билан Германия ва Европадаги бошқа шерикларимиз билан ушбу мамлакатни минтақавий иқтисодий ҳамкорликка жалб этиш, Термиздаги таълим марказида кадрлар, жумладан, хотин-қизларни, Афғонистон тинч ҳаёти учун зарур бўлган мутахассисларни тайёрлаш йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга тайёрмиз.

Сўзимнинг ниҳоясида шуни алоҳида таъкидламоқчиман, Ўзбекистон Марказий Осиё минтақаси билан Германия кўп қиррали ҳамкорлик салоҳиятини янада тўлиқроқ рўёбга чиқаришдан манфаатдордир.

Ишончим комил, бугунги учрашувимиз мамлакат ва халқларимизни янада яқинлаштиришга хизмат қилади, стратегик шериклигимизни аниқ лойиҳа ва дастурлар билан тўлдиришга имкон беради.

Мавзуга оид