Пахта нархи: Фермерлар ва кластерлар ўртасидаги шартномалар фермерларнинг зарарига ўзгартирилмоқда
Пахта-тўқимачилик кластерлари жаҳон бозорида пахта хомашёси арзонлашгани важи билан фермерларга етиштирилган пахта учун йил бошида тузилган шартномалардаги нархда тўлов қилишни истамаяпти. Ҳукумат уларнинг истакларини бажо келтирди.
Ўзбекистонда фермерлар ва кластерлар ўртасида пахта хомашёсини етиштириш бўйича йил бошида тузилган шартномаларга қўшимча келишувлар тузилмоқда. Бу борада ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қўшимча келишувлар асосида пахта сотуви нархи пасайтирилади. Фермерлар ва жамоатчилик вакиллари буни фермерларга нисбатан адолатсизлик деб ҳисобламоқда.
Йил бошида 2024 йил ҳосилидан биринчи нав иккинчи синф бир тонна пахта хомашёсининг бошланғич фючерс нархи, жаҳон бозоридаги охирги 12 ойлик ўртача котировкалардан келиб чиқиб, 7 млн 800 минг сўм деб эълон қилинган эди. Шунга мувофиқ, фермерлар ва кластерлар ўртасида фючерс шартномалари тузиш бўйича биржадаги савдоларга шу бошланғич нарх асос бўлганди.
Бироқ шундан кейин ўтган даврда жаҳон бозорида пахта хомашёси нархи арзонлашди. Вазирлар Маҳкамасининг 16 сентябр куни қабул қилинган “Пахта хом ашёси етиштирувчиларини молиявий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, айни пайтда жаҳон бозорида пахта хомашёсининг бошланғич фючерс нархлари тоннасига 6 млн 800 минг сўм атрофида шаклланмоқда.
Ушбу вазиятда ҳукумат қуйидаги чораларни эълон қилди:
- пахта етиштирувчилар томонидан биржа савдолари орқали реализация қилинган (электрон ҳисоб-фактура асосида) бир тонна пахта хомашёси (пахта-тўқимачилик корхоналари томонидан етиштирилган пахта хомашёси ҳамда уруғлик пахта бундан мустасно) учун 1 млн сўм миқдорида субсидия ажратилади (Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан);
- 2024 йил учун пахта етиштирувчилар ва қайта ишловчилар ўртасида биржа савдоларида тузилган шартномалар бўйича қўшимча келишув тузилади, бунда пахта хомашёсининг сотиш нархи 6 млн 800 минг сўмдан кам бўлмаслиги инобатга олинади;
- 2024 йил ҳосилидан фючерс шартномаларидан ташқари пахта хомашёсини биржа савдоларига чиқаришда унинг бошланғич нархини тоннасига 6 млн 800 минг сўмдан кам бўлмаган миқдорда эълон қилинади;
- 2024 йилда барча ҳудудларда пахта териш машиналари томонидан терилган ҳар бир тонна пахта хом ашёсини йиғиб-териб олиш хизмати баҳосининг 20 фоизини, бироқ 250 минг сўмдан ошмаган қисми жамғарма маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.
Юқоридагилар билан бирга, қарорда пахта хомашёси нархлари шаклланишига давлат бошқаруви, шу жумладан, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг аралашуви қатъиян ман этилган.
Фермерлар бу ҳужжатда кўзда тутилган субсидияни тўлиқ ўзлари тасарруф эта олмайди. Белгиланишича:
- субсидия биринчи навбатда пахта етиштирувчиларнинг 2024 йил ҳосили пахта хомашёсини етиштириш учун олган имтиёзли кредитлар бўйича қарздорлигини сўндиришга йўналтирилади;
- имтиёзли кредитлар бўйича қарздорлик қоплангандан сўнг, субсидия солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни қоплашга йўналтирилади, қолган маблағлар пахта етиштирувчиларнинг асосий ҳисобварағига ўтказиб берилади;
- субсидияни тўлаш учун ажратиладиган маблағларнинг ҳисобварақлардаги дебет айланмасидан банк хизматлари учун ҳақ ундирилмайди.
Бу қарор доирасида юзага келадиган қўшимча харажатларни қоплаш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасига давлат бюджетидан 5 йил муддатга 3,5 трлн сўмгача фоизсиз бюджет ссудаси ажратилади.
Давлат молиявий назорат инспекцияси субсидиянинг тўғри ҳисобланиши ва мақсадли сарфланиши юзасидан назорат ўрнатиши керак.
Ҳужжатга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 25 июлдаги 452-сон қарорига асосан соғломлаштирилаётган пахта-тўқимачилик кластерлари билан 2024 йил ҳосили бўйича шартнома (фючерс, спот ва вақтинча сақлашга) тузган фермер хўжаликларига, шунингдек, ўз ер майдонларида пахта етиштирган кластерлар ва фермер хўжаликларига йиғим-терим харажатларини молиялаштириш учун жамғарма ҳисобидан имтиёзли кредитлар ажратилади.
Имтиёзли кредитлар электрон тарози орқали қабул қилинган пахта хомашёси учун 10 ой муддатга, йиллик 10 фоиз ставкада (2 фоиз банк маржаси) пахта қийматининг 20 фоизи миқдорида 3 ойлик имтиёзли давр ва сўнгги 7 ойда тенг улушларда қайтариш шарти билан ажратилади.
“Пахтанинг фючерс нархи кўтарилганида, фермерга шартномани қайта тузишга ҳеч ким ҳужжат чиқариб бермасди-ку!”
Ҳукумат қарори фермерларда эътирозлар уйғотмоқда. Kun.uz'га мурожаат қилган фермер хўжаликлари раҳбарлари арзон нархда қўшимча келишувлар тузиш учун уларга босим қилинаётгани, янги шартларга кўнмагунча, айрим кластерлар терилган пахтани олмаётганини маълум қилди.
Иқтисодчи Отабек Бакиров бу жараёнда фермерларнинг зиёнига, кластерларнинг фойдасига ишлаётган қатор омилларга эътибор қаратди.
“Ўзбек пахтаси бир неча йилдан буён умуман экспорт қилинмайди. Яъни, Ўзбекистонда етиштирилаётган пахта глобал пахта бозорининг иштирокчиси эмас, табиийки, унинг нархлари ўзбек пахтасига қаерда жисмоний талаб бўлса, ўша жойда шаклланиши керак. Яъни Ўзбекистоннинг ичида.
Иккинчи бир жиҳат, албатта, Ўзбекистонда пахта нархи шаклланишига глобал пахта бозоридаги нархлар ҳақидаги ахборотлар билвосита таъсир ўтказади. Лекин глобал пахта бозори иштирокчиларидан очиқ бозорга пахтасини олиб чиқадиган Миср, АҚШ ва Австралиядан Ўзбекистонга пахта келтириш қанчага тушади? Бож умуман йўқ, деб тасаввур қилганимизда ҳам? Эътибор қилингки, пахта ҳажмига нисбатан транспортировкаси жуда қиммат товар. Ва шунинг учун ҳам, айтайлик, кластерларимиз ҳатто қўшниларимиз Қирғизистон ва Тожикистондан пахта импорт қилишга шошилишаётгани йўқ.
Учинчидан, хомашё пахта нархларининг "ўйнаб" туриши нормал ва фойдали ҳолат ўлароқ қабул қилиниши керак. Шунинг учун ҳам. қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва сотиб олувчилар томонларнинг рискларига мувофиқ ва тақсимлаган ҳолатда фючерс битимлари тузишади. Ўзингиз ўйланг, агарда февралда пахта 8 минг сўм эмас, 6 минг сўм бўлганида биронта фермер ўз ихтиёри билан риск қилиб пахта экармиди? Кластер кузда оладиган пахтаси 8 минг сўм бўлишини кеча эмас, февралда билганку, ўз ихтиёри билан шартнома тузган-ку!” – дея ёзди Бакиров ўз каналида.
Davletovuz канали муаллифи журналист Қобил Хидировга кўра, кластерларга ёрдам фермерларнинг чўнтагидан бўлмаслиги керак.
“Бу фючерс нарх шаклланишини ва вазиятни манипуляция қилиб, фермерларнинг яна нонини туя қилишга уринишдан бошқа нарса эмас. Кластерларга ёрдам фермерларнинг чўнтаги, режа-мақсадлари ҳисобидан амалга оширилмаслиги лозим. Пахтанинг фючерс нархи тушмаганда, балки кўтарилганда фермерга шартномани қайта тузишга ҳеч ким ҳужжат чиқариб бермасди-ку!
Ҳукумат энг қуйида энг катта иш берувчи, ишлаб чиқарувчи бўлган фермерларнинг ҳам фикрини эшитиши лозим. Қарор эса бир томонлама ёндашув асосида чиқарилган. Айрим амалдорларнинг манипулятив ўйинлари фермерни хонавайрон қилмасин”, – деди жамоатчилик фаоли.
Мавзуга оид
15:45 / 21.11.2024
Уммон Ўзбекистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилмоқчи
12:10 / 20.11.2024
Ўзбекистонда фойдаланиладиган сув ресурслари 90 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келяпти
11:37 / 20.11.2024
Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида импортни 50 фоизга қисқартириш режалаштирилмоқда
21:20 / 19.11.2024