Россия армиясига алдов йўли билан жалб қилинган ва урушга юборилган ўнлаб ҳиндистонликлар ватанига қайтди
Улар фронтга қандай бориб қолганини айтиб беришди.
Ҳиндистон ҳукумати сентябр ойи ўрталарида РФ мудофаа вазирлиги 45 нафар ҳиндистонликни Россия армиясидан бўшатгани ҳақида хабар берди, улар олдинроқ алдов йўли билан шартнома имзолашга мажбурланган ва Украина билан урушга юборилганди. Улар ҳарбий ҳаракатлар ҳудудидан олиб чиқилган, айримлари аллақачон Ҳиндистонга қайтган, бошқалари ортга қайтиш босқичида. BBC журналистлари Россия армиясига қўшилиб қолган бир неча ҳиндистонлик билан уларга нима бўлгани ҳақида гаплашди.
Ражастон штатидан бўлган электрик Сунил Карва РФ қуролли кучлари сафига феврал ойида тушиб қолган. Унинг сўзларига кўра, у ҳам, у билан биргаликда шартнома имзолаган бошқа ҳиндистонликлар ҳам рус тилини билишмаган ва нимага қўл қўяётганини билишмаган. Шу билан бирга, рекрутинг жараёни «жуда тез бўлиб ўтган». «Атиги бир неча имзо ва фотосуратлар — ва биз у ердамиз», — дея ҳикоя қилган BBC суҳбатдоши.
Карва Бахмут яқинида жойлашган қисмда хизмат қилган. Унинг сўзларига кўра, урушдаги бир неча ой ичида унинг учун энг оғир дамлар унинг кўз олдида Ражастондаги қўшни қишлоқдан бўлган таниши жароҳат олиши бўлган. Унинг таниши ўшанда олдинги жароҳатидан 15 кун даволангач, яна олдинги чизиққа қайтарилганди. Энди у мажруҳ бўлиб қолган.
Телангана штатидан бўлган Муҳаммад Суфён Херсон областининг оккупация қилинган қисмида хизмат қилган. «Биз амалда дам олмасдик, энг бошида мен 25 кун мобайнида ўз оилам билан боғлана олмадим», — дея ҳикоя қилган у BBC мухбирига.
Феврал ойида Суфённинг дўсти ракета зарбаси оқибатида ҳалок бўлади — отряд хандақ қазиётган маҳалда учиб келган снаряд парчаси унинг кўзлари орасига санчилганди. Суфён бу вақтда қуролдошидан ўн беш метр нарида бўлган.
Журналистларнинг суҳбатдошига кўра, ҳалок бўлган дўстининг жасадини кўрганидан кейин унда «ҳеч нарсага куч қолмаганди». Суфён ва бошқа ҳиндистонликлар уларни урушдан олиб кетишни сўраб видео ёзишади — якунда мазкур мурожаат ҳукуматдагиларга ҳам етиб боради, шундан кейин мамлакат ТИВ Россия ҳукумати билан музокаралар бошлайди.
Кашмирдан бўлган, Суфён билан бир жойда хизмат қилган Озод Кумар уйга қайтишга муваффақ бўлганини «мўъжиза» деб атаган. «Бир дақиқада сиз хандақ қазиётган бўлсангиз, кейинги дақиқада атрофни артиллерия зарбаси қамраб олиши мумкин. Снаряд сенга ёки бошқа кимнингдир устига тушиши — бу омад масаласи», — дея таърифлайди у жанг майдонидаги воқеаларни.
Ўзининг ўзларига кўра, Кумар феврал ойида машғулотлар чоғида тасодифан ўз оёғига ўқ узиб қўйган. Командири уни фронтга бормаслик учун атайлаб шундай қилишда айблаган. Энди Кумар омади келганини тушунмоқда: «Мен жангга бормаганимдан хурсандман. Ўшанда отрядимиздан тўрт киши ҳалок бўлди. Мен ҳам улар қаторида бўлишим мумкин эди».
BBC’нинг ёзишича, ҳозирда Ҳиндистоннинг 91 нафар фуқароси Россия армияси билан шартнома имзолагани маълум. Улардан камида тўққиз нафари ҳалок бўлган.
Шартнома имзолаганларнинг аксари — қишлоқ жойлардан бўлган ва яхши таълим кўрмаган ёш йигитлардир, шартнома имзолаш чоғида уларни агентлар алдаган: уларга Россияда қўриқчи бўлиб ишлаши ваъда қилинганди. Ҳозирда Ҳиндистонда бу борада тергов олиб борилмоқда, ёлловчилардан 19 нафари ҳибсга олинган.
Ҳиндистон нашрларида урушга олиб кетилган фуқаролар тўғрисидаги мақолалар баҳорда чиқа бошлаганди, ўшандаёқ мамлакат ташқи ишлар вазирлиги уларни ортга қайтаришда ёрдам сўраб, Москвага расман мурожаат қилганди. Бу масалада жавоб қадамлари июн ойида Россияга Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди ташриф буюрганидан кейингина ташланди. У РФ президенти Владимир Путин билан учрашувда бу масалани ҳам кўтарган.
Мавзуга оид
20:58 / 19.11.2024
Путин Ҳиндистонга боради
16:43 / 17.11.2024
Ҳиндистон биринчи гипертовушли ракетасини муваффақиятли синовдан ўтказди
16:50 / 16.11.2024
Ҳиндистонда ҳаво ифлосланиши кучайиб кетганидан Тож Маҳал кўринмай қолди
17:36 / 14.11.2024