Жаҳон | 11:50 / 20.09.2024
2985
3 дақиқада ўқилади

Wildberries офисидаги отишмада иштирок этганлар тергов изоляторига жўнатилди

Суд маркетплейс офисида отишма содир этган олти нафар айбланувчини 18 ноябрга қадар ҳибсга олишга қарор қилди.

Фото: Антон Новодерёжкин / Коммерсантъ

Москванинг Басманний район суди 19 сентябр, пайшанба куни Москванинг «Романов двор» бизнес марказидаги Wildberries офисида содир бўлган отишма бўйича олти нафар айбланувчига нисбатан эҳтиёт чорасини танлади. Сайфулаев А.А., Коноплев И.С., Нурматов М.Х., Канаев Р.М., Ефремов А.В., Мажиев М.Х. 2024 йил 18 ноябргача ҳибсда қолади.

Ўз навбатида, тергов Wildberries офисидаги отишма бўйича 27 кишини ҳибсга олишни талаб қилди, деб ёзади РБК. Нашрга кўра, журналистлар суд мажлисига киритилмаган, бино полиция томонидан ўраб олинган.

Шунингдек, 19 сентябр куни маркетплейс ҳаммуассиси Владислав Бакалчук қўлга олингани маълум бўлди. Унга қотиллик, қотилликка уриниш, ҳуқуқ-тартибот органи ходимини ўлдиришга уриниш ва ўзбошимчалик айбловлари қўйилган. Унга нисбатан эҳтиёт чораси ҳали танланмади.

Москвадаги Wildberries офисида отишма

«Романов двор» бизнес маркази Москва марказида, Кремлдан унчалик узоқ бўлмаган жойда жойлашган. 18 сентябр куни бўлиб ўтган отишмада икки қўриқчи ҳалок бўлган. Воқеадан сўнг Россия ахборот агентликлари уч киши, жумладан икки полициячи жабрлангани ҳақида хабар берди.

Шу куни эрталаб Wildberries РБК агентлигига «офисга ноқонуний киришга уриниш бўлганини» айтди. Wildberries эгаси Татяна Бакалчукнинг эри Владислав Бакалчук буни қўриқлаш хизмати билан амалга оширишга ҳаракат қилди. Ўзининг Telegram-каналида компания эгаси воқеани «рейдерлик эгаллаб олинишига уриниш» деб атади.

Wildberries'га эгалик қилиш учун Бакалчуклар ўртасидаги зиддият

Владислав ва Татяна Бакалчук ўртасида ажрашиш жараёни бир неча ойдан бери давом этмоқда. Ушбу фонда Wildberries Russ реклама компанияси билан «рақамли савдо платформасини яратиш» учун ҳамкорлик қилмоқда. РБК ёзганидек, қўшилиш натижасида «РВБ» юридик шахси пайдо бўлди, унинг 65 фоизи «Вайлдберриз» МЧЖга ва 35 фоизи Russ эгалик қилувчи «Стинн» МЧЖга тегишли.

Владислав Бакалчук компанияларнинг бирлашишини рейдерлик деб атади ва у бизнес бошқарувидан четлаштирилганини айтди. 2024 йил июл ойида у Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров билан учрашди ва Wildberries «очиқ ва шафқатсиз рейдерликка» учраганини айтди. Қодировнинг сўзларига кўра, Татяна Бакалчук «рейдерлар томонидан эри ва етти фарзандидан ажратиб қўйилган». «Эр-хотинлар бир-бирларини кўриш ва ҳеч бўлмаганда нима бўлаётганини муҳокама қилиш имконига эга эмаслар», деб ёзди у ўзининг Telegram-каналида ва Бакалчукка ёрдам ваъда қилди. Татяна Бакалчукнинг сўзларига кўра, Wildberries ва Russ бирлашиши олдиндан режалаштирилган ва эри Владислав билан келишилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид