Ўзбекистон | 15:36 / 20.09.2024
38965
5 дақиқада ўқилади

“Йигитларни ўлимнинг оғзига олиб боришган” – М25 конида ҳалок бўлганларнинг яқинлари

17 сентябр куни Бойсундаги М25 конида содир бўлган авария 4 кишини ҳаётдан олиб кетди. Марҳумларнинг яқинларига кўра, коннинг бошқа қудуқларида ишловчи ходимлар ўша куни тозалаш ишларини бажариш учун “оғзи ёпилган” қудуққа жалб қилинган. Кутилмаган авария эса ҳалокатли якунланган. Бойсунда бўлиб турган Kun.uz мухбири марҳумларнинг яқинлари билан суҳбатлашди.

М25 конида авария содир бўлиши оқибатида 4 киши ҳалок бўлган ва 11 киши жароҳатланганди. Kun.uz мухбири бахтсиз ҳодисада ҳалок бўлган ходимларнинг яқинлари билан суҳбатлашди.

Марҳумларнинг яқинлари бу ҳалокатда техник носозлик дейилгани билан масъулларнинг ҳам айби борлигини, ишчиларни бир неча кун ўтмасдан “заливка” қилинган қудуқ ёнига олиб боришганини айтишмоқда.

Жумладан, марҳумлардан бирининг қариндоши Саломат Тангирқулова шундай дейди:

Биринчи портлаш 1 сентябрда бўлди. Ҳаммамиз уйда эдик. Кечқурун қишлоқдан чиқиб кетинглар, деган хабар келди. Шаҳарга чиқиб кетдик биз. Кейин ёпилди деган хабар келди. 17 сентябр куни эса бирдан қарсиллаган овоз эшитилди. Тез ёрдам машиналари ўта бошлади.

Турмуш ўртоғим хавотирга туша бошлади. Мен унга хавотирга тушмасликни, жияни бошқа “буровой”да ишлашини айтдим. Йўқ, негадир хавотирга тушдим, деди.

Йигитни шу куни тозалашга олиб борган экан. Кейин қўшним қўнғироқ қилиб, турмуш ўртоғимни бир киши сўраётганини айтди. У киши хўжайинимга жиянининг аҳволи оғир эканлигини, тез боришини маълум қилди.

Турмуш ўртоғим ва ўғлим шошиб чиқиб кетишди. Боришса аллақачон моргга олиб кетишган экан. Шундай қилиб кечаси олиб келишди. Йигитни бизга кўрсатмади, бош томонида жароҳати бор экан. Кийимлари ботқоқ экан. Қандай ботқоқ бўлган у ерда, билмадим.

Техник носозлик дейишгани билан ўша ердаги мутахассисларнинг озроқ айби бўлган. Бугун ёпилган “буровой”нинг остига шунча йигитни ўлимнинг оғзига олиб боргандай бўлганда.

Икки йил олдин ҳамма бирлашиб, уйлантиргандик. Хотини иккинчи фарзандига ҳомиладор эди.

Бу йигитнинг онасининг ноласига чидаш қийин: газ бир томон, онанинг ноласи бир томон бўлиб турибди. Бировга ёмон гапирадиган болалар эмасди.

Кеча жанозага вилоят, туман ҳокимликларидан, Eriell компаниясидан ҳам бўлса керак, одамлар келишди. Аниқ сумма айтишмади, болаларнинг таъминотини қилиб берамиз, дейишди. Компенсация ҳақида бошқа гап бўлгани йўқ. Ёш йигитларнинг жонини ҳеч нарсага алмашиб бўлмайди.

Шу 15 кунда ҳам хавотирда яшадик. Кечқурун сирена чалинади, тез чиқ дейди, чиқариб коллежларга олиб бориб қўйяпти. Энди буларнинг ҳам ёрдами шу. Мен булар ёки бошқаларни ёмонламоқчи эмасман. Лекин қиш келяпти, мана. Яна чиқ дейишса қаерга борамиз? Уй-жой масаласи ёки қишлоқнинг қийналганлиги ҳақида ҳеч ким гапирмаяпти. Жуда қийин, ўз уйинг - ўлан тўшагинг, деган гап бор”.

Саломат Тангирқулованинг қўшимча қилишича, Бойсунда қиш совуқ келади. Ҳозир қишлоқнинг аксарият аҳолиси шаҳарда, қолганлари Қумқўрғон, Жарқўрғон, Шўрчига кетган экан. Одамлар қишда қаерга боришга ҳайрон, шу сабабли улар офат бартараф этилишидан умид қилмоқда.

М25 конидаги аварияда Холтўра Алмарданов ҳам тўнғич фарзандидан айрилди. У конда 3 йилдан буён ишлаётган бўлган.

Газ чиқиб кетиб, анча кун ёпа олишмади, 15-кун “заливка” қилишди. Ёпилди, бўлди, дейишди. Мен биттасига “Бу “заливка”дан кейин камида 15-20 кун кутишларингиз керак, чунки у “буровой”нинг ичида қотяпти, унинг олдида ишлатманглар”, дедим. Менинг ўғлим бошқа “точка”да ишларди. Тозалаш учун олиб бориб ишлатишган. “Заливка”си уриб, 4 одам вафот этди. 4 кундан кейин уйга қайтаётганида шу аҳвол бўлди.

4 фарзанди бор, мен қандай боқаман уларни? Энг кичиги энди юряпти. Мана, уй-жойни ўзимиз қилганмиз амаллаб, лекин ойлигини 5 ойдан бери олгани йўқ. Нафақат менинг фарзандим, ҳаммаси. Бугун учинчи кун, қандай турганимни ўзим биламан.

Бу ерда яшаш номаълум бўляпти. Уларнинг ўзлари ҳам тушунишмаяпти, имконингиз бўлса кўчиб кетинг дейишяпти. Қаерга кўчиб кетаман, қаерга бораман мен?” дейди марҳумлардан бирининг отаси Холтўра Алмарданов.

Аввалроқ энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Kun.uz мухбирига берган интервюсида ҳалок бўлганларнинг оилаларини пудратчи ташкилот қарамоғига олишини билдирганди. “Пудратчи ташкилот уларнинг фарзандларини вояга етказиб, ўқитиб, компанияда кафолатланган иш билан таъминлашгача зиммасига олган”, деганди вазир.

Мавзуга оид