Жаҳон | 14:07 / 21.09.2024
11783
1 дақиқада ўқилади

Ромитан ҳокими ёрдамчиси содир этган ЙТҲда мактаб ўқувчиси ҳалок бўлди

Туманнинг Ифтихор маҳалласи бўйича ҳоким ёрдамчиси Элёр Тошпўлатов “Нексия-2” автомобилида шу маҳалладаги 7-сонли мактабнинг 3-синф ўқувчисини уриб юборган. 10 ёшли бола воқеа жойида вафот этган.

Бухоро вилояти Ромитан тумани ҳокимининг “Ифтихор” МФЙ бўйича ёрдамчиси Элёр Тошпўлатов ўзининг бошқарувидаги “Нексия-2” автомобилида содир этган йўл-транспорт ҳодисасида 10 ёшли бола вафот этди, деб хабар бермоқда Kun.uz манбаси. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари ушбу ҳодиса ҳақиқатда юз берганини тасдиқлади.

Маҳаллий Telegram-каналлардан бирида “ҳайдовчи қоидаларни бузган ҳолда катта тезликда ҳаракатлангани” айтилади.

Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳоким ёрдамчисининг хатти-ҳаракатлари кадрлар бўлими томонидан ўрганилмоқда.

Бу ҳодиса ҳақида Бухоро вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан расмий маълумот берилмаган.

Бу жорий ҳафтада мактаб ўқувчисининг йўл-транспорт ҳодисасида вафот этиши билан боғлиқ иккинчи ҳодисадир. 20 сентябр куни Тошкент шаҳри Сергели туманида қоидаларни бузган ҳолда тез ҳаракатланган BYD электромобили ўқувчи қизни уриб юбориши туфайли 9 ёшли ўқувчи қиз ҳалок бўлди.

Мавзуга оид