Ўзбекистон | 13:08
473
2 дақиқада ўқилади

Сенат Халқаро меҳнат ташкилоти Конвенциясини ратификация қилди

Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига доир халқаро ҳужжат – иш жойида ёки иш вақтида ходимларнинг соғлиғига зарар етиши билан боғлиқ бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган талабларни кучайтиришни назарда тутади.

Фото: Senat.uz

21 сентябр куни Сенатнинг 57-ялпи мажлисида “Халқаро меҳнат ташкилотининг Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенаси ҳамда ишлаб чиқариш муҳити тўғрисидаги 155-сонли Конвенциясини ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилиб, маъқулланди.

Конвенция шу кунга қадар 75 та давлат, шу жумладан, МДҲ аъзолари Россия, Беларус, Украина, Тожикистон Қозоғистон ва Озарбойжон томонидан ратификация қилинган.

Конвенцияда меҳнат фаолияти жараёнида ва ишлаб чиқариш муҳитида меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасини таъминлаш, шу жумладан, иш жойида ёки иш вақтида ишчи ва ходимларнинг соғлиғига зарар етиши билан боғлиқ бўлган бахтсиз ҳодисалар ёхуд хавфларнинг олдини олишга қаратилган талабларни кучайтириш назарда тутилган.

Сенаторлар Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасида ҳамкорлик ривожланиб бораётгани, миллий меҳнат қонунчилигининг халқаро меҳнат стандартларига жавоб беришини ҳисобга олган ҳолда мазкур Конвенцияни ратификация қилиш мақсадга мувофиқ эканини қайд этган.

“Таъкидланганидек, Конвенциянинг ратификация қилиниши келгусида соҳадаги миллий қонунчиликни ҳамда Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳужжатларида белгиланган меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига оид меъёрларни такомиллаштиришга, шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнидаги бахтсиз ҳодисалар, касбий касалликлар, иш вақтида юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларнинг олдини олишга қаратилган халқаро стандартларни самарали жорий этишга хизмат қилади”, — дейилади Сенат ахборотида. 

Мавзуга оид