Жаҳон | 13:10 / 21.09.2024
1855
2 дақиқада ўқилади

X ижтимоий тармоғи Бразилиядаги юридик вакилини тайинлади

X ижтимоий тармоғи Бразилиядаги юридик вакилини тайинлади ва шу тариқа маҳаллий суднинг мамлакатда фаолиятини давом эттириш бўйича талабларидан бирини бажарди.

Фото: Shutterstock

X ижтимоий тармоғи Рейчел де Оливейра Консейсауни Бразилиядаги қонуний вакили этиб тайинлади. Бу ҳақда 20 сентябр, жума куни Илон Маскнинг мамлакатдаги платформаси адвокатлари Андре Зонару ва Сержио Розентал томонидан маълум қилинди. Шундай қилиб, компания Бразилия Федерал олий суди судяси Алешандре де Мораэснинг мамлакатда фаолиятини давом эттириш талабларидан бирини бажарди.

Бразилияда X ижтимоий тармоғи блокланиши

Август ойи охирида судя Алешандре де Мораэс Миллий телекоммуникация агентлигига X ижтимоий тармоғининг бутун мамлакат бўйлаб фаолиятини тўхтатишни буюрди. Бунга компаниянинг Бразилиядаги қонуний вакилини 24 соат ичида тайинлаш талабини бажаришдан бош тортгани сабаб бўлди.

Бразилияда X'дан фойдаланиш бўйича чекловларни четлаб ўтишга ҳаракат қилинса, фойдаланувчилар кунига 50 000 реал (тахминан 8 000 евро) жаримага тортилиши мумкин. Платформани блокировка қилиш қарори бутун мамлакат бўйлаб оммавий норозиликларга сабаб бўлди.

Бразилияда X офисининг ёпилиши

X ижтимоий тармоғи август ойи ўрталарида Бразилиядаги вакилини чақириб олди ва мамлакатдаги вакили қўлга олинишидан қўрқиб, офисини ёпди. Аввалроқ X раҳбарияти Бразилия расмийлари талабига биноан бир қатор фойдаланувчиларнинг, шу жумладан собиқ президент Жаир Болсонарунинг ўнг қанот партияси билан боғлиқ қонун чиқарувчиларнинг аккаунтларини блоклашдан бош тортган эди.

Судя де Мораэснинг сўзларига кўра, ўчириб ташланиши керак бўлган аккаунтлар орқали ёлғон ва ноқонуний маълумотлар тарқалган. Ўз навбатида, Илон Макс судяни цензурада айблади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид