Жамият | 13:01 / 22.09.2024
4507
2 дақиқада ўқилади

Фирибгарлик билан ўзганинг номига онлайн кредит олган шахс ушланди

Гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а”, ”б”, “г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Фото: Getty Images

Фарғонада алдов йўли билан ўзганинг номига кредит олган шахс ушланган. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар бермоқда.

Сурхондарё вилоятида яшовчи 51 ёшли Б.К. ИИБга мурожаат қилиб, унинг номига номаълум сабабларга кўра онлайн кредит расмийлаштирилганини маълум қилган.

Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур жиноятни Фарғона вилоятида яшовчи 36 ёшли Р.Э. содир этгани аниқланган.

Унга кўра, гумонланувчи Р.Э. жабрланувчи Б.К.га қўнғироқ қилган ва ўзини банк оператори сифатида таништириб, сохта ҳавола юбориш орқали унинг шахсий маълумотларини қўлга киритган.

Сўнг унинг номидан мобил илова орқали рўйхатдан ўтиб, онлайн тарзда 8 млн сўм онлайн кредит расмийлаштириб, пулларни ўзининг банк картасига ўтказиб олган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Р.Э.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а”, ”б”, “г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга оид