Жамият | 10:34
1676
1 дақиқада ўқилади

Чирчиқда каналга тушиб кетган “Spark” чиқариб олинди

22 сентябрь куни ҳайдовчининг эҳтиётсизлиги туфайли Чирчиқ шаҳридаги каналга тушиб кетган “Spark” автомобили ФВВ қутқарувчилари томонидан чиқариб олинди. Ҳодиса оқибатида вафот этган ва тан жароҳати олганлар йўқ.

Фото: ФВВ

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, 22 сентябрь куни соат 20:40 атрофида “Spark” автомашинасида ҳаракатланаётган ҳайдовчи эҳтиётсизлик оқибатида Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳар, Мирзо Улуғбек МФЙ ҳудудидан оқиб ўтувчи Зах каналига тушиб кетган.

Ҳолат бўйича ФВБга келиб тушган хабарга кўра қутқарувчилар воқеа жойига етиб борган.

“Чирчиқ шаҳар ФВ бўлими қутқарувчилари зудлик билан айтилган манзилга етиб бориб, ҳамкорликдаги хизматлар билан махсус техника ва асбоб-анжомлар ёрдамида автомобиль каналдан чиқариб олинди. Автомобилда ҳайдовчининг ўзи бўлган. Ҳайдовчи автомобиль сувга тушган вақтда ўз ҳаракатлари билан қуруқликка чиқиб олган”, — дейилади хабарда.

Расмийларга кўра, ҳодиса оқибатида вафот этган ва тан жароҳати олганлар йўқ.

Мавзуга оид