Жаҳон | 09:10 / 23.09.2024
12884
4 дақиқада ўқилади

Ню-Йоркдаги саммитда БМТни ислоҳ қилиш режаси қабул қилинди

Россия Келажак пактининг қабул қилинишини бузишга ҳаракат қилди, аммо БМТнинг 143 давлати Россия Федерацияси қаршилигини тўхтатди. Ишлаб чиқилиши йил бошидан бери Германия раҳбарлигида давом этган ҳужжат тасдиқланди.

Фото: Valery Sharifulin/TASS/picture alliance

Россиянинг қаршилигига қарамай, Германия етакчилигида ишлаб чиқилган БМТни ислоҳ қилиш режаси Ню-Йоркдаги Келажак саммитида тасдиқланди. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеяси раиси Филемон Янг 22 сентябр, якшанба куни Келажак пакти қабул қилинганлигини эълон қилди.

Россия Келажак пактини блоклашга уринди

Россия бир овоздан қабул қилиниши керак бўлган келишувдан узоқлашди. Келишувни тасдиқлаш маросими аввалида Москва вакили – Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Вершинин режадан ташқари сўзга чиқишни сўради ва ҳужжат матнига қўшимча ўзгартиришлар киритиш зарурлигини эълон қилди. Шундай қилиб, у овоз беришсиз амалга оширилиши керак бўлган ҳужжатнинг барча 193 мамлакат томонидан расман маъқулланишини шубҳа остига қўйди.

Шу билан бирга, Вершинин «агар Россия талаб қилган тузатиш Келажак пакти матнига киритилмаган бўлса, ушбу ҳужжат бўйича консенсусдан узоқлашиш» билан таҳдид қилди, дея таъкидлайди dpa. Унинг сўзларига кўра, шартноманинг муросали версиясидан мамнун бўлмаган мамлакатларга кейинги муҳокамалар учун имконият берилмаган.

БМТнинг 143 та давлати РФ қаршилигини енгди

Шундан сўнг, Конго вакили кўриб чиқмаслик тўғрисида таклиф тақдим этди ва 143 мамлакат Россия сўровини кўриб чиқмаслик ва шу билан уни рад этиш учун овоз берди. Бунга Россиядан ташқари Беларус, Никарагуа, Шимолий Корея ва Сурия ҳам қарши чиқди.

Бироз вақт ўтгач, БМТ саммити иштирокчилари Келажак пактини расман қабул қилишди. БМТ бош котиби Антониу Гутерришнинг сўзларига кўра, ҳужжат «тинчлик ва хавфсизлик йўлида янги имкониятларга йўл очади». Бу халқаро ҳамкорликни ислоҳ қилиш ва адолатли дунё сари муҳим қадамдир, дея қўшимча қилди у.

Зеленский Ню-Йоркка БМТ Бош ассамблеясида иштирок этиш учун келди

Украина президенти Володимир Зеленский Ню-Йоркка етиб келди. Бу ҳақда у 22 сентябр куни кечқурун Х ижтимоий тармоғида маълум қилди. «Асосий мақсад — Украинани мустаҳкамлаш ва бутун халқимизни ҳимоя қилиш, бу урушни фақат глобал саъй-ҳаракатлар орқали адолатли тинчлик билан тугатиш мумкин», деди Украина раҳбари. У, шунингдек, «Украинанинг Россия Федерациясига қарши мудофаа урушида ғалаба қозониш режасини» эълон қилади, у «барча иттифоқчилар столида бўлади». Аввалроқ, Зеленский унинг «ғалаба режаси» хавфсизлик, Украинанинг геосиёсий ўрни, кучли ҳарбий ва иқтисодий ёрдам бўйича қарорлар ҳақида эканини айтган.

Зеленский БМТ Бош ассамблеяси йиғилишида нутқ сўзлаши кутилмоқда, 26 сентябр куни эса Оқ уйда АҚШ президенти Жо Байден билан учрашиши режалаштирилган. Украина президенти АҚШ президентлигига Демократлар ва Республикачилар партиясидан номзодлар – Камала Ҳаррис ва Доналд Трамп билан ҳам учрашиш ниятини билдирди. Бундан ташқари, унинг Америка Конгресси вакиллари, шунингдек, қатор давлатлар ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари билан учрашувлари режалаштирилган.

Тахминларга кўра, Зеленский ўз учрашувида Байденга тақдим этадиган «ғалаба режаси»нинг бандларидан бири АҚШ ва унинг иттифоқчилари ҳали ҳам рад этаётган Ғарбнинг узоқ масофали қуроллари билан Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга зарба йўллашга рухсат бўлиши кутилмоқда. Bloomberg агентлигига кўра, режага кўра, Украина йил охиригача НАТОга аъзо бўлиш учун расмий таклифнома олиши ҳам кўзда тутилган.

Мавзуга оид