Спорт | 15:41 / 26.09.2024
15697
9 дақиқада ўқилади

АПЛда янги душманлик бошланиши. Артета аслида Гвардиоланинг шогирди эмаслиги ҳақида

«Сити» «Арсенал»ни 4 ўйиндан буён енга олмаяпти. Пеп шогирдлари бу рақиб ўйин услубидан норози. Охирги тўқнашувдан кейин майдон ташқарида даҳанаки баҳс давом этмоқда.

«Манчестер Сити» – «Арсенал» ўйинининг 65-дақиқасида ҳали майдонга тушиб улгурмаган 17 ёшли Майлз Люис-Скелли ҳакам томонидан огоҳлантирилди. Сабаби, у Артета кўрсатмаси билан майдон четидан бориб, дарвозабон Райяга нимадир деди, ҳакам буни сезиб, сариқ карточка кўрсатди. Бироз ўтиб Райя майдонга ётиб олгач, ўйин маълум муддатга тўхтатилди. Бу пайтда Артета бутун жамоани олдига тўплаб, керакли кўрсатмаларни берди. Артета Майлз орқали Райяга нима деганини тушуниш қийин бўлмаса керак, тўғрими?

Яқинда бир подкастда савол кўтарилди: Артетанинг Гвардиола билан рақобати худди Клопп-Пеп даражасига кўтарилиб, якунда Артета ҳам немис мураббийи каби совринни ютиб, ниятига етиши мумкинми?

Сўнгги йилларда «Арсенал», хусусан Артетанинг ҳам мураббий сифатида тизимли шаклда ўсиб бораётганини кўриб, бунга фақат битта тўсиқ қолганини айтиш мумкин – агар Пеп ундан аввал Англиядан кетиб қолмаса. Акс ҳолда, албатта, устоз-шогирд ўртасидаги кучли рақобатни томоша қиламиз ва катта эҳтимол, бир кун Артета Пепдан кўпроқ очко тўплаб, чемпионга айланади, назаримда.

Энди, устоз-шогирд ҳақида. Клопп ва Пеп Гвардиоланинг рақобати фақат майдонда кечган, икки замонавий услубнинг ҳақиқий кураши эди. Саккиз йил Англияда, ундан аввалги Бундеслигани қўшсак ҳам, Клопп ҳеч қачон Пепга қарши ўйинларда ўз услубидан воз кечмаган. Пеп ҳам айнан шу туфайли Клоппни юқори қўяр, агар интернетни қидирсангиз, икки мураббийнинг бир-бирининг шаънига билдирган жуда кўп мақтовли гапларни топиш мумкин. Мураббийлар бир-бирини ривожлантирган, бир-бирини кучайтирган, бир-бирига ниманидир ўргатган ҳам.

Сулшернинг Манчестердаги йилларида у кўп марта «Манчестер Сити» устидан ғалаба қозонган бўлса-да, ҳеч ким бунга рақобат сифатида қарамаган, Юрген Клопп даражасига кўтармаганди. Сабаби, норвегиялик мутахассис асосан рақибнинг имкониятларини чеклаш орқали ғалаба қозонишга уринган. Клоппнинг бошқалардан фарқи ҳам шунда – у доим Гвардиола футболига қарши ўз футболини стол устига қўя олган, бундай мураббийлар яна кўп, муҳими, Клопп шу йўл билан ҳам ижобий натижалар қайд эта олгани ҳам эди.

Ҳозир масалан, якшанба кунги ўйиндан кейин айтиляптику, «Этиҳад»да бундай шароитда ҳар қандай жамоа шундай ҳимояланишга мажбур бўларди. Тўғри гап. Ўтган мавсумдаги «Реал»ни эслаш мумкин. Лекин шунинг учун ҳам Клоппни эслаяпмиз, у ҳар қандай шароитда, доим Гвардиола билан жанг қилган.

Артета ва Пеп рақобати сал бошқа йўналишга қараб кетаётгандек. Аввалига ҳамма унинг Лондонда янги «Сити» қураётганига гувоҳ бўлди, бу айниқса айнан устозига қарши баҳсларда сезилганди. Артета Гвардиолага қарши дастлабки 10 ўйиндан 9 тасини бой берди. Тўрт марта йирик ҳисобда. Кейинчалик, ниҳоят «Арсенал» совринлар учун курашиш салоҳиятини намойиш қилгани ҳамоно Артета ўзгарди. Айнан «Манчестер Сити»га нисбатан.

Ўзаро ўйинларнинг охирги тўрттасида лондонликларда бир ғалаба ва уч дуранг. Дастлаб, суперкубок баҳсининг асосий вақтида 1:1 (пеналтилар сериясида «Арсенал» ғалаба қозонди), кейин Лондонда 1:0. «Этиҳад»даги охирги икки ўйин дуранг ҳисобда якунланди. Асосий бурилиш нуқтаси ҳам айнан шу икки ўйин. Мана шу икки ўйинда Артетанинг Клоппдан фарқли жиҳатлари кўзга ташланишни бошлади. «Этиҳад»даги икки ўйиндаги тўп назоратига қаралса, 70 га 30, ҳа, сўнгги бўлиммнинг таъсири катта, аммо қизил карточкадан аввалги 1-бўлимда ҳам 66 га 34 фоиз эди.

Албатта, агар Артета Симеоне ёки Моуринио бўлса, тушунарли, доим шундай, лекин Артета бошқа ўйинларда бутунлай бошқа футболни тарғиб қилади, шогирдлари тўп билан ҳам жуда кучли. Табиийки, бу Пепга ёқмаяпти, умуман, унинг мураббийларга муносабатига қараб чиқсак, айнан ҳимоявий, рақибдан келиб чиқиб ўйнайдиганларга нисбатан салбий фикрлари кўп. Ора-сира Артетани мақтаб қўяётган бўлса-да, муносабат ўйиндан ўйинга совуқлашаётгандек.

«Ливерпул» билан «Арсенал»нинг фарқи, ливерпулликлар Англияда чемпион бўлишган, Чемпионлар Лигасини ҳам ютган жамоа эди, улар биз билан доим ғалаба учун майдонга тушишган. «Арсенал»га нисбатан бундай дейиш қийин», – дейди Бернарду Силва.

Ҳоланд эса, сўнгги ўйиндан кейин Артетанинг ёнига бориб, «сал камтарроқ бўлиш» лозимлигини уқдира бошлади, кейин эса Жезус мураббийнинг ёнини олиш учун етиб келди, уларни Грилиш ажратиб қолди. Буларнинг ҳаммаси футболчиларнинг шахсий хулосаси эмас, «Манчестер Сити» лагеридан чиқаётган муносабат.

Аввалроқ, «Манчестер Сити» футболчилари «Арсенал»нинг ўйинни чўзиш учун турли йўллардан фойдаланишини танқид остига олишганди. Артета бу ҳақида ҳам фикрини бироз сирли шаклда билдириб ўтди: «Мен тўрт йил у ерда ишлаганман. Менда барча маълумот бор. Мен ҳам баъзи нарсаларни биламан». 

Аслида Артета учун бундай ҳолатлар муваффақият. Унинг жамоасини жиддий қабул қилишмоқда. У фақат услубга «сиғинадиган» Сарри ёки Биелса ортидан кетмаётгани, соврин ютишга урғу бериб, ўйинларга стратегик ёндашаётгани таҳсинга сазовор. Жамоаси бутун ўйин давомида тўпга эгалик қилса ҳам ёки умуман тўпга тегмаса ҳам, ҳар икки шартларда бирдек топ-даража намойиш қилаётгани асосий ютуқ. Жамоа ўтган йили ҳимоядаги кўрсаткичлар бўйича бутун Европада катта фарқ билан энг яхши бўлди. Салиба – Габриел жуфтлигининг мавсумдаги даражаси охирги ўн йилликдаги энг яхши жуфтликлар ичида 4-ўриндаги кўрсаткични қайд этди. «Арсенал» ўйин услубидан тортиб, барча ўлчовларда янги куч пайдо бўлаётганидан дарак бермоқда. Еврокубок ўйинларида ўзига бўлган ишонч ёки Англия чемпионатидаги соврин етишмаяпти, холос. Экспертлардан бири тўғри айтди – тарих «сал қолганлар»ни эсдан чиқаради. Албатта, Артетанинг ҳам бундан хабари бор.

Кўп айтилади, Англия Премер лигаси тарихида Фергюсон буюкроқми ёки Пеп Гвардиола? Кўпчилик, Пепнинг анча қийин даврда гигемонлик қилаётганига урғу бериб, унинг меҳнатларини юқори қўяди, аммо мен бу фикрларга қўшилмайман. «Манчестер Сити» ҳар қанча кучли бўлмасин, яна бир нарсани тан олиш керак – Гвардиола пайтида Англияда Клопп бошқарувидаги «Ливерпул»дан бошқа рақобатбардош жамоа бўлмади ҳисоб. «Юнайтед» ва «Челси» анчадан бери ўзи билан ўзи курашмоқда, Арсен Венгернинг охирги йилларида инқироз кўчасига кириб қолган «Арсенал» энди оёққа турди ва ҳоказо.

Фергюсоннинг ютуқларидан бири шунда эдики, у аввал Венгернинг енгилмас «Арсенал»и, кейин Абрамович ва Моуринио, охирида эса, «Манчестер Сити»нинг улкан иштаҳасига тўқнаш келди ва якунда ҳар бир рақобатни навбатдаги чемпионлик билан якунлади.

Бугунги «Арсенал» ўша даражада кучга айланиши учун бироз вақт керак бўлади ва агар Гвардиола бу «Арсенал»ни ҳам енгиб чиқсагина, чинданам АПЛ тарихидаги икки буюк мураббийнинг бирига айланиши мумкин, холос.

Негадир, бу янги рақобат Юрген Клопп билан бўлганидан фарқли равишда, асабийроқ, кирроқ ва албатта, қизиқроқ бўладигандек туюлмоқда. Ахир биринчи абзацдаги воқеа сизга кўпроқ Жозе Моуриниони эслатиб юбормаяптими? Ҳа, Пеп Гвардиола ва Артета бир вақтлар бирга ишлашган, Артетада «Манчестер Сити» тарихи бор, хўш нима бўпти? Моуринио ҳам ўз вақтида футболчи Гвардиоланинг жамоасида ишлаган, унинг ҳам «Барселона» тарихи бўлмаганмиди?

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид