Жаҳон | 07:51 / 26.09.2024
11986
4 дақиқада ўқилади

АҚШ Конгресси Зеленскийдан Украина элчисини ишдан бўшатишни талаб қилмоқда

Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон Зеленскийнинг Пенсилваниядаги мудофаа заводига сафарини «сайловга аралашув» деб атади.

Фото: Reuters

АҚШ Конгресси қуйи палатаси спикери ва Республикачилар партияси аъзоси Майк Жонсон Володимир Зеленскийдан Украинанинг АҚШдаги элчиси Оксана Маркаровани ишдан бўшатишни талаб қилди. Жонсон 25 сентябр, чоршанба куни X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Украина етакчисига мурожаати суратини эълон қилди.

Республикачи ўз талабини Зеленскийнинг Пенсилвания штатининг Скрэнтон шаҳридаги ўқ-дорилар заводига қилган сафари билан боғлади. Жонсоннинг қайд этишича, Украина президентининг «иккиланувчи штатлар» (у ёки бу партия вакилларига овоз бериш анъаналари мавжуд бўлмаган штатлар)дан биридаги объектга ташрифига Демократик партия вакиллари ҳамроҳлик қилган. Унинг фикрича, Зеленскийнинг ҳамроҳлари орасида республикачиларнинг йўқлиги АҚШ президентлик сайловларида Демократик партиядан номзод Камала Ҳаррис учун сайловолди ташвиқоти учун мўлжалланган «партизан кампания»дир.

Спикер Маркаровани ушбу сафар ташкилотчиси деб ҳисоблайди ва республикачиларнинг «ишончини йўқотгани» сабабли уни Қўшма Штатларда «адолатли ва самарали дипломат сифатида хизмат қила олмайдиган» шахс сифатида дарҳол ишдан бўшатишни талаб қилди. Жонсон воқеани Қўшма Штатлардаги «сайловга аралашув» деб атади.

Зеленский Байден билан Украинанинг урушдаги «ғалаба режаси»ни муҳокама қилади

Володимир Зеленский 22 сентябрда бошланган режалаштирилган ташриф билан АҚШда. Пенсилваниядаги заводга ташриф буюрганидан сўнг, у Ню-Йоркда БМТ Хавфсизлик кенгашининг йиғилишида иштирок этди ва у ерда Россия Федерацияси томонидан Украинага қарши олиб борилаётган урушни тугатиш ҳақида нутқ сўзлади.

Шундан сўнг, Зеленский БМТ Бош ассамблеяси аъзолари билан суҳбатлашди ва бошқа нарсалар қаторида яна бир бор Украина разведка маълумотларини эслатиб ўтди, у Россия Федерацияси Украина атом электр станциялари ва инфратузилмаларига ҳужум қилишни, келгусида уларни энергия тизимидан узиб қўйишни режалаштираётганидан далолат беради. 

Бироқ, Украина президентининг АҚШга ташрифи учун энг кўп муҳокама қилинган сабаб унинг 26 сентябр куни Вашингтонда Америка етакчиси Жо Байден ва АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис билан учрашуви бўлади. Володимир Зеленский аввалроқ Байденга Украинага қарши очилган урушда «ғалаба режаси»ни тақдим этишини айтган эди.

Сафар бошланишидан олдин Зеленский Республикачилар партиясидан президентликка номзод Доналд Трамп билан «ғалаба режаси»ни муҳокама қилмоқчи эканлигини таъкидлади. Бироқ Трампнинг сайловолди ташвиқоти кейинроқ унинг бундай учрашувлар режалаштирилмаганини айтди.

Трампнинг ўзи 24 сентябр куни Шимолий Каролинада сайловолди ташвиқоти митингида нутқ сўзлаб, Зеленскийнинг АҚШга ташрифини танқид қилди. У киноя билан Украина президентини «тарихдаги энг яхши сотувчи» деб атади ва у ҳар сафар АҚШга ташриф буюрганида гўёки «60 миллиард доллар билан қайтиб кетишини» айтди. Трамп келтирган рақам расмий маълумотларга тўғри келмайди ва АҚШ Конгрессида кўп ойлик мунозаралардан сўнг 2024 йил апрелида бир марта қабул қилинган Украинага ёрдам пакети миқдорига ўхшайди.

Мавзуга оид