Исроил Ливандаги юзлаб нишонларни йўқ қилди
Аммо «Ҳизбуллоҳ» ҳозирча зарбага дош бермоқда — мослашувчан бошқарув тизими ҳамда ерости туннеллари тармоғи эвазига.
Исроил Ливан бир неча кун давомида ёппасига ўққа тутилишидан кейин эълон қилган ҳисоботида «Ҳизбуллоҳ»га алоқадор бўлган юзлаб нишонлар, жумладан, ракета учириш шахталари ва қурол омборлари йўқ қилингани, шунингдек гуруҳнинг бир неча юқори мартабали қўмондонлари ўлдирилгани ҳақида маълум қилган. Аммо, Reuters’нинг ёзишича, мослашувчан қўмондонлик тузилмаси, шунингдек туннелларнинг кенг тармоғи ҳамда ракета ва қуролларнинг улкан арсенали «Ҳизбуллоҳ»га Исроил зарбаларига дош беришга имкон бермоқда.
«Ҳизбуллоҳ»нинг оператив фаолиятидан хабардор бўлган икки манба агентликка айтишича, гуруҳ аллақачон Иброҳим Оқил (у «Ҳизбуллоҳ»нинг ҳарбий амалиётларига раҳбарлик қилган) ва Байрут бўйлаб 20 сентябр куни йўлланган авиазарба оқибатида ҳалок бўлган бошқа қўмондонлар ўрнига одам топган. Бундан ташқари, суҳбатдошлардан бирининг айтишича, «Ҳизбуллоҳ» тузилмаси олдиндан қўмондонлар ўлимидан кейин ҳам барқарор қолиши учун махсус мослаштирилган.
Исроил билан чегарадаги оддий аскарлар қўмондонлар ўлими туфайли буйруқларни жойига етказиш занжири узилган тақдирда мустақил ҳаракатланишга ўргатилган. Ҳар бири чегарадаги бир неча посёлка ёки қишлоқларга масъул бўлган кичик гуруҳлар узоқ вақт давомида мустақил ҳолда Исроилга қарши туриши мумкин.
Reuters нинг «Ҳизбуллоҳ»даги манбаси айтишича, ўтган ҳафтада пейжерлар ва рациялар портлаши оқибатида гуруҳнинг 1500 аъзоси «сафдан чиққан» — улардан айримлари кўр бўлиб қолган, бошқаларининг қўллари узилиб кетган. Бу етарлича жиддий зарба бўлган бўлса-да, бу йўқотишлар барибир гуруҳнинг шахсий таркиб бўйича ресурсларида арзимас миқдорни ташкил этади: АҚШ конгрессининг яқин йиллардаги ҳисоботларидан бирида гуруҳ аъзолари сони 40-50 минг кишига баҳоланганди.
Пейжерлар ва рациялар портлаганилан кейин «Ҳизбуллоҳ»да «қисқа муддатли тартибсизлик даври» юзага келган, аммо бир неча кун ўтиб гуруҳ ичидаги ўзаро алоқа қайта тикланган. «Ҳизбуллоҳ»да буйруқлар энди махсус симли телефон тармоғи орқали йўлланмоқда; шунингдек, гуруҳ аъзолари бошқа қурилмалардан — масалан, ўтган ҳафтадаги ҳужумларда бузилмаган пейжерлардан фойдаланмоқда.
Бундан ташқари, «Ҳизбуллоҳ» ўз ракета арсеналларини яхшироқ яширишни ўрганиб олган — Исроил бомбардимонлар вақтида уларнинг фақат кичик қисмини вайрон қила олган. Reuters манбалари 22 сентябр куни Исроил ҳудуди ўққа тутилгани ҳам буни тасдиқлашини айтишган: ракеталар бироз олдинроқ авиазарбаларга учраган ҳудудлардан учирилган. «Ҳизбуллоҳ» арсеналининг бир қисми ер остига жойлаштирилган деб ҳисобланмоқда.
Мавзуга оид
10:30 / 23.11.2024
Халқаро суд қарори: Нетаняҳу ва Галлант ҳибсга олинса нима бўлади?
22:51 / 22.11.2024
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
14:54 / 22.11.2024
Байден ХЖСнинг Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер беришига муносабат билдирди
17:37 / 21.11.2024