Фестивал фожиага айланди: Ҳиндистонда 46 киши чўкиб кетди, уларнинг аксарияти болалар
Ҳиндистонлик аёллар диний анъанага мувофиқ фарзандлари билан чўмилишга борган. Яқинда содир бўлган ёғингарчилик туфайли дарё ва ҳовузларда сув кўпайиб кетгани ортидан фожиа юз берди.
Ҳиндистонда диний байрам муносабати билан дарё ва ҳовузларда чўмилаётган 46 киши чўкиб кетди, деб ёзади The Guardian. Фожиага мамлакатда яқинда содир бўлган тошқинлар туфайли дарё ва ҳовуз сувларининг меъёрдан ошиб кетиши сабаб бўлган. Биҳар штати ҳокимияти вакиллари қурбонлар орасида 37 нафар бола ва етти нафар аёл борлигини маълум қилди.
Гап шундаки, мамлакатдаги диндорлар ҳар йили кенг кўламда ўтказиладиган Живитпутрика Врат байрамини нишонлаётган эди. Бу байрамда аёллар 24 соат давомида рўза тутиб, фарзандларининг фаровонлиги учун ибодат қилади. Сўнг улар ўз ҳудудларидаги дарё ва ҳовузларга чўмилишга боради, баъзида болаларини ҳам олиб кетади.
Биҳар штати ҳукумати қурбонларнинг оиласига 400 000 рупийдан (4 784 доллар) товон пули тўланишини эълон қилди.
Ҳиндистонда йирик диний байрамлар пайтида зиёратгоҳларда ўлим ҳолатлари тез-тез учрайди, чунки бу пайтда миллионлаб одамлар зиёратга келади. Ўтган йили маҳаллий ОАВ Биҳар штатида 24 соат ичида 22 киши сувга чўкиб вафот этгани ҳақида хабар берганди.
Июл ойи бошида эса Уттар-Прадеш штатида кўп сонли ҳиндларнинг диний йиғинида камида 116 киши оёқ остида қолиб ҳалок бўлди. Бу сўнгги ўн йил ичида кузатилган энг даҳшатли фожиа.
Ҳиндистонда ҳар йили муссон мавсумида (июн - сентябр ойлари оралиғида) кучли ёмғирлар ёғади ва сув тошқинлари содир бўлади. Муссон қишлоқ хўжалиги ва миллионлаб фермерлар турмуши учун жуда муҳим. Аммо у Жанубий Осиё бўйлаб юзлаб одамларнинг ҳаётига зомин бўладиган кўчкилар ва сув тошқинлари сабабчиси ҳам ҳисобланади.
Июл ойида Ҳиндистон жанубидаги Керала штатида 200 дан ортиқ киши ҳалок бўлди: кучли муссон ёмғирлари туфайли юзага келган кўчкилар чой плантацияларини тонналаб тош ва тупроққа кўмиб ташлади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, иқлим ўзгариши бутун дунё бўйлаб экстремал об-ҳаво ҳодисалари сонининг кўпайишига сабаб бўлмоқда. Ҳиндистондаги тўғон қуриш, ўрмонларни кесиш ва қурилиш лойиҳалари эса қурбонлар сонини оширмоқда.
Мавзуга оид
20:58 / 19.11.2024
Путин Ҳиндистонга боради
16:43 / 17.11.2024
Ҳиндистон биринчи гипертовушли ракетасини муваффақиятли синовдан ўтказди
16:50 / 16.11.2024
Ҳиндистонда ҳаво ифлосланиши кучайиб кетганидан Тож Маҳал кўринмай қолди
17:36 / 14.11.2024