Жаҳон | 23:11 / 27.09.2024
2988
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда 50 дан ортиқ дори-дармонлар сифатида муаммо аниқланди

Бундай дорилар ичида кенг қўлланиладиган антацидлар, парацетамол, қон босимини туширувчи воситалар, антибиотиклар бор.

Фото: Reuters

Ҳиндистоннинг дори воситаларини тартибга солувчи органи (CDSCO) 50 дан ортиқ дори воситалари, жумладан, кенг қўлланиладиган антацидлар ва парацетамолнинг айрим партиялари сифатсиз ёки қалбаки эканини аниқлади. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Назорат органи мамлакат бўйлаб ўтказиладиган мунтазам текширувлардан сўнг, сифатсиз ёки қалбаки дори воситаларининг ойлик рўйхатини эълон қилиб боради.

CDSCO баъзи дориларнинг «стандарт сифатга эга эмаслигини» аниқлаган. Жумладан, август ойидаги рўйхатга антацид Pan-D, инфекцияга қарши Cepodem дориси, Pure & Cure Healthcare томонидан ишлаб чиқарилган витамин ва калций таблеткалари, шунингдек, бир қанча антибиотиклар киритилган.

Шунингдек, Sun Pharmaceutical Industries томонидан ишлаб чиқарилган машҳур антацид Pantoprazol дорисининг қалбаки партияси аниқланган. Ўпкада юқори қон босимини даволашда қўлланиладиган Pulmosil ҳам қалбаки бўлиб чиққан.

«Дори сифат стандартларига жавоб бермаслиги аниқланганда, дори воситаларини тартибга солувчи орган ишлаб чиқарувчига маҳсулот партиясини текшириш ва қайтариб олиш тўғрисида хабар беради. Компаниялар, шунингдек, сохталаштириш эҳтимолини текшириш учун қолган намуналар бўйича ўз синовларини ўтказмоқда», деди Ражив Сингҳал, Ҳиндистон кимёгарлари ва фармацевтлари бош котиби.

Reuters агентлигининг таъкидлашича, дунёнинг энг йирик дори ишлаб чиқарувчилари ва экспортчиларидан бири бўлган Ҳиндистон йўтал сироплари Гамбия, Ўзбекистон ва Камерунда болалар ўлимига алоқадор бўлганидан кейин ўзига бўлган ишончни тиклаш устида ишламоқда.

Мавзуга оид