Жаҳон | 19:19 / 28.09.2024
9788
3 дақиқада ўқилади

«Ҳизбуллоҳ» раҳбарини йўқ қилиш бўйича операция тафсилотлари маълум бўлди

Исроил «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Насруллоҳ бўлган бункерга 80 дан ортиқ бомба ташлади.

Фото: REUTERS/Aziz Taher

Исроил Насруллоҳнинг Байрутдаги ерости қароргоҳига 85 га яқин бомба, жумладан бункер учун мўлжалланган бомбаларни ташлади. Исроил армияси (ЦАҲАЛ) шунингдек, ерости ракета омборларига зарба берилганини маълум қилди.

Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» шиа ҳаракати етакчиси Ҳасан Насруллоҳни йўқ қилиш учун ерости марказий қароргоҳига ҳар бири 1 тонна оғирликдаги 80 дан ортиқ бомба ташланди, деб ёзди Ynet.

Операцияга Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари 69-эскадронининг F-15 қирувчи самолётлари бошчилик қилган. Насруллоҳнинг йўқ қилингани эълон этилганидан кейин Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони генерал-майор Томер Бар учувчиларни муваффақият билан табриклади. Қўмондон: «Биз ҳар қандай одамга, исталган жойга етиб борамиз ва гаровга олинганлар ва шимол халқини уйга қайтариш учун қўлимиздан келганини қиламиз», деди.

Мақсад Насруллоҳни йўқ қилиш бўлган операцияни Исроил томони 27 сентябр оқшомида ўтказди. «Ҳизбуллоҳ»нинг Байрутдаги турар-жой биноси остида жойлашган ерости қароргоҳига зарба берилди.

Зарба беришдан олдин ЦАҲАЛ Байрут чеккасидаги учта уй аҳолиси билан боғланиб, уларни эвакуацияга чақирган, чунки бу бинолар «Ҳизбуллоҳ» стратегик иншоотлари тепасида жойлашган эди.

Бундан ташқари, ЦАҲАЛ «Ҳизбуллоҳ»нинг Даҳиядаги олтита бино остида жойлашган ерости ракета омборларига зарба берди. Исроил ҳарбийларига кўра, бу ракеталарнинг учиш масофаси «юзлаб километр»га етган. Умуман олганда, 27 сентябр оқшомидан 28 сентябргача Исроил кучлари «Ҳизбуллоҳ»нинг 140 дан ортиқ объектларига, шу жумладан ракета қурилмаларига зарба берди.

Қайд қилинишича, Байрутга берилган зарбада «Ҳизбуллоҳ»нинг жанубий қўмондонлиги раҳбари Али Карокий ҳам ҳалок бўлган. Шунингдек, Насруллоҳнинг қизи Зайнаб вафот этгани ҳақида ҳам хабар берилди.

«Ҳизбуллоҳ» ўз раҳбарининг ўлимини тасдиқлади ва Ғазо сектори, Фаластин ва Ливан халқини қўллаб-қувватлаш учун «курашни давом эттиришга» ваъда берди.

Ҳасан Насруллоҳ 64 ёшда эди. У 1992 йилда Исроил армияси Ливан жанубида аввалги етакчи Аббос ал-Мусавийни йўқ қилганидан кейин раҳбарликка келган.

Мавзуга оид