Ўзбекистонга 3 метрлик бўғма илонни олиб кирмоқчи бўлган бўлган шахс тўхтатиб қолинди
Илон асосан Жанубий ва Жанубий-Шарқий Осиёда яшайдиган йўлбарссимон албинос бўғма илони бўлиб чиққан.
Тошкент вилоятида жойлашган “Ғишткўприк” чегара божхона постида 3 метрлик илонни олиб киришга уриниш фош қилинган. Бу ҳақда Божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, “Ғишткўприк” чегара божхона постида қўшни давлатдан кириб келган пиёдага тегишли қўл сумкаси назорат-рентген ускунаси орқали кўздан кечирилганида, унинг ичида божхона ходимларининг оғзаки сўровида ва йўловчи божхона декларациясида маълум қилинмаган илон борлиги аниқланган.
3 метр узунликдаги мазкур илон дастлабки маълумотларга кўра, йўлбарссимон албинос бўғма илони бўлиб, асосан Жанубий ва Жанубий-Шарқий Осиёда яшайди.
Халқаро Қизил китобга киритилгани сабабли мазкур жониворни Ўзбекистонга олиб киришда халқаро CITIES рухсатномаси талаб этилади. Юқоридаги ҳолатда йўловчи бу каби ҳужжатларни божхона ходимларига тақдим қила олмаган.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Илон эса Тошкент ҳайвонот боғига топширилган бўлиб, мутахассислар унинг ҳолатини барқарор деб баҳоламоқда.