Жаҳон | 15:28 / 29.09.2024
63399
8 дақиқада ўқилади

Бир жиноят тарихи: қизи учун ўч олган милиция зобити

1980-йиллар ўрталарида Москва областидаги қишлоқлардан бирида уч йигитнинг ўлиги топилади. Йигитлардан бири дипломатнинг, иккинчиси Марказий қўмитада ишловчи шахснинг ўғли бўлиб чиқади. Учинчи йигит уларнинг дўсти бўлган. Милиция қотилни узоқ қидирмайди...

Бугун СССРни мақтайдиган айрим одамлар ўша пайтларда жиноятчилик бўлмаганини, одамлар бир-бирларини алдамасликларини айтишади. Аслида, асло ундай эмасди.

СССРда жиноятчилик бор эди, шунчаки аксарият оғир жиноятлар оммадан яширилар, шу сабабли одамлар онгига «бизда жиноятлар содир бўлмайди», деган тушунча сингиб қолганди.

Қуйида ҳикоя қиладиган жиноят ҳам советлар даврида содир этилган ва СССР парчаланиб кетгандан сўнг оммага ошкор бўлган.

1985 йил қиш фасли. Москва вилоятидаги далаҳовлилар жойлашган қишлоқларнинг бирида уйга қайтаётган сотувчи аёл қорда қон изини кўриб қолади.

Атрофга аланглаган аёл ўша атрофдаги уйларнинг биридан тутун чиқаётганини кўради. Уй ёнаётган эди. Аёл уй эшигини очади ва икки йигитнинг жасадига кўзи тушади. Йигитлар қонга беланган ҳолда ётарди.

Аёл дарҳол қўшниларни чақиради. Бу орада кимдир ўт ўчирувчиларга ва милицияга қўнғироқ қилади. Ўт ўчирувчилар келиб оловни ўчиришади. Милиция атрофни ўраб олади.

Жасадлар текшириб кўрилганда улар юқори лавозимли амалдорларнинг ўғиллари – Виктор Середа ва Сергей Капустин экани ойдинлашади. Йигитлардан бирининг отаси дипломат, иккинчиси КПСС Марказий қўмитаси аъзоси эди.

Йигитларнинг жасади топилган далаҳовли текшириб кўрилганда қандайдир Саломатин деган шахсга тегишли экани аниқланади. Хўш, у ким ва йигитлар қай тарзда ўлдирилган?

Текшириб кўрилганда, далаҳовли эгасининг ўғли Валерий Саломатин ўлдирилган йигитлар билан Москвадаги университетларнинг бирида бирга ўқиши ойдинлашади.

Милиция дастлаб йигитлар ўртасида жанжал келиб чиққан ва Саломатин ўртоқларини ўлдириб қочиб кетган, деган тахминга боради.

Бироқ ...

Милиция қишлоқдаги барчадан кўрсатма олади. Шунда ўша куни уларни биринчи бўлиб кўрган аёл ҳамда бошқалар бу йигитлар безори бўлишгани, кўпчиликка зарар етказиб келишганини айтади.

Сотувчи аёлнинг милицияга берган кўрсатмасига кўра, йигитлар ўша куни эрталаб у ишлаётган магазинга спиртли ичимликлар олиш учун киришади. Сотувчи йигитларни вояга етмаган деб гумон қилган ва улардан шахсни тасдиқловчи ҳужжат сўрайди.

Шунда йигитлар аёлга дўқ уриб, ичимлик беришни талаб қилишади. Шу пайт магазинга ака-ука Егор ҳамда Фёдор Харламовлар кириб келади ва йигитларни қувиб юборади.

Милиция ходимлари кўрсатма олиш учун Егор ва Фёдор Харламов бирга яшайдиган уйга йўл олади. Ўша пайтда Егор овга чиқиб кетган, уйда Фёдор ва унинг хотини бор эди.

Ходимлар ҳовлига кирганда уларни бир қўли бинт билан боғланган Фёдор кутиб олади. Бу ҳолат милиция ходимларининг эътиборини тортади. Бу ҳақда сўралганда мебел таъмирловчи уста бўлиб ишловчи Фёдор қўлини иш жараёнида жароҳатлаб олганини айтади.

Милиция ходимлари унга ишонишмайди ва уйни тинтув қилишга қарор қилишади. Улар ҳамма ёқни текширишади, бироқ шубҳали буюм ёки жиноятга алоқадор ҳеч нарса топилмайди.

Шу пайтда ходимлардан бири Фёдорнинг хотини уйдан шубҳали тарзда сумка олиб чиқиб кетаётганини кўриб қолади. Аёл уларни уйидан сал наридаги кўлга ирғитади.

Милиция ходимлари аёл далилларни йўқотишга уриняпти деб ўйлашади ва совуқ сувга тушиб аёл улоқтирган сумкани олиб чиқишади. Сумкани очишганда унинг ичидан Фёдорнинг қон теккан кўйлаги чиқади.

Фёдор қўлини кесиб олганида эгнида шу кўйлак бўлганини айтади. Бироқ бир савол очиқ қолаётганди: агар Фёдор рост гапираётган бўлса, унда қон теккан кўйлакни ювиб яна фойдаланса бўларди. Нега хотини шундай қилмай кўйлакни яширишга уринди?

Бу саволга Фёдорнинг хотини жавоб беради. Магазиндан йигитларни Фёдор ва Егор қувган. Кейин йигитларнинг ўлиги топилган. Бундай пайтда биринчи гумондор Егор ва Фёдор бўлади.

Агар милиция қон теккан кўйлакни топиб олса Фёдорни қамоққа олиши, ҳақиқий қотил топилмаса уни узоқ йилга қамаб юборишлари ёки ҳатто ўлим жазоси ҳам беришлари мумкин. Аёл шу хавотирлардан келиб чиқиб қон теккан кўйлакни йўқотишга уринган экан.

Милиция Фёдорнинг хотинини сўроқ қилаётганда уйга укаси Егор кириб келади. У милиция ходимларига уйидан сал наридаги ботқоқликда бир йигитнинг жасади ётгани ҳақида хабар беради.

Жасад текшириб кўрилганда у йигитлар ўлдирилган далаҳовли эгасининг ўғли Валерий Саломатин экани ойдинлашади.

Милицияда икки йигит ва уларнинг дўсти Валерий Саломатинни ака-ука Харламовлар ўлдирган, деган гумон асосий ўринда турганди. Шу сабабли улар ҳибсга олинади.

Бироқ Валерий Саломатиннинг жасади олдидан темир буюм топилади ва унда номаълум шахснинг бармоқ излари қолган эди. Шу сабабли милиция қидирув ишларини давом эттиради.

Ана шу жараёнда ўлган йигитларнинг оталари, Москвада юқори лавозимларда ишлайдиган амалдорлар милицияга босим ўтказиб, ҳибсга олинган ака-уканинг жиноят ишини тезроқ судга ўтказишни талаб қилади.

Бироқ бу иш билан шуғулланган терговчи виждонли одам эди. У амалдорларнинг босимига қарамасдан ишни охирига етказишни мақсад қилади.

Терговчи Саломатиннинг жасади олдидан топилган темир буюмга тушиб қолган бармоқ изи кимга тегишли эканини аниқлашга уринади. Бироқ бунинг иложи бўлмайди. Бошқа томондан эса кутилмаган далиллар чиқади ва бу жиноят ишида бошқа бир гумондор пайдо бўлади.

Ўлган йигитларнинг жасадлари экспертизадан ўтказилганда улар ўша куни ҳаммом пархонасида узоқ вақт ўтиргани аниқланади. Терговчи йигитлар дам олган ҳаммомни аниқлайди.

Маълум бўлишича, йигитлар ўша куни Виктор Бурков деган чолга тегишли ҳаммомда дам олган бўлиб чиқади. Чолнинг ўғли Геннадий Бурков собиқ милиция майори эди.

Геннадий милицияга ишга келгунча армияда махсус баталйонда хизмат қилган ва юқори даражада яккакураш жанг сирларини ўзлаштирганди.

У хизмат ваколатидан бир неча бор чиққани ва қўлга олинган шахсларга куч ишлатгани учун милициядан ишдан бўшатилганди.

Милиция ходимлари Виктор Бурковдан Геннадийнинг манзилини олишади ва унинг уйига қидириб боришади. Эшикни Геннадийнинг ўзи очади ва барчасини тан олади. Сўзининг охирида қизига тегмасликларини, шундоқ ҳам унинг руҳий ҳолати яхши эмаслигини айтади.

Маълум бўлишича, отаси юқори лавозимларда ишловчи уч нафар йигит ўша куни магазиндан спиртли ичимликлар ололмагач, уни бошқа жойдан топишади ва кўнгиллари ҳаммом тусаб қолади.

Улар ўша атрофда жойлашган Виктор Бурковнинг ҳаммомига боришади. Чол уларни қабул қилади. Шунда йигитларнинг кўзи бобосиникига таътилга келган Маринага тушади.

Йигитлар Виктор Бурковни молхонага қамаб қўйишади ва Маринани зўрлашади. Йигитлар кетгач, чол дарҳол ўғли Геннадийга қўнғироқ қилиб, ҳодиса ҳақида гапириб беради.

Геннадий келгач йигитларни Валерий Саломатиннинг отасига тегишли далаҳовлидан топади. У Виктор Середа ва Сергей Капустинни пичоқлаб ўлдиради. Валерий Саломатин эса жароҳатланган ҳолда қочишга уринади.

Геннадий уни қишлоқ четида тутиб, ўлдиради ва ботқоқликка ташлаб юборади. Қўлидаги темир буюмни ҳам ўша атрофга улоқтиради ва ортга қайтиб далаҳовлидаги уйни ёқиб юборади.

Ана шу пайтда сотувчи аёл кўчадан ўтиб кетаётиб ёнаётган уйни кўриб қолган ва эшикни очиб йигитларнинг жасадига кўзи тушганди. Тергов жараёнида Геннадий фақат битта гапни такрорлайди: «Мен қизим учун қасос олдим».

Тергов ва суд жараёнларида бири дипломат, бошқасида Марказқўм аъзоси бўлган амалдор оталар қотилга олий жазо берилишини талаб қилишади. Босим остида қолган суд Геннадийни ўлим жазосига ҳукм қилади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид