Ўзбекистон | 07:30 / 30.09.2024
6040
2 дақиқада ўқилади

«Газпром нефт» Ўзбекистонда ёнилғи қуйиш шохобчалари тармоғини қуриши мумкин

Компания раҳбари Александр Дюков Ўзбекистонда жадал иқтисодий ўсиш кузатилаётгани ва нефт маҳсулотлари истеъмоли ортиб бораётганини таъкидлади.

Фото: Wikipedia

«Газпром нефт» Ўзбекистонда қатор янги лойиҳаларни амалга ошириш, жумладан, ўз бренди остида ёнилғи қуйиш шохобчалари тармоғини қуриш имкониятларини ўрганмоқда, деди компания раҳбари Александр Дюков Россия энергетика ҳафталигида журналистларга.

«Биз ҳозир ҳам Ўзбекистонда ишлаяпмиз, у ерга нефт ва нефт маҳсулотлари – бензин, дизел ёнилғиси, мойлаш ва битум материалларини етказиб бермоқдамиз. Ўз брендимиз остидаги ёнилғи қуйиш шохобчалари тармоғини қуриш лойиҳаси муҳокама қилинмоқда», — деди у.

Дюков Ўзбекистонда жадал иқтисодий ўсиш кузатилаётгани ва нефт маҳсулотлари истеъмоли ортиб бораётганини таъкидлади. «Бу истиқболли бозор, унда бўлиш, албатта, тўғри», дея қўшимча қилди у.

Шунингдек, компания Ўзбекистон билан углеводородларни қидириш ва қазиб олишдаги технологиялар соҳасида ҳамкорликни давом эттириш ниятида, деди Дюков. «Рақамли ечимларимиздан фойдаланиб, биз Ўзбекистонда бурғилашни бошқариш марказини очишга ёрдам бердик, бу эса республика конларида қудуқларни қуриш вақтини ва нархини сезиларли даражада камайтириш имконини берди», — деди у.

VII Россия энергетика ҳафталиги Россия Федерацияси ҳукумати, Россия Энергетика вазирлиги ва Москва ҳукумати кўмагида ўтказилмоқда. Ташкилотчи — Росcонгресс фонди.

Мавзуга оид