Лукашенко ҳукуматининг беларусларга қарши жиноятлари тўғрисидаги материаллар ХЖС прокурорига юборилди
Мухолифат томонидан тўпланган ҳужжатлар Литва ҳукуматига топширилди. Ўз навбатида Литва ушбу ҳужжатларни Халқаро жиноий судга юборди.
Литва ҳукумати Беларус ҳукумати томонидан ўз фуқароларига нисбатан содир этилган жиноятлар ҳақидаги материалларни Ҳаагадаги Халқаро жиноий суд (ХЖС) прокуратурасига юборди. Бу ҳақда Беларус мухолифатининг телеграм канали хабар берди.
«Тегишли жиноятлар Беларус ҳудудида ҳам, Рим статутига аъзо давлатлар ҳудудида ҳам содир этилганлиги сабабли, Халқаро жиноий суд потенциал юрисдикцияга эга», дейилади баёнотда.
Материаллар Беларуснинг «Народное антикризисное управление» (НАУ) мутахассислари томонидан тўпланган ва Литва ҳукуматига топширилган. Литва томони тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, Александр Лукашенко ва Беларус ҳарбий-сиёсий раҳбариятининг бошқа вакиллари инсониятга қарши жиноятлар содир этаётганига ишониш учун етарли асослар бор деган хулосага келди.
«Литва Рим статути бўйича ўз ҳуқуқидан фойдаланган ва Беларусдаги режим томонидан содир этилган инсониятга қарши жиноятларни тергов қилиш учун Халқаро жиноий судга мурожаат қилган биринчи давлат бўлди. Биз Литва ҳукуматидан принципиал қарори ва хатти-ҳаракатлари учун миннатдормиз», деди Беларуснинг мухолифатдаги Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Светлана Тихановская.
«[Лукашенко] режими томонидан содир этилган жиноятлар, мажбуран депортация қилишдан тортиб, ноқонуний ҳибсга олиш ва қийноқларгача жазосиз қолиши мумкин эмас. <...> Беларус демократик кучлари томонидан тўпланган далиллар шубҳасиздир», деди Тихановская.
Литва Александр Лукашенкони Беларуснинг қонуний президенти сифатида тан олмайди. Литва Беларуснинг сайланган президенти деб ҳисоблайдиган Светлана Тихановскаянинг офиси Вилнюсда жойлашган.
Мавзуга оид
15:29 / 25.11.2024
Вилнюс аэропорти яқинида юк ташувчи Boeing қулаб тушди
21:16 / 22.11.2024
Лукашенко Беларусда норозилик намойишлари такрорланса, интернетни «бутунлай ўчириб қўйиш» билан таҳдид қилди
20:52 / 20.11.2024
Лукашенко яна 32 нафар сиёсий маҳбусни афв этди
01:38 / 19.11.2024