Жаҳон | 10:10 / 01.10.2024
2277
2 дақиқада ўқилади

«Ҳелен» тўфони: АҚШда 600 киши ҳалок бўлган бўлиши мумкин

АҚШ ички хавфсизлик вазирлиги маслаҳатчиси Лиз Шервуд-Рэндалнинг сўзларига кўра, ҳозирда табиий офат зонасида бўлган 600 кишидан ҳеч қандай хабар йўқ.

Фото: Nicholas Strasburg/UsCoast/ZUMA Press Wire/IMAGO

АҚШнинг жануби-шарқида содир бўлган «Ҳелен» тўфони 600 га яқин одамнинг ҳаётига зомин бўлган бўлиши мумкин, дея тахмин қилмоқда Вашингтон. 30 сентябр, душанба куни АҚШ ички хавфсизлик вазирлиги маслаҳатчиси Лиз Шервуд-Рэндал шундай деди: «Бизда мавжуд бўлган маълумотларга кўра, тўфон 600 кишининг ҳаётига зомин бўлган бўлиши мумкин». Расмийнинг таъкидлашича, қурбонлар сони ҳақида якуний тасдиқ ҳали йўқ.

Reuters хабарига кўра, табиий офатдан энг кўп жабр кўрган Флорида, Жоржия, Шимолий ва Жанубий Каролина штатларида, шунингдек, Теннесси ва Виржинияда «Ҳелен» тўфони туфайли жами юздан ортиқ одам ҳалок бўлган. Агентлик қайд этишича, қурбонлар сони ортиши мумкин.

PowerOutage.us мониторинг ресурсига кўра, 30 сентябрга қадар Флорида, Жоржия, Жанубий ва Шимолий Каролина ҳамда Виржиния штатларининг 2 миллиондан ортиқ аҳолиси электр таъминотисиз қолган.

«Ҳелен» АҚШ жануби-шарқида «ҳалокатли, тарихий сув тошқини»га сабаб бўлди

АҚШ Миллий тўфонлар маркази (NHC) маълум қилишича, «Ҳелен» тўфони Қўшма Штатлар жануби-шарқида «ҳалокатли, тарихий сув тошқини»га сабаб бўлди. Флорида, Жоржия, Жанубий Каролина, Теннесси ва бошқа штатлар «Ҳелен» туфайли юзага келган вайронагарчиликдан айниқса жабр кўрган. АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис шундай огоҳлантириш билан чиқди: «Тўфон хавфли ва ҳалокатли бўлиб қолмоқда, қурбонлар ва сув тошқини хавфи ҳамон юқори даражада».

«Ҳелен» тўфони 26 сентябр куни Флоридага ёпирилди, сўнг қўшни штатларга кўчди. Шамол тезлиги соатига 225 километргача етди ва тўфон тўртинчи тоифага («ўта хавфли») киритилди.

Мавзуга оид