ОАВ: Ўлдирилган Насруллоҳнинг амакиваччаси «Ҳизбуллоҳ» янги раҳбари бўлди
Насруллоҳ ўлдирилганидан кейин «Ҳизбуллоҳ»га Сафи ад-Дин раҳбарлик қилади. Оммавий ахборот воситалари унинг ўлган амакиваччасига ташқи қиёфаси ўхшашлигини қайд этади.
«Ҳизбуллоҳ» ҳаракати Исроил армияси томонидан ўтказилган операция давомида Ҳасан Насруллоҳ ўлдирилганидан сўнг янги етакчини сайлади. Насруллоҳнинг амакиваччаси Ҳошем Сафи ад-Дин гуруҳнинг янги бош котиби бўлади, деб хабар бермоқда 30 сентябр, душанба куни араб ОАВ. «Ҳизбуллоҳ» ҳозирча гуруҳнинг янги раҳбари сайланиши ҳақидаги маълумотга изоҳ бермаган.
Al Arabia 1994 йилдан бери Насруллоҳнинг ўрнига ўтишга тайёргарлик кўрган, бироқ узоқ вақтдан бери ўзининг нуфузли қариндоши соясида юрган «Ҳизбуллоҳ» асосчиларидан бири сифатида 60 ёшли Сафи ад-Динни тилга олади. Оммавий ахборот воситалари ад-Диннинг амакиваччаси билан ташқи кўриниши ва ҳатто нутқида ҳам ўхшашликни қайд этади. Бундан ташқари, ад-Диннинг ўғли Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси бўлинмаларидан бирига қўмондонлик қилган эронлик генерал Қосим Сулаймонийнинг куёви бўлгани хабар қилинган. Сулаймоний 2020 йилда АҚШнинг Ироқдаги ҳаво ҳужумида ўлдирилган.
Ҳасан Насруллоҳ 27 сентябр куни Исроил мудофаа кучларининг Байрут чеккасида жойлашган «Ҳизбуллоҳ» ерости қўмондонлик марказига берган авиазарбалари натижасида ҳалок бўлган эди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, гуруҳ қароргоҳидан фақат харобалар ва 30 метр чуқурликдаги улкан ўра қолган. Насруллоҳ 32 йил давомида Ливандаги ҳаракатга раҳбарлик қилган. У билан бирга яна бир қанча юқори мартабали жангчи қўмондонлар, шунингдек, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси «Ал-Қудс» бўлинмаси қўмондони ўринбосари ҳалок бўлди.
29 сентябр куни Reuters ва AFP агентликлари «Ҳизбуллоҳ»даги манбаларига таяниб, гуруҳ марҳум раҳбарининг жасади топилгани ҳақида хабар берди. Уларнинг сўзларига кўра, Насруллоҳнинг танасида очиқ жароҳатлар йўқ. Бу унинг портлаш тўлқини таъсиридан ўлиши мумкинлигини англатади.
Исроил Ливан жанубида «Ҳизбуллоҳ»га қарши операция бошлади
Исроил Ливан жанубидаги чегара ҳудудида «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи нишонларига қарши «чекланган, маҳаллийлаштирилган ва мақсадли рейдлар» бошлади. Бу ҳақда Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) 1 октябрга ўтар кечаси баёнот берди.
Баёнотда, Исроил ҳаво кучлари ва ЦАҲАЛ артиллерияси ҳудуддаги ҳарбий нишонларга «аниқ зарбалар» бериб, Исроил қуруқликдаги кучларини қўллаб-қувватлаётгани айтилади. «Шимол ўқлари» операцияси мавжуд вазиятни баҳолашга мувофиқ ва Ғазо сектори ва бошқа ҳудудлардаги жанглар билан параллел равишда давом этади, дея таъкидлайди ЦАҲАЛ.
Душанба куни кечқурун Al Arabiya ва Al Hadath телеканаллари Исроил танклари Рмейш қишлоғи ҳудудида жойлашгани ҳақида хабар беришди. Бундан олдин Исроилнинг зирҳли техникалари артиллерия ва авиация ниқоби остида Ливаннинг чегара ҳудудларига кириб келгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Бир неча соат олдин ЦАҲАЛ Исроил шимолида — Метула, Мисгав-Ам ва Кфар Гилади аҳоли пунктлари ҳудудида ёпиқ ҳарбий зона ташкил этилганини расман эълон қилди. Деярли бир вақтнинг ўзида Ливан армиясининг бўлинмалари мамлакат жанубидаги ўз позицияларини тарк этиб, беш километр ичкарига чекинишгани маълум бўлди.