Жамият | 18:41 / 01.10.2024
8383
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда балиқчилик учун рухсатнома олган шахс қум-шағал қазиб олиб, табиатга катта зарар етказди

Ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Сурхондарё вилояти прокуратурасига тақдим этилгани айтилмоқда. 

Фото: Экология вазирлиги

Сурхондарёда фуқаро қум хомашёсини ноқонуний равишда олиши оқибатида экологияга 1 млрд 50 млн 543 минг сўм зарар етказган. Бу ҳақда вилоят Экология бошқармаси хабар бермоқда

Маълум қилинишича, Сурхондарё вилояти Экология ҳамда Миллий гвардия бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор назорат тадбирлари давомида Ангор тумани Каттақум массиви ҳудудидан фуқаро Б.Ш. ноқонуний қум хомашёсини олиш ҳолати қайд этилган. 

Фуқаро Б.Ш. жорий йилда Сурхондарё вилояти давлат ўрмон хўжалигидан балиқчилик хўжалигини ташкил этиш мақсадида Ангор туманидаги Каттақум массиви ҳудудидан ижара асосида ер олган. 

У ўзига ажратилган ерда балиқчилик кўлини ташкил этиш ўрнига шартнома шартларини бузган ҳолда ноқонуний равишда қум хомашёсини қазиб олиш билан шуғулланиб келган. Ҳудудда маркшейдерлик ўлчови ўтказилганда 14 550,46 метр куб қум олингани қайд этилган. 

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ баҳоланганда фуқаро Б.Ш. томонидан ноқонуний тош-қум олиши натижасида табиатга келтирилган зарар 1 миллиард 50 миллион 543 минг сўмни ташкил қилган.        

Қайд этилишича, мазкур ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун Сурхондарё вилояти прокуратурасига тақдим этилган.

Мавзуга оид