Жаҳон | 01:17 / 02.10.2024
7144
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея КХДРнинг ер ости бункерларини ҳам яксон этишга қодир энг кучли ракетасини намойиш этди

Президент Юн Сук Ёл агар КХДР ядровий қуролдан фойдаланишга уринса, Жанубий Корея—АҚШ альянсининг кескин жавобига дуч келишидан огоҳлантирди.

Фото: Reuters

Жанубий Корея мамлакат Қуролли Кучлари кунини нишонлаш вақтида КХДРнинг ер ости бункерларини ҳам ишғол этишга қодир энг кучли баллистик ракеталарини намойиш этди, деб хабар беради Associated Press.

Қайд этилишича, Жанубий Корея президенти Юн Сук Ёл агар КХДР ядровий қуролдан фойдаланишга уринса, Жанубий Корея—АҚШ альянсининг кескин жавобига дуч келиши ва «ушбу кун Шимолий Корея режими учун охиргиси бўлишидан» огоҳлантирди.

Маросимда Жанубий Корея ҳарбийлари 340 га яқин ҳарбий техника ва қуролланиш тизимларини намойиш этган. Улар орасида 8 тоннали жанговар каллакни ташиб, ер қаърига кириб боришга ва КХДРнинг ер ости бункерларини яксон қилишга қодир Hyunmoo-5 баллистик ракетаси ҳам бор.

Нашрнинг эслатишича, сўнгги вақтларда Шимолий Кореянинг бомба дастури бўйича хавотирлар мамлакатдаги ядровий қурол учун мўлжалланган уранни бойитиш махфий объекти суратлари эълон қилинганидан кейин кучайган. 

Жанубий кореялик амалдорларнинг фикрича, КХДР АҚШдаги президентлик сайловлари арафаси синовлар ўтказиб, вазиятни янада кескинлаштиришга уринади. Экспертларнинг айтишича, Шимолий Корея афтидан, ядровий қурол-яроғни кенгайтириш мамлакатга АҚШ томонидан кўпроқ ёнбосишларга сабаб бўлади, деб ўйлайди.

Аввалроқ Жанубий Корея КХДР ядровий жанговар каллакларни ишлаб чиқаришга етарли плутоний ва уранга эканини маълум қилганди. Шу билан бирга, мамлакат разведкасининг таъкидлашича, Шимолий Корея еттинчи ядровий синовини 5 ноябрда — АҚШдаги президентлик сайловларидан кейин ўтказиши мумкин.

Мавзуга оид