Жаҳон | 21:40 / 02.10.2024
15018
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон Ўзбекистон туфайли гўшт экспортига вақтинчалик тақиқ жорий қилгани маълум бўлди

Ўзбекистонга ва ундан кейин Тожикистонга гўшт экспортининг сезиларли даражада ошгани ички бозорда нархларни кўтариб юборгани таъкидланмоқда.

Фото: Matthias Buehler

2024 йил сентябр ойида Қирғизистон бозорларида гўшт нархининг кескин кўтарилиши истеъмолчиларни ҳам, давлат идораларини ҳам хавотирга солди, деб хабар берди «Акчабар».

Қирғизистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мол гўшти нархи 2024 йил август-сентябр ойларида сезиларли даражада ошган. Август ойида мол гўштининг ўртача нархи бир килограмм учун 570,23 қирғиз сўми бўлган, сентябр ойида бу кўрсаткич 608,77 қирғиз сўмига етган.

Қирғизистон Монополияга қарши хизмати нархларнинг ошишига сентябр ойидаги тўй мавсуми ва озуқа етишмовчилиги сабаб бўлгани ҳақида хабар берган. Бироқ, кейинчалик Ўзбекистонга ва ундан кейин Тожикистонга гўшт экспортининг сезиларли даражада ошгани асосий омил бўлган.

«Ҳозир катта ҳажмдаги гўшт Ўзбекистонга, у орқали Тожикистонга кетмоқда. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бунга жавобан республикадан гўшт олиб чиқишни вақтинчалик тақиқлашни таклиф қилди», деди Монополияга қарши хизмат вакили Сирғак Оморов.

Таъкидланишича, ўтган ҳафтада гўшт экспортига қўйилган вақтинчалик тақиқ бекор қилинган. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Монополияга қарши хизматнинг биргаликдаги фаолияти туфайли нархлар пасайган.

«Энди нарх барқарорлашди, шунинг учун давлат томонидан тартибга солишни жорий қилишнинг ҳожати йўқ. Вазият ўзгарса, Иқтисодиёт вазирлигига тегишли таклиф киритамиз ва тегишли қарор қабул қилинади», дейилади хизмат хабарида.

Гўшт нархининг асоссиз ошиб кетишига дуч келган фуқароларга Монополияга қарши хизматнинг ҳудудий бўлинмаларига мурожаат қилиш тавсия этилмоқда.

Мавзуга оид