Ўзбекистон | 18:44 / 02.10.2024
29947
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистоннинг 4 та пансионати Ўзбекистонга берилди

Иссиқкўлдаги пансионатлар фаолияти тўғрисидаги халқаро шартнома Ўзбекистон президенти томонидан тасдиқланди.

Фото: w-sail.com

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари ўртасида Иссиқкўл вилоятида жойлашган курорт ва дам олиш масканлари тўғрисидаги битимни тасдиқлади. Бу ҳақдаги ҳужжат (.pdf) Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси сайтида эълон қилинди.

Ҳужжат кўл қирғоғида жойлашган рекреация зоналарига эгалик ҳуқуқини тартибга солиш, шунингдек, уларнинг кейинги фаолиятини таъминлаш учун мўлжалланган.

Рўйхатга «Марказий Осиёнинг олтин қумлари» (собиқ «Бостери»), «Роҳат-НБУ» (собиқ «Рахат»), «Дилором» (собиқ «Энесай»), шунингдек, қурилиши тугалланмаган «Бўстон» пансионатлари киритилган.

Қирғизистон ушбу объектларга эгалик ҳуқуқини Ўзбекистонга ўтказади. Ўзбекистон эса ушбу объектларга бўлган мулк ҳуқуқини амалга ошириш учун ваколатли ташкилотларни белгилайди.

«Тошкент механика заводи» акциядорлик жамиятига «Марказий Осиёнинг олтин қумлари» пансионати, Миллий Банкка «Роҳат-НБУ» уйи, «Асакабанк»га «Дилором» пансионати, «Ўзсаноатқурилишбанк»га «Бўстон» пансионатига нисбатан ваколат берилади.

Битим 2024 йил 18 июл куни Тошкент шаҳрида Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида имзоланган.

Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси ушбу келишувни 23 сентябрда тасдиқлаган.

Мавзуга оид