Жамият | 22:24 / 02.10.2024
15851
2 дақиқада ўқилади

Қоракўлда машина уриб кетиши оқибатида мактаб ўқувчиси ҳалок бўлди

Kun.uz манбасига кўра, ҳолат бугун эрта тонгда содир бўлган: икки ўқувчи қиз репетиторга кетаётганида уларни машина уриб юборган. Бухоро вилояти ИИБ ва ММТБ масъуллари негадир ҳолатни яширишга уринмоқда.

Фото: Getty Images

Мактаб ўқувчиларининг ўлими билан боғлиқ навбатдаги ЙТҲ Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида содир бўлди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар қилди.

Манбага кўра, ЙТҲ бугун эрта тонгда, соат тахминан 5:00–6:00лар атрофида содир бўлган. Туманнинг Тожикент маҳалласида яшовчи, ҳудуддаги 27-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчилари экани айтилаётган икки қиз репетиторга кетаётганида уларни машина уриб юборган. ЙТҲ оқибатида ўқувчи қизлардан бири вафот этган, иккинчиси тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган.

Ўқувчи қизлар Тожикент маҳалласидан эканини ушбу маҳалла раиси Kun.uz’га тасдиқлади.

Kun.uz ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Бухоро вилояти ИИБ ЙҲХБ матбуот хизмати раҳбари Улуғбек Шукуруллаев билан боғланди. Лекин у шахсий тадбирда эканини айтиб, сўровимизни жавобсиз қолдирди.

Бухоро вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати раҳбари ҳолатдан хабари йўқлигини, бошқарма масъуллари билан боғлана олмаганини маълум қилди.

Аввалроқ Бухоро вилояти Ромитан тумани ҳокими ёрдамчиси содир этган ЙТҲда 3-синф ўқувчиси ҳалок бўлганди.

Охирги ҳафталарда Қашқадарёнинг Қамаши туманидаги мактаб олдида 8-синф ўқувчиси, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги мактаб олдида эса 11 ёшли қиз ҳалок бўлди. Тошкент шаҳри Сергели туманида 9 ёшли қиз, Шайхонтоҳур туманида 19 ёшли қиз автоҳалокат қурбони бўлди.

Олий Мажлис Сенати маълумотларига кўра, 2024 йилнинг дастлабки беш ойи давомида 65 нафар ўқувчи автоҳалокатларда қурбон бўлган, 294 нафар ўқувчи эса турли даражада тан жароҳати олган.

Мавзуга оид