Жаҳон | 10:40 / 04.10.2024
3143
2 дақиқада ўқилади

БМТ Хавфсизлик кенгаши Гутерришни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди

Яқин Шарқдаги кескинлашув шароитида БМТ бош котиби ёки ташкилотнинг ўзи билан мулоқот қилишдан бош тортиш, Хавфсизлик кенгашининг журналистларга эълон қилган баёнотида таъкидланганидек, тескари самара беради.

Фото: Global Look Press/Luiz Rampelotto/EuropaNewswire

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Хавфсизлик кенгаши 3 октябр, пайшанба куни БМТ бош котиби Антониу Гутерришни Исроил персона нон грата деб эълон қилганидан кейин уни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди. «Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби ёки ташкилотнинг ўзи билан мулоқот қилишдан бош тортиш тўғрисидаги ҳар қандай қарор, айниқса, Яқин Шарқда кескинлик кучайиб бораётган бир шароитда самарасиздир», — дейилади Хавфсизлик кенгашининг 15 аъзоси журналистларга тарқатган баёнотида.

Ҳужжатда, шунингдек, барча мамлакатлар БМТ Бош ассамблеяси раиси билан самарали муносабатлар ўрнатиши, унинг фаолиятига, шунингдек, идораси фаолиятига путур етказадиган ҳар қандай ҳаракатлардан тийилишига алоҳида эътибор қаратилади. Исроил баёнотда очиқ тилга олинмаган.

БМТ бош котибига Исроилга кириш тақиқланди

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерриш Исроилда «персона нон грата» деб эълон қилинди ва мамлакатга кириши тақиқланди. Бу ҳақда Исроил ташқи ишлар вазири Исраэл Кац маълум қилди.

«Дунёдаги деярли ҳар бир давлат қилганидек, Эроннинг Исроилга қилган жирканч ҳужумини сўзсиз қоралай олмаса, Исроил тупроғига қадам қўйишга лойиқ эмас. У Исроилга қарши бош котиб, у террорчилар, зўравонлар ва қотилларни қўллаб-қувватлайди», деб Кац сўзларини келтирди Haaretz.

Кац сўзларига кўра, Гутерриш ҳалигача Ҳамаснинг 2023 йил 7 октябрда Исроилга уюштирган ҳужумини қораламаган ва уни террорчи ташкилот деб эълон қилишга уринмаган.

Мавзуга оид