Жаҳон | 15:57 / 07.10.2024
8288
2 дақиқада ўқилади

Тиббиёт бўйича Нобел мукофоти совриндорлари эълон қилинди

Америкалик олимлар Виктор Амброс ва Гери Равкан микроРНКни кашф қилгани учун бу йилги мукофот билан тақдирланди.

Физиология ва тиббиёт бўйича 2024 йилги Нобел мукофоти америкалик олимлар Виктор Амброс ва Гери Равканга берилди.

Олимлар “микроРНКни кашф қилгани ва генлар экспрессиясининг транскрипциядан кейинги бошқарувида уларнинг ролини ўргангани учун” Нобел билан тақдирланди.

Амброс ва Равкан ишларининг катта қисми молекуляр биология ва генетикага бағишланган. Улар 1993 йилда микроРНКни кашф этган. Уларнинг тадқиқотлари натижалари клонлаш ва секвенирлаш ривожланишига туртки бўлди, дейилади Нобел мукофоти сайтида.

МикроРНК — рибонуклеин кислотасининг қисқа молекулаларидан иборат алоҳида синф бўлиб, бошқа молекулалар қатори кўплаб генларнинг фаоллигини белгилайди. Кўп ҳолларда организмнинг у ёки бу ҳужайраларида маълум бир геннинг фаоллашиши айнан микроРНКга боғлиқ бўлади.

2023 йилда тиббиёт соҳасида Нобел мукофоти Каталин Карико ва Дрю Вайсманга “COVID-19 га қарши самарали мРНК-вакциналарни ишлаб чиқишга имкон берган нуклеин кислоталар асосларини модификация қилиш соҳасидаги кашфиётлари” учун топширилганди.

Физиология ва тиббиёт соҳасидаги мукофот совриндорларининг эълон қилиниши Нобел ҳафталигига старт берди. 8 октябрда физика, 9 октябрда кимё, 10 октябрда эса адабиёт бўйича Нобел мукофоти ғолибларининг номлари маълум бўлади.

11 октябр куни Ослода тинчлик мукофоти совриндори эълон қилинади, 14 октябрда эса иқтисодиёт бўйича мукофот ғолиби аниқланади.

Нобел мукофотининг ҳар бир категорияси учун 11 миллион швед кронаси тадқим этилади. Бу бир миллион доллардан бироз кўпроқ.