Жаҳон | 20:50 / 08.10.2024
5423
3 дақиқада ўқилади

Путин МДҲ саммитида: Россия учун Ҳамдўстлик мамлакатлари энг яқин дўст ва стратегик ҳамкор

8 октябр куни Кремлда Россия президенти Владимир Путин раислигида МДҲ аъзо давлатлари раҳбарлари кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди.

Фото: РИА Новости

«Аввало, МДҲ доирасидаги ўзаро ҳамкорлик Россия Федерацияси ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидламоқчиман», деди Россия раҳбари йиғилишни очар экан.

Унинг таъкидлашича, Россия учун Ҳамдўстлик мамлакатлари энг яқин қўшни, дўст ва стратегик шерикдир.

«Ва биз, табиийки, ҳамкорлигимизни ҳар томонлама мустаҳкамлаш тарафдоримиз, 2024 йилги Россия раислиги концепцияси ва у билан боғлиқ тадбирларнинг кенг кўламли режалари айнан шунга қаратилган», деб қўшимча қилди Путин.

Унинг сўзларига кўра, саммит кун тартибида иқтисодий мавзулар ва МДҲ ҳудудида савдо ва сармоявий ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболларига катта эътибор қаратилиши кутилмоқда.

Шу билан бирга, Путин иш самарали бўлишига, муҳокама анъанавий тарзда очиқ ва ишончли ўтишига умид билдирди.

Давлат раҳбарлари дастлаб кун тартибидаги масалаларни тор доирада муҳокама қилдилар, сўнгра мажлис делегациялар аъзолари иштирокида давом этди.

Раҳбарлар бир кун олдин мулоқот қилишни бошлади. 7 октябр куни Россия президентининг туғилган кунида МДҲ давлатлари раҳбарлари норасмий учрашувга йиғилди ва бу саммитга тайёргарлик кўришга айланди.

Саммитда Озарбойжон, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари иштирок этмоқда.

Аввалроқ Россия президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков саммит кун тартиби лойиҳаси ҳақида гапирган эди.

«Кун тартиби лойиҳасидан ўн тўртта масала ўрин олган. Давлат раҳбарлари жорий йилда Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорлик ривожини сарҳисоб қилиши ва 2025 йилга мўлжалланган асосий вазифаларни белгилаши кутилмоқда. Ва, албатта, уларда долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар, шунингдек, ташкилот ва унинг ижро этувчи тузилмалари, тармоқ органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қадамлар ва ҳоказолар муҳокама қилинади», деди Юрий Ушаков.

Ушаков сўзларига кўра, тор доирадаги учрашувда етакчилар учта масалани муҳокама қилади.

«Биринчиси, МДҲ доирасидаги ўзаро ҳамкорлик бўйича фикр алмашиш бўлиб, ушбу банд давлат раҳбарларининг турли масалалар бўйича ёпиқ муҳокамасини ўз ичига олади. Ҳар бир давлат раҳбари ҳар қандай манфаатли масалаларни кўтариши мумкин», деди Путиннинг ёрдамчиси.

Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, етакчилар келаси йил МДҲ раиси ваколатларини Тожикистонга ўтказиш масаласини ва навбатдаги саммитни 2025 йил октябр ойида Душанбеда ўтказиш таклифини муҳокама қилади.

Мавзуга оид