Жаҳон | 22:45 / 09.10.2024
6816
3 дақиқада ўқилади

«Цистерналар портлашни бошлайди». Қримдаги йирик нефт базасида бошланган ёнғинни 3 кундан бери ўчириб бўлмаяпти

Украина Қуролли кучлари ҳужумидан кейин Қримдаги энг йирик нефт базаларидан бирида ёнғин чиққан. Фавқулодда хизматлар вакилларининг сўзларига кўра, ҳозирда тўртта цистерна ёнмоқда.

Фото: ТАСС

Қримдаги энг йирик нефт базаларидан бирида Украина Қуролли кучлари ҳужумидан кейин келиб чиққан ёнғинни уч кундан бери ўчиришнинг имкони бўлмаяпти. Феодосиядаги терминалда юзага келган ёнғин 9 октябр ҳолатига кўра, 2,8 минг метр квадратни эгаллаб бўлган. Фавқулодда хизматлар вакилларининг сўзларига кўра, ҳозирда тўртта цистерна ёнмоқда.

«Аланганинг ҳар бирида 5 минг метр куб нефт маҳсулотлари бўлган иккита сиғимга ўтиш хавфи бор эди, ҳозирча бунинг олди олинди», — дейилади хабарда.

ФВВга кўра, айни вақтда аланга ўчоғини ўчириш, шунингдек, қўшни резервуарларни совитиш ишлари амалга оширилмоқда. Идора вакилларининг таъкидлашича, аҳолига ҳеч қандай таҳдид йўқ ва тезкор ҳолат «тўлиқ назорат остида».

9 октябр тонгида фавқулодда вазиятлар ҳудудидан 1129 киши эвакуация қилинган. Қрим раҳбари Сергей Аксенов аҳолини «саросимага берилмасликка» чақириб, вазият «федерал марказ назорати» остида эканини маълум қилди. Шунингдек, у ёнғин туфайли «мол-мулкидан айрилган» инсонларга тўлиқ компенсация тўланишини ваъда қилди.

Шаҳар аҳолисининг айтишича, 8 октябр куни соат 18:00 да яна портлаш овозлари эшитилган. Бундан бир неча соат олдин шаҳарликларнинг Telegram-чатларида ёнғин ҳудудидаги «бензин бочкалари ишиб кетган» ва «бир сутка ичида портлаш юз бериши» ҳақида ёзилган. Нефт терминали ҳудудида умумий сиғими 258 минг метр кубга етадиган 43 та цистерна мавжуд. Маҳаллий аҳолига кўра, 8 октябр куни уларнинг еттитаси ёнган.

Украина Қуролли кучлари (УҚК) Феодосиядаги нефт базасига 7 октябрда, Россия президенти Владимир Путиннинг туғилган кунида ҳужум қилди. Айрим маълумотларга кўра, зарбалар Американинг ATACMS ракеталари ёрдамида амалга оширилган. Шаҳар ҳукумати коммунал характердаги техноген фавқулодда вазият режимини жорий қилган.

УҚК Бош штаби нефт базасига берилган зарбаларни тасдиқлаб, у ердан «Россия Федерациясининг босқинчи армияси эҳтиёжларини қондириш мақсадида ҳам» фойдаланилганини билдирди.

Мавзуга оид