Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Америкалик олимлар душ ва тиш чўткасида юзлаб номаълум вирусларни аниқлади
Топилган вирусларнинг кўпчилиги илгари ҳеч қаерда қайд этилмаганди. Аммо тадқиқотчилар хавотирланишга ўрин йўқлигини таъкидламоқда.
АҚШнинг Шимоли-ғарбий университети ходимлари оддий ювиниш хоналардаги буюмларни ўрганиб, ҳайратга тушди. Тадқиқот давомида улар ажойиб биохилмахилликка дуч келган. Олимлар таъкидлашича, топилган вирусларнинг кўпчилиги илгари ҳеч қаерда қайд этилмаганди.
Аҳоли хонадонларида нам муҳитни хуш кўрадиган қандай микроблар яшашига қизиққан тадқиқотчилар душ жўмраги ва тиш чўткаларига эътибор қаратди. Мутахассислар бир қатор буюмлардаги организмларни таҳлил қилди. Университет баёнотида вируслар сони “жуда кўп” деб таърифланди — намуналарда 600 дан ортиқ бошқа жойда учрамайдиган вируслар аниқланди. Бироқ бу ҳақда ташвишланишга ҳожат йўқ.
Олимларнинг таъкидлашича, бу микроорганизмлар бактерияларни зарарлайди ва уларнинг ичида кўпаяди. Тадқиқотчиларга кўра, бундай бактериофаглардан антибиотикларга чидамли бўлган бактериал инфекцияларга қарши курашишда фойдаланиш мумкин.
Бундан ташқари, вируслар орасида микобактериофаглар ҳам учраган. Улар мохов, сил ва сурункали ўпка касалликларини келтириб чиқарувчи патогенларни зарарлайди. Олимлар ўз кашфиётлари билан хавфли касалликларга таъсир кўрсатишга умид қилмоқда.
Тадқиқот муаллифларининг ишонтиришича, ҳаммомлардаги биохилмахиллик одамларга таҳдид солмайди. Айрим қоидаларга риоя қилишнинг ўзи етарли. Масалан, жўмракни мунтазам равишда совун билан ювиш, шунингдек, тиш чўткаларини ўз вақтида янгилаш лозим. Бунда олимлар антимикроб тиш чўткаларидан фойдаланишни тавсия этмайди. Бундай танлов антибиотикларга чидамли янги бактерияларнинг пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.
Мавзуга оид
13:18 / 12.05.2025
Ўзбекистонда тадқиқотлар учун ялпи харажатлар 4,5 трлн сўмни ташкил этди
18:43 / 08.05.2025
Олимлар Ерда кислород қачон йўқ бўлиб кетишини аниқлади
21:26 / 08.04.2025
Олимлар ифлосланган ҳаво кексалар миясига зарар етказишини аниқлади
08:02 / 05.04.2025