Ўзбекистон | 16:34 / 11.10.2024
5637
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Ашхободда Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашув ўтказди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Ашхобод шаҳрига ташрифи доирасида Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан учрашув ўтказди.

Ўзбекистон  раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовни шоир ва мутафаккир Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишланган халқаро форум юксак даражада ўтказилгани билан самимий муборакбод этди.

Суҳбатда Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш, кўп қиррали ҳамкорликни, айниқса сиёсий, парламентлараро, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзаро товар айирбошлаш жадал ўсаётгани, биргаликда чегараолди савдо ҳудуди барпо этилаётгани, энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида ҳамкорлик кучайиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

Фаол ҳудудларлараро, ишбилармонлик ва маданий-гуманитар алмашинув доирасидаги тадбирлар мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда.

Ўзбекистон ва Туркманистон етакчилари минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.

Бўлажак олий даражадаги мулоқотлар режаси ҳам муҳокама қилинди.

Ўзбекистон раҳбари Туркман халқининг миллий етакчисига Махтумқулининг ўзбек тилида нашр этилган танланган асарлари тўпламини совға қилди.

Мавзуга оид