Жаҳон | 22:55 / 12.10.2024
5509
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон Омбудсамни мигрантлар ҳуқуқлари бузилаётгани сабабли Россия расмийларига мурожаат қилди

Умид Бобозода Россияда Тожикистон фуқаролари ҳуқуқлари поймол этилиши ҳолатларини эълон қилди ва бу муаммони ҳал қилишга чақирди.

Умид Бобозода Фото: ombudsman.tj

Тожикистондаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Умид Бобозода Россия Омбудсмани Татяна Москалковага меҳнат миграцияси масаласи бўйича мурожаат қилди. У Россияда Тожикистон фуқаролари ҳуқуқлари поймол этилиши ҳолатларини эълон қилди ва бу муаммони ҳал этишга чақирди.

Бобозода ўз мурожаатида Россияда меҳнат мигрантларига нисбатан қўпол муносабатда бўлиш ҳолатлари, жумладан «калтаклаш ва ҳақорат қилиш» ҳолатлари ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, Тожикистон фуқаролари кўпинча Россияга кираётганда бир неча кун давомида «ноқулай шароитларда» чегарада ушлаб турилмоқда.

«Шу муносабат билан Умид Бобозода россиялик ҳамкасби Татяна Москалковани Россия Федерацияси ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан Тожикистон фуқаролари ҳуқуқларига риоя этилишига кўмаклашиш, бундай ҳолатларни назоратга олиш ва текширишга чақирди», дейилади мурожаатда.

5 октябр куни Тожикистон бош вазири Коҳир Расулзода расмийлар Тожикистон фуқароларининг Россиядаги миграция текширувидан хавотирда эканини, россиялик иш берувчилар эса республикадан келган меҳнат мигрантларидан манфаатдор эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, «хавфсизлик ҳақидаги турли ноаниқ қоидалар баҳонасида» Тожикистон фуқароларининг Россияга кириши тақиқланмоқда, мамлакатдан чиқариб юборилмоқда ёки чегарада ушлаб турилмоқда.

10 октябр куни Россия Федерация кенгаши спикери Валентина Матвиенко Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан меҳнат миграцияси масалаларини муҳокама қилди. Унинг сўзларига кўра, музокаралар конструктив, шов-шув ва ҳиссиётларсиз ўтган. Россия бош вазири ўринбосари Марат Хуснуллин миграцияни назорат қилиш учун Россия ва Тожикистон вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузишни таклиф қилди.

Мавзуга оид