Спорт | 21:06 / 15.10.2024
22966
2 дақиқада ўқилади

ЖЧ-2026 саралаши. Ўзбекистон 10 киши қолган БААни пеналтидан киритилган гол эвазига мағлуб этди

ЖЧ-2026 ҳал қилувчи саралаш босқич 4-тури доирасида Ўзбекистон миллий жамоаси Бирлашган Араб Амирликларига қарши майдонга тушди.

Фото: UFA

ЖЧ-2026 саралаши. 4-тур
Ўзбекистон – БАА – 1:0

Ҳакам: Ма Нинг (Хитой)
Гол: Отабек Шукуров, 76 пеналтидан.
Ўзбекистон: 1.Ўткир Юсупов, 2.Абдуқодир Ҳусанов, 18.Абдулла Абдуллаев (17. Бобур Абдухолиқов, 70), 23.Ҳусниддин Алиқулов, 13.Шерзод Насруллаев, 19.Азизбек Турғунбоев (3. Ҳожиакбар Алижонов, 60), 7.Отабек Шукуров, 9.Одил Ҳамробеков, 10.Жалолиддин Машарипов, 22.Аббосбек Файзуллаев (20. Ҳожимат Эркинов, 89), 14.Элдор Шомуродов
БАА: 17. Ҳолид Эйса, 2. Абдулла Идрис, 8. Тахнун Ҳамдам, 9. Ҳариб Абдулла, 10. Яҳё Али, 11.  Кайо Канедо, 12. Халифа Муборак, 13. Муҳаммад Умар, 14. Абдулла Ҳамад, 16. Маркус Винисиус, 19. Холид Иброҳим
Четлатиш: Абдулла Ҳамад, 66 (БАА).

Тошкентда 30 мингдан ортиқ томошабин қаршисида ўтган учрашувнинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмаган бўлса, 66-дақиқада меҳмонлар вакили Абдулла Ҳамад майдондан четлатилди. Шундан сўнг майдон эгаларининг ҳужумлари хавфли кўриниш ола бошлади. 70-дақиқада Бобур Абдухолиқов захирадан майдонга тушгач, пеналти ишлади. 11 метрлик нуқтага дастлаб Машарипов яқинлашган бўлса, якунда зарбани Отабек Шукуров йўллаб, стадионни ларзага келтирди – 1:0.

Якунда ушбу натижа ўзгармади ва бош мураббий Сречко Катанецсиз тўп сурган Ўзбекистон миллий жамоаси муҳим ғалабага эришди. Бу БАА устидан Тошкентда қўлга киритилган илк ғалабага айланди.

Гуруҳнинг қолган учрашувларида Қирғизистон КХДРни (1:0), Эрон Қатарни (4:1) мағлуб этди.

4-турдан кейин Эрон ва Ўзбекистон 10 тадан очко тўплаган ҳолда гуруҳ жадвалида қўшҳокимлик қилмоқда.

Ўзбекистон кейинги турларни Қатар (14 ноябр) ва КХДРга (19 ноябр) қарши сафарда ўтказади.

Мавзуга оид