Фан-техника | 23:57 / 18.10.2024
3094
2 дақиқада ўқилади

АҚШда Tesla’нинг 2,4 миллионта машинаси текширувдан ўтказилади

Америка Йўлларда хавфсиз ҳаракатни таъминлаш миллий бошқармаси автоном бошқарув дастурий таъминоти билан жиҳозланган Tesla автомобилларини текширишни бошлайди.

Фото: Reuters

АҚШ Йўлларда хавфсиз ҳаракатни таъминлаш миллий бошқармаси (NHTSA) автоном бошқарув дастурий таъминот билан жиҳозланган 2,4 миллионта Tesla автомобилини текширишни бошлайди. Reutersʼнинг ёзишича, бу бир фуқаронинг ўлимига сабаб бўлган тўртта ЙТҲдан кейин бошланган.

Маълумотларга кўра, қуйидаги моделларни текшириш бошланади: 2016-2024 йиллар давомида ишлаб чиқариглан Tesla S ва Х, 2017-2024 йиллардаги Tesla 3 модели, шунингдек, 2020-2024 йилларда ишлаб чиқарилган Tesla Y ҳамда Cybertruck электропикаплари.

Таъкидланишича, NHTSA текширувлари натижаси бўйича ушбу транспорт воситалари чақириб олиниши мумкин. Текширувлар Tesla автомобилларидан бири автоном бошқарув вақтида пиёдани уриб юбориб, унинг ўлимига сабабчи бўлганидан кейин бошланган.

Июн ойида эса Tesla хавфсизлик камарини тақишдаги огоҳлантириш тизимида кузатилган носозлик сабаб АҚШда 125 мингдан зиёд автомобилини чақириб олиши маълум бўлганди. Апрелда эса Tesla 4 мингга яқин Cybertruck электромобилларини чақириб олиши айтилган эди. Ушбу машиналарнинг газ тепкиси детали алмаштирилиши керак.

Октябрда бўлса Tesla АҚШ бозорида стандарт қувват захирасига эга Model 3 электромобиллари савдосини тўхтатганди. Яқин вақтга қадар электр седан компания сайти орқали 38 минг 990 доллардан сотилаётган эди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид