Жаҳон | 11:10 / 18.10.2024
1279
2 дақиқада ўқилади

Давлат думасида релокантлар мулкини хатловга олиш таклиф қилинди

Россия Федерацияси Давлат думасига чет элда Россиянинг «манфаатларига зид» ҳаракатлар содир этган россияликларнинг мулкини мусодара қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси киритилди.

Фото: AP

Татаристон Республикаси Давлат кенгаши Россия Федерацияси Давлат думасига Россиядан ташқарида «унинг манфаатларига қарши» фаолият юритаётган россияликларнинг мол-мулкини мусодара қилишга рухсат берувчи қонун лойиҳасини тақдим этди. 17 октябр, пайшанба куни Давлат думаси сайтида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар матни эълон қилинди.

Тушунтириш хатида ташаббус муаллифлари амалдаги қонунчилик мухолиф позициядаги релокантларни Россия Федерациясидан ташқарида фаолият юритса, маъмурий жавобгарликка тортилишига йўл қўймаслигини таъкидладилар. Шу билан бирга, Украинада кенг кўламли уруш бошланганидан сўнг, рус эмигрантлари кўпроқ «Россиянинг ҳудудий яхлитлиги ва конституциявий тузумининг асосларини бузишга чақириқлар билан боғлиқ оммавий ҳаракатларни амалга ошира бошладилар». Янги тузатишларнинг мақсади — бундай ҳаракатларни «тўхтатиш», деди Татаристон депутатлари.

Давлат думаси исён учун умрбод қамоқ жазосини биринчи ўқишда маъқуллади

Давлат думаси қуролли исёнда қатнашганлик учун жазони кучайтирувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Ҳужжат 15 октябр куни унинг сайтида эълон қилинди.

Вазирлар маҳкамаси Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 279-моддасига ўзгартириш киритишни таклиф қилмоқда.

Қонун лойиҳасига кўра, Россия конституциявий тузумини ағдариш ёки мажбуран ўзгартириш ёхуд ҳудудий яхлитлигини бузиш мақсадида исён уюштирганлик ёки унга раҳбарлик қилганлик учун 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилган.

Иштирок этиш 12 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Агар исён жиддий оқибатларга, жумладан ўлимга олиб келган бўлса, жазо 500 минг рублдан 1 миллион рублгача жарима билан 15 йилдан 20 йилгача қамоқни ташкил қилиши мумкин. Умрбод қамоқ жазоси ҳам назарда тутилган.

Мавзуга оид