Тошкентда ҳарбийлар ўртасида дзюдо бўйича жаҳон чемпионати ўтказилди
Ўзбекистон илк бор ўтказилган йирик халқаро мусобақада 400 га яқин ҳарбий спортчилар ва делегациялар қатнашди. Унда Ўзбекистон аёллар жамоаси 1-ўринни, эркаклар жамоаси эса 2-ўринни қўлга киритди.
16-18 октябр кунлари Тошкентда илк бор ҳарбийлар ўртасида дзюдо бўйича 42-жаҳон чемпионати бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти Kun.uzʼга хабар берди.
Ўзбекистонда илк бор ташкил қилинган йирик мусобақа – Мудофаа вазирлиги, спорт, маданият ва ташқи ишлар вазирликлари ҳамда Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон дзюдо федерацияси ҳамкорлигида ўтказилди. Унда 30 та мамлакатдан 400 га яқин ҳарбий спортчилар ва делегациялар қатнашди.
Якуний натижаларга кўра, Ўзбекистон аёллар жамоаси 1-ўринни, эркаклар жамоаси эса 2-ўринни қўлга киритди. Якуний натижалар қуйидагича кўриниш олди:
Аёллар ўртасида:
- Ўзбекистон жамоаси — 1-ўрин;
- Франция жамоаси — 2-ўрин;
- Италия ва Мўғулистон жамоалари — 3-ўрин.
Эркаклар ўртасида:
- Мўғулистон жамоаси — 1-ўрин;
- Ўзбекистон жамоаси — 2-ўрин;
- Эрон ва Қозоғистон жамоалари — 3-ўрин.
Медаллар тўплами бўйича:
- Ўзбекистон жамоаси — 1-ўрин;
- Франция жамоаси — 2-ўрин;
- Мўғулистон жамоаси — 3-ўрин.