«Арсенал» кутилмаганда ютқазди, «Реал»га Мбаппенинг шедеври ва Модричнинг даҳоси ёрдам берди. Кун ўйинлари
Шанба куни Европа футболида рўй берган асосий воқеалар, ўйинлардаги голлар ва турнир жадвалларидаги вазият.
Англия: «МЮ» ва «Астон Вилла»да камбэклар
«Манчестер Юнайтед» – «Брентфорд» - 2:1
Голлар: 0:1 – 45+5 Пиннок, 1:1 – 47 Гарначо, 2:1 – 62 Ҳойлунд.
«Манчестер Юнайтед» – Онана, Мартинес, Эванс, де Лигт, Диогу Далот, Каземиро (Угарте, 88), Эриксен, Гарначо, Бруну Фернандеш, Рэшфорд, Ҳойлунд (Зиркзе, 74).
«Брентфорд» – Флеккен, Айер, Пиннок, Коллинз, ван дер Берг (Роэрслев, 87), Янелт (Ярмолюк, 75), Нергор, Мбемо, Дамсгор, Люис-Поттер (Висса, 66), Шаде (Карвалю, 74).
«Брентфорд» — илк дақиқаларни даҳшатли бошлаши билан ажралиб турадиган жамоа. «Асаларилар» қаторасига уч турда биринчи дақиқадаёқ ҳисобни очишди, тўртинчи ўйинда эса иккинчи дақиқада гол уришди. Кўпчилик қаторасига бешинчи турда ҳам «Брентфорд»дан тезкор гол кутганди, аммо «Олд Траффорд»дагилар бунга йўл қўйишмади. Ҳолбуки ўйин айнан меҳмонларнинг ҳужумлари билан бошланганди, кейин эса мезбонлар ташаббусни ўз қўлига олишди. «МЮ» ҳужум чизиғида доимгидек Гарначо ўз фаоллиги билан ажралиб турди, унинг яқин масофага йўллаган зарбасини Флеккен қайтарди.
34-дақиқада «МЮ»да пеналтига тенг вазият бўлганди. Эриксен дарвоза қаршисига тўп билан чиқиб борди ва унга ҳеч ким жиддий қаршилик кўрсатмаётганди. Бундай позициядан туриб гол ура олмаслик гол уришдан қийинроқдек кўринганди, аммо даниялик яримҳимоячининг зарбасидан кейин тўп дарвоза тўсини юқорисидан ўтиб кетди.
Биринчи бўлимда уникал эпизод юзага келди. Де Лиҳт боши билан рақиб футболчисининг тиззасига зарба берган ҳолда фол ишлатди. Бош ва тизза тўқнашган бундай ҳолатларнинг 99 фоизида бош билан ўйнаган футболчи фойдасига қарор чиқарилади. Аммо бу ҳолатда акси кузатилди — ҳимоячи рақиб ҳужумини тўхтатиш учун ҳаракат қилганди. Бу ҳолатда ҳимоячининг боши ёрилди, аммо у ўйинни давом эттиришга қарор қилди.
Бу дарҳол бўлмаса-да, ўйинга таъсир кўрсатмай қолмади. «Брентфорд» илк дақиқаларда гол урмаган бўлса ҳам, бўлимнинг охирги дақиқаларида ҳисобни очди. Танаффус арафасида де Лиҳтнинг боши яна қонга беланган ҳолатда эди ва ҳакам регламентга кўра нидерландиялик футболчи тиббий ёрдам учун майдонни тарк этиши кераклигини кўрсатди. Айнан шу паллада «Брентфорд» бурчак зарбасидан кейин ҳисобни очди. Пиннок Далот таъқибидан қочиб кетиб, бош билан зарба йўллади, бу ҳолатда Онанада имкон йўқ эди.
🚨🎥 - De Ligt’s reaction to Brentford’s goal after the referee forced him off the pitch
— Frank🧠🇳🇱 (fan) (@TenHagEra) October 19, 2024
We’ve been missing players with this passion/attitude for YEARS.. pic.twitter.com/JGvTr72AUV
«МЮ» иккинчи бўлим бошида тезкор гол билан жавоб қайтарди. Бу сафар Гарначо ҳаводаги тўпга тўхтатмай зарба бериб, «Брентфорд» дарвозабонини ожиз қолдирди. Аргентиналик футболчига «Юнайтед»даги 20-голини уришда Рэшфорд ассистентлик қилди. Шундан кейин мезбонлар ўйинини чинакамига кучайтиришди. Иккинчи бўлим аввалидаги 20 дақиқаликда зарбалар бўйича ҳисоб — 7:0.
62-дақиқада эса «МЮ» футболчилари шедевр ижро этишди. Аввалига тен Ҳаг шогирдлари рақиб жарима майдони томонда прессинг қилиш эвазига тўп тепиб юборишга мажбур қилишди, кейин эса дарҳол тўпни эгаллаб, ҳужум уюштирилди. Бу ҳужум якунида Бруну томони билан жарима майдони ичкарисига пас берди ва Ҳойлунд дарвозабон билан яккама-якка ҳолатдан унумли фойдаланди.
Ўйинда бурилиш ясаган мезбонлар мухлисларини хурсанд қилишда давом этишди. Онана рақиб жарима майдони яқинидаги Далотга тўпни етказиб бериб, голли узатма муаллифига айланиши ҳам мумкин эди. Аммо дарвозабон билан яккама-якка ҳолатга чиқиб борган португалиялик ҳимоячи уни алдай олмади. Умуман олганда, «МЮ» иккинчи бўлимда рақибга имкон қолдирмади ва сентябр ўрталаридан буён илк бор ғалабага эришди.
«Фулҳэм» – «Астон Вилла» 1:3
Голлар: 1:0 – 5 Хименес, 1:1 – 9 Роджерс, 1:2 – 59 Уоткинс, 1:3 – 69, автогол Диоп.
«Фулҳэм» – Лено, Робинсон, Басси, Андерсен, Тете, Берге (Уилсон, 80), Перейра (Диоп, 68), Смит-Роу (Кэрни, 80), Ивоби, Траоре (Нелсон, 68), Ҳименес.
«Астон Вилла» – Мартинес, Дин, Пау Торрес, Диего Карлос, Кэш, Тилеманс, Онана (Баркли, 75), Рэмзи (Буэндиа, 83), Бэйли (Филоджин-Байдейс, 61), Роджерс (Макгинн, 83), Уоткинс (Дуран, 75).
Четлатиш: Андерсен (64).
«Астон Вилла» кучли тўртликда қолишда давом этмоқда, дарвозабон Ленонинг узатмасидан кейин Ҳименес тезкор гол уриши бирмингҳэмликларга салбий таъсир кўрсатмади. Ўйиндаги кейинги воқеалар «Фулҳэм» учун омадсизлик оқимига айланди. Барчаси Роджерснинг жавоб голи билан бошланди, бу вазиятда рикошет дарвозабонни иложсиз аҳволда қолдирди. Кейин эса Андреас Перейра пеналтидан гол уролмади. Эмилиано Мартинес у тепган тўпни осонлик билан эгаллаб олди.
59-дақиқадан эса «дачаликлар» учун даҳшатли ўн дақиқалик бошланди. Тилеманс кетма-кет икки бор бурчакдан тўп узатди, иккинчи уринишда Уоткинс қайтариб бермас зарба йўллади. Бир неча дақиқа ўтиб мезбонлар ҳимоячиси Андерсен қизил карточка олди. Ҳимоя чизиғидаги тешикни ёпиш учун майдонга Диоп туширилди, аммо у янада ёмонроқ ўйнаб, Диннинг қанотдан берган узатмасини ўз жамоаси дарвозасига киритиб юборди. Унаи Эмери жамоаси қарийб икки ойдан буён ютқазмаяпти — август ойи ўрталарида «Арсенал»га ўз уйида ютқазганидан бери (0:2).
«Борнмут» – «Арсенал» 2:0
Голлар: 1:0 – 70 Кристи, 2:0 – 79, пеналти Клюйверт.
«Борнмут» – Аррисабалага, Керкез, Сенеси, Забарний, Араухо (Смит, 46), Кук, Скотт (Клюйверт, 63), Семенио, Таверне (Кристи, 63), Уаттара (Синистерра, 63), Эванилсон (Унал, 82).
«Арсенал» – Райя, Калафиори, Габриэл, Салиба, Уайт, Райс, Парти, Троссар (Мартинелли, 64), Мерино (Нванери, 81), Стерлинг (Кивер, 37), Ҳавертц.
Огоҳлантиришлар: Семенио (63), Уайт (68).
Четлатиш: Салиба (30).
Кўринишидан — «Арсенал»нинг «Борнмут»дан мағлубияти катта сенсация. Аммо мазмунан қаралса, барчаси етарлича мантиқий экани кўринади. Эдегор ва Сака каби асосий етакчиларисиз ўйнашга мажбур бўлган «канонирлар» 30-дақиқада камчилик бўлиб қолганидан кейин олдинги чизиқда ҳеч нарса қила олмади. Эванилсон тўхтатилганида арбитр аввалига сариқ карточка кўрсатганди, аммо VAR хонасидаги ҳакамлар ишорасидан кейин Салибанинг ҳаракатини — «сўнгги умид фоли» деб топди.
Француз ҳимоячиси учун бу топ-5 лигалардаги 157 ўйиндаги илк қизил бўлса, Микел Артета жамоаси жорий мавсумнинг 8 турида учта қизил карточка олишга улгурди. Бу олдинги икки мавсумдагидан (2) кўпроқ ва бу ўйинларнинг барчасида очко йўқотилган.
Кўпчилик бўлиб қолганидан кейин мезбонлар рақибни ўз услубида жазолади ва бурчак жарима зарбасидан ҳисобни очди. Тўп яқин устун томон етказиб берилди ва бу ерда турган Клюйверт бир тегинишда тўпни орқадан югуриб келган Кристининг йўлига ташлаб берди ва у кучли зарба билан ҳисобни очди.
Иккинчи бўлимда майдонга туширилган нидерландиялик ҳужумчи кўп ўтмай пеналтини ҳам аниқ ижро этиб, ўйин масаласини ҳал қилди. Эътиборли жиҳати, бу эпизодда жамоа бир киши кам бўлиб қолгач, Стерлинг ўрнига туширилган Кивёр ҳам ортга пас беришда хато қилди ва яккама-якка вазиятга чиқиб борган Эванилсон дарвозабон томонидан тўхтатилди. Артета дарҳол Кивёрни майдондан олиб жазолади, полшалик ҳимоячи катта эҳтимол билан қишки трансферлар ойнаси вақтида жамоани тарк этади.
«Арсенал» 2024 йил бошидан буён чемпионатнинг сафар ўйинларида илк бор ютқазди, қолаверса, бу мавсумда йўқотилган очколар сони еттитага етди. Бу эса ҳозирча ютқазмаётган «Манчестер Сити» учун ажойиб совға дейиш мумкин.
Испания: Мадрид буюк рекорд арафасида
«Селта» – «Реал» 1:2
Голлар: 0:1 – 20 Мбаппе, 1:1 – 51 Сведберг, 1:2 – 66 Винисиус Жуниор.
«Селта» – Гуаита, Алонсо, Старфелт, Манкило (Хави Родригес, 72), Алварес, Сотело, Белтран (Родригес, 87), Мингеса, Сведберг (Гонсалес, 72), Иглесиас (Дувикас, 78), Бамба (Дуран, 78).
«Реал» – Куртуа, Рюдигер, Тчуамени, Милитао, Винисиус Жуниор, Беллингҳем, Фран Гарсия (Менди, 70), Камавинга (Родриго, 63), Валверде (Модрич, 63), Васкес, Мбаппе (Себалйос, 82).
Ватанида Мбаппени шубҳали сабаб билан миллий жамоа ўйинига боришдан бош тортишда айблашмоқда, чунки унинг жароҳати «Реал» сафида ўйнаш ва Швецияга таътилга бориб келишга халақит бермади. Ўз навбатида, Скандинав турнесидан кейин уни жинсий зўравонликда айблашмоқда, аммо Килиан асаблари темирдан эканини кўрсатмоқда. Вигода у тўпни рақибдан олиб қўйган Камавинганинг узатмасидан кейин бир ҳаракат билан тўпни ўзига бўйсундирди ва иккинчи ҳаракатда тўпни дарвозанинг юқори бурчагига жойлади. Бу ҳақиқий шедевр ва маҳорат ҳамда совуққонлик намойиши бўлди, ҳисоб 0:0 эканида бирга-бир вазиятдан фойдалана олмаган Сведбергга шу жиҳат етишмаганди.
Иккинчи бўлимда ушбу швециялик ҳужумчи ўз айбини ювди, Мингеса меҳмонлар мудофаасидаги бўшлиқни ўз вақтида кўриб, ўша жой орқали шеригини голли пас билан таъминлади.
Аммо ҳимоядаги хатони мадридликлар ҳужум чизиғи вакиллари савияси ҳисобига ёпиб кетди. Тажрибали Модрич миллий жамоаси сафида икки ўйин ўтказиб келгани туфайли захирадан майдонга тушди ва яна бир бор барчасини ҳал қилди, у ажойиб пас билан жароҳатдан тикланаётган Винисиус Жуниорни қулай вазиятга чиқариб юборди. 39 ёшу 40 кунлик бўлган Лука шу оқшом «Реал» тарихидаги энг кекса футболчига айланди.
Лекин ўйиннинг қолган қисмида Куртуа ҳам ўзини кўрсатишига тўғри келди. Ла лигадаги 200-ўйинини ўтказган Карло Анчелотти эса Родригога дам беришга қарор қилганди (у захирадан тушди), шу туфайли «Реал» схемаси ўтган мавсумдаги каби яримҳимоячилар квартети ва форвардлар жуфтлигини ҳосил қилди. Аммо бу барчаси идеал эканини билдирмасди. Ҳимоя чизиғи қўшимча дақиқаларда ҳам хато қилишда давом этди ва фақат Дувикас қулай позициядан туриб яхши зарба бера олмагани жамоа жонига ора кирди. Мавсумдаги илк класикогача «Реал» созламаларни ўзгартириши керак, акс ҳолда «Барселона» 43 учрашувдан иборат мағлубиятсиз серия қайд этиб, рекорд ўрнатишга йўл қўймаслиги мумкин.
Италия: «Милан» ва «Юве»да қийин ғалабалар
«Милан» – «Удинезе» 1:0
Голлар: 1:0 – 13 Чуквуэзе
«Милан» – Менян, Павлович, Тиав, Эмерсон, Терраччано, Рейндерс, Фофана, Окафор (Муса, 46), Пулишич, Чуквуэзе (Томори, 88), Мората (Абраҳам, 73).
«Удинезе» – Окойе, Туре, Бийол, Кабаселе, Земура, Эҳизибуэ (Камара, 61), Саррага (Эккеленкамп, 69), Карлстрем (Бреннер, 81), Ловрич (Пайеро, 70), Браво (Дэвис, 60), Лукка.
Четлатиш: Рейндерс (29).
«Милан» учун шанба кунги ўйин чиройли бошланганди — с Окафор бошлаган комбинацияни Пулишич давом эттирди ва Чуквуэзе гол билан якунлади. Кристиан қаторасига етти ўйинда голли ҳаракат билан топ-5 лигаларда бунга эришган илк америкалик бўлди. Аммо кейин мезбонлар учун синовли дақиқалар бошланди, Рейндерс «сўнгги умид фоли» учун майдондан четлатилгач, миланликлар ғалабали ҳисобни ушлаб қолиш учун қаҳрамонлик кўрсатиши талаб этилди. Шу билан бирга, «россонерилар» жароҳат туфайли Абраҳамдан ҳам айрилишди. Ўйин охири ўта асабий кечди, қўшимча дақиқаларда «Удинезе» дарвозани ишғол этди ва арбитр монитор қаршисида «зебралар» футболчиси офсайдда бўлганини аниқлаши учун бир неча дақиқа кетди.
«Ювентус» – «Лацио» 1:0
Гол: 1:0 – 85, автогол Ҳила.
Ювентус – Ди Грегорио, Кабал, Калулу, Гатти (Данило, 73), Савона (Веа, 54), Дуглас Луис, Локателли (Фаджоли, 54), Тюрам (Аджич, 72), Йилдиз, Влаҳович, Камбиязо.
«Лацио» – Проведел, Нуну Тавареш (Пеллегрини, 78), Романиоли, Ҳила, Марушич, Ровелла, Гендузи (Весино, 67), Дзаккани (Кастровилли, 67), Диа (Габаррон, 27), Исаксен (Педро, 67), Кастелянос.
Четлатиш: Романиоли (24).
«Лацио» ҳам биринчи бўлимдаёқ камчилик бўлиб қолди, Романиоли бўлим ўрталарида «Ювентус» марказий ҳимоячиси Калулу дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб кетаётганида уни қўполлик билан тўхтатишдан бошқа чора тополмади. Аммо туринликлар анча вақтгача сондаги устунликдан фойдалана олишмади ва биринчи бўлимда йўлланган зарбаларнинг бирортаси дарвоза соҳасига тўғри бормади. Танаффусдан кейин ҳам Влаҳович ва Дуглас Луиз ўз зарбалари билан бу статистикани ўзгартира олмади. Сербиялик ҳужумчининг бир неча метр масофада туриб йўллаган зарбасидан кейин тўп тўсинга тегди, бразилиялик яримҳимоячи эса Веанинг узатмасидан кейин бош билан йўллаган тўп устундан бир неча сантиметр наридан ўтиб кетди. Охир-оқибат, рақиб ўзи ёрдам бериши талаб этилди — Кабалнинг қанотдан узатмасидан кейин Ҳила ўз жамоаси дарвозасини ишғол этиб қўйди. Тиагу Мотта жамоаси очколар сони бўйича «Наполи» билан тенглашди, аммо қўшимча кўрсаткичлар туфайли ҳозирда иккинчи ўринда жойлашган. Якшанба куни неаполитанликлар ва «Интер» жавоб юришини амалга оширади.
Германия: «Байер» яна характер кўрсатди, Кейн ҳет-трикларни қалаштирмоқда
«Байер» – «Айнтрахт» Ф 2:1
Голлар: 0:1 – 16, пеналти Мармуш, 1:1 – 25 Андрих, 2:1 – 71 Бонифасе.
«Байер» – Градецки, Инкапиэ, Та, Тапсоба, Терье (Виртц, 64), Адли (Алеиш Гарсия, 64), Грималдо, Фримпонг (Телла, 80), Чака, Андрих, Бонифасе (Шик, 80).
«Айнтрахт» Ф – Трапп, Нкунку (Узун, 82), Теате, Кох, Кристенсен, Гетце (Баойя, 71), Ларссон (Дауд, 79), Тута (Схири, 79), Дина-Эбимбе (Шаиби, 71), Мармуш, Экитик.
Огоҳлантиришлар: Тута (28), Грималдо (67), Инкапиэ (70).
«Байер» бир ўқ билан икки қуённи уриб, тўртинчи ўринга кўтарилди. Жума куни ўз ўйинида ғалаба қозонган «Боруссия» Дортмунд ҳамда ўзаро ўйинда мағлуб этилган «Айнтрахт» ортда қолдирилди. Лекин ўтган турда «Бавария» билан дурангга (3:3) эришган «бургутлар» илҳомланган, Мармуш эса шунчаки ажойиб формада. Леверкузенликлар тўпурари Бонифасе пеналтидан фойдалана олмади, мисрлик ҳужумчи эса 11 метрлик жарима зарбасини бенуқсон ижро этди.
Мавсумнинг асосий тўпурари қаторасига олтинчи ўйинда майдонни голсиз тарк этмаяпти, клуб рекорди учун унга яна битта аниқ зарба керак. Аммо бу гол франкфуртликлар учун ягоналигича қолди, Андриҳ биринчи бўлимнинг ўзида Терре билан комбинациядан кейин ҳисобни тенглаштирди, Бонифасе эса иккинчи бўлимда айбини ювди ва Ҳаби Алонсо жамоасига муҳим ғалаба келтирди.
«Майнц» – РБ «Лейпциг» 0:2
Голлар: 0:1 – 20 Симонс, 0:2 – 37 Орбан.
«Майнц» – Центнер, Ляйтш (Видмер, 87), Йенц, да Кошта, Ли Жэ Сон (Вайпер, 74), Зиб (Небел, 59), Мвене, Амири, Сано, Каси (Видович, 87), Буркардт.
РБ «Лейпциг» – Гулачи, Лукеба, Орбан, Клостерманн, Шешко (Хенрихс, 74), Симонс, Нуса (Баумгартнер, 74), Айдара (Кампл, 56), Вермерен (Элмаз, 74), Гертрюйда, Опенда (Поульсен, 84).
Огоҳлантиришлар: Айдара (53), Вермерен (60), Элмаз (89), Небел (90+1).
«Бавария» – «Штутгарт» 4:0
Голлар: 1:0 – 57 Кейн, 2:0 – 60 Кейн, 3:0 – 80 Кейн, 4:0 – 89 Коман.
«Бавария» – Нойер, Дэвис, Ким Мин Жэ, Упамекано (Горетцка, 82), Геррейру (Лаймер, 68), Павлович (Палиня, 8), Киммиҳ, Олисе (Сане, 68), Гнабри (Коман, 68), Мюллер, Кейн.
«Штутгарт» – Нюбел, Ҳендрикс (Миттелштедт, 66), Шабо, Руо, Вагноман (Чейз, 86), Штиллер, Каразор, Ридер, Левелинг (Волтемаде, 74), Ундав (Туре, 74), Демирович (Мийо, 66).
Огоҳлантиришлар: Ундав (53), Левелинг (69).
Кечқурун эса биринчи ўрин учун сиртқи баҳс бошланди, ўз ўйинини эртароқ ўтказган «Лейпциг» ғалаба қозониб, пешқадамликни ўз қўлига олди. «Ҳўкизлар» жамоаси қаторасига учинчи ғалабага эришди, Майнцдаги ўйин тақдирини танаффусгача урилган икки гол ҳал қилди. Улардан биринчиси мезбонлар дарвозабони учун максимал даражада шармандали кўриниш олди, чунки жарима майдонига ёриб кирган Симонснинг зарбасидан кейин тўп дарвозабон оёқлари орасидан ўтган ҳолда дарвоза тўрига бориб тушди. Меҳмонлар сардори Орбан эса одатдагидек стандарт вазиятда ўзини кўрсатиб, қайтган тўпга биринчи бўлиб улгурди.
«Бавария» эса «Штутгарт»га қарши ўйиннинг биринчи бўлимида қийналди, бу ўйин мюнхенликлар учун Павловичнинг жароҳати билан бошланди. 9-дақиқадаёқ унинг ўрнига Жоау Палиняни туширишга тўғри келди. Аммо меҳмонларга бу ёрдам бермади, иккинчи бўлимда Кейн катта саҳнага чиқди. 10 зарба билан ўзи учун рекорд ўрнатган инглиз ҳужумчиси юбиляр Киммиҳнинг узатмасидан кейин яқин бурчакни аниқ нишонга олиб ҳисобни очди. Германиялик ҳимоячи шу куни «Бавария» сафидаги 400-ўйинида майдонга тушганди. Ҳаррининг иккинчи голи — қатъият ва техника уйғунлиги бўлди. Биринчи зарбаси тўсилганидан кейин ҳам у ҳавода тўп учун курашиб устун келди ва уни барибир дарвозага йўллади. Ҳет-трикни эса оддий ҳолатда амалга оширди, бу вазиятда тўп ҳимоячи орқали Кейннинг оёқлари остига келиб тушганди. Бу унинг учун бундеслигадаги олтинчи ҳет-трик бўлди, АПЛдаги фаолиятидаги жами учталик голлари саккизта бўлганди.
Франция: «ПСЖ»да янги тўлқин
«ПСЖ» – «Страсбур» 4:2
Голлар: 1:0 – 18 Маюлу, 2:0 – 47 Асенсио, 2:1 – 58 Мара, 3:1 – 66 Барколя, 4:1 – 90 Ли Кан Ин, 4:2 – 90+2 Дионг.
«ПСЖ» – Доннарумма, Бералдо, Пачо, Шкриняр, Заир-Эмери, Жоау Невеш, Витиня, Меюлю (Фабиан Руис, 67), Барколя (Мбайе, 82), Асенсио (Ли Кан Ин, 58), Дуэ.
«Страсбур» – Петрович, Сарр, Силла, Сеная (Соу, 46), Диегу Морейра, Сантос, Мванга (Лемарешал, 75), Нанаси (Дионг, 87), Диарра, Баква (Уаттара, 80), Эмега (Мара, 46).
«Монако» «Лилл» билан голсиз дуранг қайд этгач, «ПСЖ» очколар тенг ҳолида қўшимча кўрсаткичлар ҳисобига биринчи ўринга кўтарилиб олиш имкониятини қўлдан бой бермади. Жамоа яқин вақтлар ичида шартномасини 2027 йилгача узайтириши кутилаётган Луис Энрикега ажойиб совға тайёрлаганди. Париж клубидагилар мураббий жорий этган тизимга ишонишини кўрсатмоқда. Бу тизимда Санни Маюлу каби янги юлдузлар етиши чиқмоқда.
Май ойида 18 ёшга тўлган ушбу яримҳимоячи ўтган мавсум якунларига кўра «ПСЖ»нинг энг яхши тарбияланувчиси деб топилганди. Шанба оқшомида эса у Барколянинг нозик узатмасидан кейин тўпни яқин бурчакка михлаб, асосий жамоадаги илк голини нишонлади. Барколя ҳам иккинчи бўлимда ўз номини таблога ёздириб қўйди, у мавсум стартидаги саккиз ўйинда етти бор рақиб дарвозабонларни ранжитган. XXI асрда бундай оралиқда фақат икки француз — Бензема ва Жиняк ундан кўпроқ (8) гол уришган. Парижликлар бу мавсумда «Парк де Пренс»даги дастлабки тўрт ўйинда камида учтадан гол урди, бунақаси 2018 йилдан буён кузатилмаганди.
Кун статистикаси
- «Тоттенҳэм» ўтган мавсум бошидан буён рақиб ҳисобни очган ўйинларда 8 бор ғалабага эришди. Бу мазкур давр оралиғида Англиядаги исталган клуб бу борада эришган натижадан икки баробар яхшироқ.
- «Галатасарой» ҳужумчиси Осимҳенга Туркия чемпионатида голли ҳаракат қайд этиши (3+2) учун ўртача 47 дақиқа етарли бўлмоқда.
- 98-дақиқа — «Лестер» ғалаба голини урган энг кеч дақиқа бўлди, жамоа ўз тарихида илк бор икки тўп фарқи билан ортда борган ўйинида «Саутҳемптон» устидан зафар қучди (3:2).
- «Брайтон» ҳужумчиси Уэлбек АПЛдаги самарали очколари сонини 100 (72+28) тага етказди.
- «Жирона» ҳужумчиси Стуани ла лигада 300-ўйинини ўтказди. У Годин (368) ва Дамиан Суарес (324)дан кейин бу натижани қайд этган учинчи уругвайлик футболчи.
- НЕК ҳимоячиси Нейтинк Нидерландия чемпионатида 4444 куник танаффусдан кейин яна гол урди, у бу орада 10 мавсумни Белгия ва Италияда ўтказди.
Мавзуга оид
13:34 / 11.11.2024
«Барса» ўйинида можароли қарор, Шомуродов яна мураббийсиз қолди. Кун ўйинлари
15:52 / 10.11.2024
«Арсенал»да ҳам инқироз. Бунинг сабаблари нимада?
11:13 / 10.11.2024
«Сити» инқирозда, «Ливерпул» олдинлаб кетди. Кун ўйинлари
10:01 / 10.11.2024