Жаҳон | 12:40 / 21.10.2024
2211
2 дақиқада ўқилади

АҚШ фирмасининг РФдаги иши: Конгресс санкцияларга чақирди

Американинг SLB нефт-сервис компанияси Россия Федерациясига миллионлаб долларлик импортни давом эттирмоқда ва Россиядаги бизнесини кенгайтирмоқда. АҚШ Конгресси санкцияларни кучайтиришга чақирди.

Фото: Vincent Isore/IP3press/IMAGO

АҚШ Конгрессидаги Демократик ва Республикачилар партиялари аъзолари Жо Байден маъмуриятини нефт ва газ саноати соҳасида Россияга қарши санкцияларни кучайтиришга чақирди, чунки амалдаги қоидалар, хусусан, Американинг йирик SLB компаниясига Россия Федерациясида фаолиятини давом эттиришга имкон беради. Бу ҳақда 20 октябр, якшанба куни Financial Times (FT) Конгресснинг 50 дан ортиқ аъзоси имзолаган хатга таяниб хабар берди. Мактуб АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва молия вазири Жанет Йелленга юборилган.

Парламент аъзолари илгари Schlumberger номи билан машҳур бўлган SLB нефт-сервис компанияси 2023 йилнинг августидан декабригача Россия Федерациясига 17,5 миллион долларлик асбоб-ускуналарни қандай олиб кирган бўлиши мумкинлигини тушунтиришни талаб қилишди. «Биз сизни Украина иттифоқчиларини қўллаб-қувватлашда давом этишингизни сўраймиз», — дейилади Конгресс мактубида.

Учинчи мамлакатлар орқали импорт ва РФда бизнесни кенгайтириш

2023 йил июл ойида SLB Россияга «дунёдаги барча SLB корхоналаридан» маҳсулот ва технологияларни етказиб беришни тўхтатганини эълон қилди, лекин аслида етказиб беришни Россияга йўналтирди, дея таъкидлайди FT. Хусусан, нашрнинг ёзишича, Хитой орқали Россия Федерациясига 13 миллион долларлик SLB маҳсулотлари етиб келган.

SLB'нинг Россиядаги бизнеси ҳам кенгайишда давом этди. 2023 йил декабридан бугунги кунгача Америка компанияси Россия веб-сайтларида 1300 дан ортиқ бўш иш ўринларини жойлаштирган, дея таъкидлайди FT.

Мавзуга оид