Ўзбекистон | 19:31 / 21.10.2024
3274
2 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёева UNFPA’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари билан учрашув ўтказди

Учрашув давомида томонлар бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонига қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган давлат дастури мавзусини муҳокама қилди.

Фото: Telegram/Saida Mirziyoyeva

Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева бугун, 21 октябр куни UNFPA’нинг (БМТ Аҳолишунослик жамғармаси) Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Нигина Абасзаде билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда у ўзининг Telegramʼдаги каналига ёзиб қолдирди.

Қайд этилишича, мулоқот давомида асосий эътибор таълим, соғлиқни сақлаш ва инсон капиталини ривожлантириш масалаларига қаратилган.

«Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонига қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган давлат дастури, шунингдек, оналар ва болалар ўлими мавзусини кенг муҳокама қилдик. UNFPA томони ушбу соҳаларда мамлакатимизга экспертлик кўмаги ва техник ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди», — деб ёзади Саида Мирзиёева.

Аввалроқ Саида Мирзиёева Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги маркази ходимларини табриклаганди. «Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратони профилактикаси ҳамда уни даволаш бўйича янги давлат дастури доирасида аёлларни скрининг текширувидан ўтказиш ва қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштирамиз», — деган эди президент ёрдамчиси.

Мавзуга оид