“Ўзимиз ўзбек тилини яхши билмаймиз” – фаоллар давлат тили мавқейи ҳақида нима дейди?
Ҳозирги кунда ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони 60 миллиондан ошди, хорижий давлатлардаги 50 дан ортиқ олий ўқув юртида ўзбек тили ўргатилмоқда. Бироқ Ўзбекистонда давлат тили мавқейи, унинг обрўси ҳақида фақат бир сана — 21 октябр куни гапирилади. Kun.uz нега давлат тили фақат бир кун эсланадиган ҳолатга келганини таҳлил қилиш учун жамоатчилик фаолларига микрофон тутди.
Ўзбекистон мустақиллигига 33 йил, ўзбек тилининг давлат тилига айланганига эса 35 йил тўлди. Лекин она тилининг мавқейи учун ҳали фахрланадиган натижаларга эришганимиз йўқ. Жамиятда ўзбек тили эмас, ўзга тилларда гапирганларга маданиятли ва зиёли деб қараш кайфияти давом этмоқда.
ЎзЖОКУ ректори Шерзодхон Қудратхўжа ўзбек тили олдида қарзларимиз кўплигини, узоқ йиллар она тилимиз қоронғи хонада тақиқлар ичида қолганини таъкидлайди. “Ўзбек тилининг илмий ривожланиши учун асосларни кесиб ташлашди, бошқа ажнабий тилларга устуворлик берилди”, — дейди ректор.
Журналист Гулноза Ҳусанова ўзбек бўла туриб ҳар бир гапига иккита хорижий сўзларни қўшиб гапирувчилардан ғашим келишини айтади:
“Ўзбек тилини онага қиёслаб, она тили деймиз. Мен бир неча хорижий тилларни биладиган одамларни ҳурмат қиламан. Лекин ўзбек бўла туриб ҳар бир гапига иккита хорижий сўзларни қўшиб гапирувчилардан ғашим келади. Журналист бўлганим учун кўп парвоз қиламан, лекин ҳар сафар русча талаффуз билан ўзбек тилида сўзловчи борт кузатувчиларидан жаҳлим чиқади. Наҳотки, ўзбек бўла туриб, икки оғиз гапни эплаб гапиролмайди. Нега авиакомпания бундай ходимларни ишга олишдан аввал уларнинг ўзбек тилидаги саводхонлигини текширмайди?”, — дейди журналист.
Экология вазири маслаҳатчиси Расул Кушербоев “Совет иттифоқидан қолган кампаниябозлик ҳалиям давом этмоқда, тил ҳақида 21 октябр тил байрамида гапирамиз”, — дея таъкидлайди. Унинг қўшимча қилишича, одамларнинг ўзбек тилига рус тилидаги сўзларни қўшиб гапириши – узоқ йиллик мустамлакачилик сиёсати оқибати.
“Лекин давлат тилини билмаслик, қонун-ҳужжатларда, расмий иш юритишда ўзбек тилининг чекланиши – қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат. Ҳаттоки, қонунлар икки тилда қабул қилинган ва асосий манба сифатида рус тилидаги вариантга қаралган. Рус тилидаги қонун биринчи тайёрланган ва кейин ўзбек тилига таржима қилинган. Қандайдир тушунмовчилик бўлса, рус тилида тўғриланган ва кейин она тилимизга кўчирилган. Депутатлик вақтимда бу ҳолат менинг жуда жаҳлимни чиқарарди. Бизда юқори даражадаги раҳбарлар рус тилида мулоқот қилгани учун шундай қабул қилинарди ва халқ иродаси инобатга олинмаган. Масалан, бир қонунни ўзгартирганмиз. Ўзбек тилидаги версияси тўғри, лекин рус тилидагисининг бир сўзи хато кетиб қолган экан. Шунинг учун алоҳида қонун қабул қилинган”, — дейди Кушербаев.
Гулноза Ҳусанова фикрича, тил бу сиёсий тушунча. Миллатнинг бирлиги ва борлиги тилнинг аҳамияти ва мавқейи билан ҳам ўлчанади. Шерзодхон Қудратхўжа эса давлатнинг зодагон элитаси ўзбек тилида гапириши лозимлигини қўшимча қилди. Бундан ташқари ректор шаҳар кўчаларидаги эълонларнинг ўзга тилларда экани, овқатланиш шохобчаларида ўзбек тилида эмас, асосан чет тилида таомномалар бўлиши, турли хизмат кўрсатиш компанияларининг ходимлари давлат тилида гапиришни истамаслигини жиддий танқид қилди.
Фаоллар билан суҳбатни тўлиқ шаклда Kun.uz'нинг YouTube саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.
Мавзуга оид
14:33 / 21.11.2024
Нега ўзбек ота-оналари боласини рус синфларига беради?
17:58 / 21.10.2024
“Тил – ҳар қандай халқ учун ўта ҳассос ва таъсирчан масала” — Шавкат Мирзиёев
12:48 / 21.10.2024
“700 га яқин умумий овқатланиш корхоналарининг 75 фоизида таомнома ўзбек тилида эмас” – Рақобат қўмитаси
20:34 / 31.08.2024