Жаҳон | 19:32 / 23.10.2024
1779
2 дақиқада ўқилади

АҚШда McDonaldʼs чизбургерларидан ўнлаб инсонлар заҳарланди. Бир киши вафот этди

Заҳарланганларнинг аксарияти McDonaldʼs тезпишар егуликлар тармоғидаги Quarter Pounder бургерини истеъмол қилганликларини билдирган.

Фото: AP

АҚШнинг 10 та ғарбий штатида ичак инфекцияси (E. coli O157:H7) билан заҳарланиш бўйича камида 49 та ҳолат қайд этилди. Бу ҳақда Касалликлар назорати ва профилактикаси маркази CDC) хабар берди.

Қайд этилишича, заҳарланган фуқаролардан бири — кекса эркак вафот этган. Яна тўққиз киши, жумладан, гемолитик-уремик синдроми бор бола шифохонага ётқизилган.

Заҳарланганларнинг аксарияти McDonaldʼs тезпишар егуликлар тармоғидаги Quarter Pounder бургерини истеъмол қилганликларини билдирган. Тергов давомида McDonaldʼs қатор штатларда тўғралган пиёз ва мол гўштидан тайёрланган котлетлардан фойдаланишни тўхтатиб туради. CDC’нинг аниқлик киритишича, тергов «тез силжимоқда», заҳарланиш айнан тўғралган пиёз сабаб келиб чиққан бўлиши мумкин.

Таъкидланишича, ошқозонда қаттиқ оғриқ пайдо бўлиши, диарея ва қайд қилиш, бу — заҳарланишнинг асосий белгиларидир. Одатда касаллик белгилари бактериялар организмга тушганидан 3-4 кун ўтиб пайдо бўлади ва ҳеч қандай даволашларсиз ҳам 5-7 кунда ўтиб кетади.

McDonaldʼs терговнинг дастлабки хулосасига таяниб, сифатсиз пиёз «учта тақсимлаш марказларига хизмат кўрсатган битта етказиб берувчи» билан боғлиқ эканини маълум қилди. Quarter Pounder чизбургери заҳарланиш ҳолатлари аниқланган штатларда менюдан олиб ташланган.

CNBC’нинг қайд этишича, мазкур янгиликдан кейин McDonaldʼs акциялари биржадан ташқари савдоларда тахминан 7 фоизга тушиб кетган.

Мавзуга оид