Жаҳон | 21:56 / 23.10.2024
4493
2 дақиқада ўқилади

Boeing сунъий йўлдоши космосда парчаланиб кетди

Ушбу сунъий йўлдош Европа, Африка ва Осиёнинг бир қисми учун кенг полосали алоқани, жумладан, интернет ҳамда телефон алоқасини таъминлаб келган.

Фото: iStock

Intelsat провайдери фойдаланиб келган Boeing компанияси томонидан ишлаб чиқарилган сунъий йўлдош кутилмаганда геостационар орбитада парчаланиб кетди. Расмий маълумотга кўра, аппарат «буткул яксон бўлган».

Сунъий йўлдошнинг парчаланишига нима сабаб бўлгани ҳозирча аниқ эмас. АҚШ Космик кучлари «аппаратнинг 20 га яқин қолдиқларини кузатмоқда» — улар бевосита ҳеч қандай таҳдид уйғотмаяпти. Шу билан бирга, космик маконни кузатиш билан шуғулланувчи ExoAnalytic Solutions компанияси сунъий йўлдошнинг 57 та бўлагини кузатаётганини маълум қилган.

Мутахассислар ҳозирча сунъий йўлдош парчаланишининг аниқ сабабини аниқламаган бўлса-да, мазкур ҳодиса сунъий йўлдошларнинг ишлаш муддати чекланганини, шунингдек, доимий равишда орбитадаги фойдали объектлар билан космик чиқиндилар тўқнашуви хавфи борлигини яна бир бор эслатиб қўйди. Орбитал картография билан шуғулланувчи LeoLabs компанияси тадқиқотчилари октябр бошида космик чиқиндилар билан тўқнашув муқаррарлигидан огоҳлантирган эди.

Оғирлиги 6600 килограмм, ўлчами эса минивендек келадиган сунъий йўлдош Boeing Space Systems компанияси томонидан яратилган ва 2016 йилда учирилган эди. У Европа, Африка ва Осиёнинг бир қисми учун кенг полосали алоқани, жумладан, интернет ҳамда телефон алоқасини таъминлаб келган.

IS-33e номли мазкур аппарат Boeing томонидан EpicNG платформаси доирасида учирилган иккинчи сунъий йўлдош эди. Биринчиси — IS-29e бўлиб, ёнилғи сизиб чиқиши оқибатида ишдан чиққанди. Intelsat компанияси мазкур сунъий йўлдошдан буткул айрилганини 2019 йил апрелда эълон қилган, кейинроқ эса буни микрометеорит урилиши ёки қуёш фаоллиги билан изоҳлаган эди.

Аммо IS-33e’нинг парчаланишига нима сабаб бўлгани номаълум. Intelsat вакилларининг таъкидлашича, сунъий йўлдош учирилганига саккиз йил тўлганидан кейин у кўпроқ ёнилғи сарфлашни бошлаган.

Мавзуга оид