Жаҳон | 19:44 / 25.10.2024
6663
4 дақиқада ўқилади

Россия Марказий банки асосий ставкани 21 фоизгача оширди. Бу рекорд кўрсаткич

Асосий ставканинг тарихий даражада баландлаши мамлакатда нарх-наволар ошиши фонида рўй бермоқда. “Инфляция босими жорий йил бошидан бери ўзининг максимал даражасига яқинлашди”, дейилади регулятор баёнотида.

Фото: Андрей Гордеев / Ведомости

Россия Марказий банки асосий ставкани бирданига икки фоиз пунктга оширишга қарор қилди: энди у 21 фоизни ташкил қилади. Бу ҳақда 25 октябр куни регуляторнинг расмий сайтида чоп этилган пресс-релизда айтилади. Шундай қилиб қайта молиялаш ставкаси Россия тарихидаги янги рекорд даражани қайд этди.

“Инфляция Россия банкининг июл ойидаги прогнозидан сезиларли даражада юқори. Инфляцион кутилмалар ҳам ўсишда давом этяпти. Ички талабнинг ўсиши товар ва хизматларни етказиб беришни кенгайтириш имкониятларидан сезиларли даражада ошиб кетди”, – дейилади Россия Марказий банки баёнотида.

Бундан олдинги рекорд 2022 йил 28 февралда ўрнатилганди. Ўшанда Россия Марказий банки Украинага босқиннинг бошлангани ортидан рубл курсининг кескин пасайиши сабабли ставкани 20 фоизгача кўтарганди.

Кейинчалик рубл курсининг барқарорлашиши билан асосий ставка ҳам 7,5 фоизгача пасайди ва кетма-кет 10 ой, 2022 йил сентябридан 2023 йил июлигача шу даражада сақлаб қолинди.

Ўтган йилнинг ёзидан бошлаб пул-кредит сиёсатининг қаттиқлаштирилиши ортидан асосий ставка ҳам 16 фоизгача кўтарилди. Бу 2023 йил декабридан 2024 йил июл ойи охиригача сақланиб қолинди. Кейин 2024 йил июл ойида 18 фоизгача, сентябрда 19 фоизгача кўтарилди.

2013 йил 14 октябрдан 2024 йил 25 октябргача Россия Марказий банки асосий ставкасининг ўзгариши

Нега рекорд янгиланди?

BBC'нинг иқтисодий шарҳловчиси Олга Шамина шарҳи:

— Россия Марказий банки бир неча ойдан бери инфляцияга қарши курашяпти, бироқ бу кутилганидек муваффақиятли бўлмади. Энди асосий ставка 2022 йил баҳоридаги даражадан ҳам юқорига кўтарилди. Россия Украинага ҳужум қилганда, одамлар ваҳима ичида доллар ва евро сотиб олишни кўпайтирди, шунингдек, дўконлардан озиқ-овқат сотиб олиш ошди.

Бир қарашда, ҳозирги вазият тинчроқдай кўринади. Фақатгина баъзи маҳсулотларнинг нархи жуда қимматлаб кетгани ҳақида алоҳида ҳикоялар мавжуд. Масалан, Екатеринбургдаги дўконларда сариёғни ўғирлаб кетмасликлари учун уни пластик идишларда сақлай бошлашди.

Сентябр ойида Россияда инфляция 8,6 фоизни ташкил этиб, август ойига нисбатан бироз секинлашди, лекин прогнозларга нисбатан юқорилигича қолди. Ҳафталик инфляция маълумотлари нархларнинг ўсиши аста-секин пасаяётганини кўрсатади.

Аммо бу секинлашувни жиддий омил деб ҳисоблаш қийин. Ҳозир бозорга сабзавот ва меваларнинг янги ҳосили кириб келди. Айнан мавсумийлик омили натижасида инфляция секинлашади. Агар бу бўлмаганида, Марказий банк маълумотларига кўра, ўтган ойда инфляция 9,8 фоизни ташкил қилган бўларди.

“Инфляция босими жорий йил бошидан бери ўзининг максимал даражасига яқинлашди”, дейилади регулятор баёнотида.

Талаб таклифни кенгайтириш имкониятидан ошиб кетмоқда ва инфляция ҳолати прогноздан ҳам ёмонроқ. Инфляциянинг тез суръатлар билан ўсиши аҳоли даромадларининг бир қисмини “еб қўймоқда”, юқори ставкалар эса кредит олишни қийинлаштиради. Натижада аҳолининг харид қилиш имконияти камаяди.

Пайшанба куни Давлат Думаси биринчи ўқишда бюджетномани тасдиқлади. Бу кенг кўламли харажатлар, жумладан, уруш харажатларини ҳам ўз ичига олган. Ушбу рекорд миқдордаги харажатлар нархларнинг ўсиш суръатларини янада ошириши мумкин. Марказий банк ўз баёнотида янги бюджетни “инфляция тарафдори” деб атаган.

Бундан ташқари, янги бюджетни ишлаб чиқишда расмийлар рублнинг заифлашишини ҳам прогноз қилган. Бу ҳам инфляцияни қўллаб-қувватловчи омил, шунинг учун импорт товарлари тобора қимматлашиб боряпти.

Марказий банк ихтиёрида инфляцияга таъсир қилиш учун фақат битта тутқич мавжуд. Бу – асосий ставка. У қандай ишлайди? Биринчидан, асосий ставканинг юқорилиги банк кредитларини жуда қиммат қилади, корхоналар ва уй хўжаликлари уларни олмайди ва талаб камаяди. Иккинчидан, депозит ставкалари ҳам ошиб боряпти. Айрим тоифа одамлари пул сарфлашдан кўра депозитга қўйишни афзал кўра бошлашади.

Мавзуга оид