Жаҳон | 14:30 / 25.10.2024
1470
2 дақиқада ўқилади

TUSAŞ бош директори: Туркия мудофаа саноати ривожига ҳеч қандай ҳужум тўсқинлик қилолмайди

Меҳмет Демирўғли Анқарадаги объектда содир этилган теракт оқибатида инсонларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди ва жабрланганларга тезроқ соғайиб кетишини тилади.

Фото: AP

Ҳеч бир ҳужум Туркиянинг ҳал қилувчи мавқейига ва мамлакатнинг ички мудофаа саноати ривожланишига тўсқинлик қила олмайди. Бу ҳақда Туркия авиация ва космик саноати компанияси (TUSAŞ) бош директори Меҳмет Демирўғли Анқарадаги иншоотга уюштирилган ҳужумни изоҳлар экан айтиб ўтди.

TUSAŞ бош директори Анқарадаги муассасада содир этилган теракт оқибатида инсонларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди ва жабрланганларга тезроқ соғайиб кетишини тилади.

«Анқаранинг Қаҳраманказан туманидаги кампусимизга уюштирилган террор ҳужумини қаттиқ қоралайман», — деб ёзди Демирўғли ижтимоий тармоқда.

«Ҳеч қандай ҳужум мамлакатимизнинг ҳал қилувчи мавқейи ва миллий мудофаа саноати ривожига тўсқинлик қила олмайди. Биз бу каби хуружларга қарши бирдамлик ва ҳамжиҳатликда туриб, юртимиз келажаги учун бор кучимиз билан ишлашда давом этамиз», деди у.

Аввалроқ Туркия ички ишлар вазири Али Йерликая Туркиянинг TUSAŞ аэрокосмик компанияси объектида содир этилган теракт оқибатида 5 киши ҳалок бўлгани, яна 22 киши жароҳатланганини маълум қилганди.

Мавзуга оид